Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Демократик давлат ва фуқаролик жамиятини сайловларсиз барпо этиб бўлмайди

Кейинги йилларда сайлов қонунчилиги ва амалиёти Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг узвий таркибий қисмига айланди.

Президентимизнинг 2010 йил 12 ноябрдаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Консепсияси” сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг мазмун ва моҳиятан янги босқичини бошлаб берди.

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил этади. Демак, улар юртимизда кечаётган муҳим ўзгариш ва ислоҳотларнинг бевосита иштирокчиси ҳамдир. Шундан келиб чиқиб, мухбиримиз муҳим жараёнлардан бири — сайлов жараёни хусусида ёш авлод вакиллари билан суҳбат ташкил этди.

Фарҳод ҲАЙИТБОЕВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Маркази Таълим бўлими мудири, юридик фанлар номзоди:

— Мустақиллик йилларида ёшларга доир давлатимиз сиёсатининг бир қатор ҳуқуқий асослари яратилди. Хусусан, мамлакатимизда ёшлар сиёсати Конститусиямиз, шунингдек, ёшлар манфаатларига дахлдор бўлган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий муносабатларни тартибга соладиган бошқа қонун ҳужжатларига асосланади.

Маълумки, демократик жамиятни шакллантиришнинг талабларидан бири — бу кўппартиявийлик асосида демократик сайловлар ўтказишдир. Сайловлар жамиятнинг демократик қиёфасини кўрсатиш билан бирга, муайян халқ¬нинг хуқуқий онгу тафаккурини намоён этадиган муҳим сиёсий воқеадир. Сайлаш ёки сайланиш оддий ҳол эмас. Бу имкониятлар замирида мустақил Ватанимиз тақдири, унинг порлоқ келажаги турганлигини ҳис этиш ҳар биримизнинг, айниқса, ёш¬ларнинг келажакка нечоғлик масъул эканлигини англатади.

Истиқлол йилларида ўтказиб келинаётган сайловлар халқимиз онгида катта ўзгаришлар ясади, унга муносабатни ўзгартирди. Ушбу даврда муайян даражада тажриба тўпланди. Фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат шароитида сайловлар фақат демократиянинг белгиси ва кўриниши бўлмасдан, шу билан бирга унинг зарурий шарти ҳамдир.

Юртимизда сайлов қо¬нунчилиги бой миллий қадриятлар ва давлатчилик анъаналари асосида сайловга оид халқаро ҳуқуқ¬нинг умумеътироф этилган тамойиллари ва ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларини инобатга олган ҳолда яратилган бўлиб, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги эркин иштирокини кафолатлайди.

Бинобарин, сайловнинг аҳамияти шундаки, — унинг натижасида фақат олий қонунчилик ва вакиллик органлари, давлат бошлиғи сайланибгина қолмай, балки жамият аъзоларининг хоҳиш-иродаси, кайфияти, давлат сиёсатига нисбатан муносабати аниқланади. Бунда конститусиявий тарзда ўрнатилган ва тараққиётнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланган фикрлар хилма-хиллиги яққол намоён бўлади. Шу жиҳатдан олганда, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини сайловларсиз барпо этиш мумкин эмас.

Искандар ХУДОЙҚУЛОВ,
Тошкент юридик коллежи ўқитувчиси:

— Ҳозирги кунда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётининг барча жабҳалари қатори демократик сайлов тизимини шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида ҳам юртимизда тинчлик-хотиржамлик, сиёсий барқарорлик, ижтимоий тотувлик, иқтисодий тараққиёт, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ кенг қамровли ислоҳот ва модернизасиялаш жараёнлари давом эттирилмоқда.

Конститусиямизнинг 117-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади”, деб белгилаб қўйилган.

Дарҳақиқат, сайловлар Конститусиямиз ва сайлов қонунчилиги талаблари ҳамда халқаро меъёр ва қоидаларга тўлиқ амал қилган ҳолда очиқлик ва сиёсий бағрикенглик шароитида ўтказиб келинмоқда. Бу эса мамлакатимиз демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан дадил қадамлар билан илгари бораётганлигини англатади.

Тўраназар АЛЛАНАЗАРОВ,
ТДЮУ ҳузуридаги академик лицейнинг “Ҳуқуқ ва махсус фанлар кафедраси” ўқитувчиси:

— Демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда сайлов жараёнларининг аҳамияти беқиёсдир. Ҳар бир давлат сайловларнинг адолатли ва холисона ўтишига алоҳида эътибор қаратади ва сайлов жараёнларининг мазмунига кўра, сайловларга баҳо беради.

Сайловлар жараёнини адолатли ташкил этиш сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатимизда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш борасида бир қатор ютуқлар қўлга киритилди.
Биринчидан, сайлов жараёнини умумэътироф этилган халқаро принсип ва нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган икки палатали парламент сайлов тизими жорий қилинди ва унинг мукаммал қонунчилик базаси яратилди.

Иккинчидан, сайловнинг фақат кўппартиявийлик асосида ўтказилишига эришилди ва қонун билан белгилаб қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ва қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши белгилаб қўйилди.

Ойбек ҒАНИЕВ,
ТДЮУ магистранти:

— Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги баъзи мамлакатлар қонунчилигидан ўзига хос қатор хусусият ва афзалликлари билан ажралиб туради, жумладан, мазкур ҳуқуқий тизим халқимизнинг анъанавий қадриятлари ва менталитетини акс эттиради. Айрим давлатлар, хусусан, Буюк Британия, Италия, Франсияда Марказий сайлов комиссияси вазифасини ички ишлар вазирлиги, Миср, Покистон ва Руминияда эса суд органлари амалга оширади. Бельгия сайловларида қатнашиш мажбурий бўлиб, қатнашмаганлик учун жавобгарлик, қолаверса, сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этиш чоралари белгиланган. АҚШ ва бир қатор бошқа мамлакатларда эса сайловлар кўп поғонали, яъни билвосита амалга оширилади ва сайловчилар бевосита Президентни эмас, балки давлат раҳбарини сайлаш ҳуқуқи бериладиган шахсларни сайлайди.

Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсияси” сайлов қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Шу асосда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар сайлов жараёнларини янада либераллаштириш, унинг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин ва мустақил билдириши учун мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш имконини бераётир.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўтказилаётган сайловлар моҳиятини ёшларга кенг тушунтириш муҳим аҳамиятга эга. ОАВда миллий сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти, сайловни ўтказиш тартиби атрофлича тавсифлаб берилиши, сайлов комиссияларининг иши чуқур ва моҳиятан изчил ёритилиши лозим. Шунингдек, кўп йиллик анъанага асосан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, халқ таълими, ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармалари вакиллари, олим ва мутахассислар, жамоат ташкилотлари ва ёшлар томонидан ташкил этилган махсус тарғибот гуруҳлари республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида ёшлар билан учрашувлар ўтказиши мақсадга мувофиқдир. Тадбирларда ёшларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хусусан, сайлов ҳуқуқи мутахассислар томонидан батафсил баён этилади. Мазкур учрашув натижасида қатнашчилар сайлов тамойиллари, сайлов жараёнида ёшларнинг иштироки, сайлов куни овоз бериш шакли ва тартиби ҳамда сайлов жараёнининг бошқа жиҳатлари тўғрисидаги кўплаб саволларига жавоб олиш имконига эга бўладилар.

Мадина ҲАМДАМОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири
“Инсон ва қонун” газетаси
№27 (919) 2014 йил 15 июль

7350

15Июль 2014



Долзарб мавзулар