Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов ва Марказий сайлов комиссияси

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да таъкидланганидек, “Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлик демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг ассосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир”

Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари изчил тадрижий шаклланиш ва ривожланиш йўлини босиб ўтди. Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари эркинлаштирилиши ва модернизация қилиниши натижасида демократик талабларга жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилди.

Сайловларнинг халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мос, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши кафолатларини, ҳар бир инсоннинг давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган самарали мустаҳкам ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Демократик сайлов ва референдум ўтказишнинг ўзимизга хос ва мос миллий тажрибасини инобатга олган ҳолда сайлов тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада ривожлантиришга катта туртки берди. Жумладан, 2011 йилда сайлов тўғрисидаги қонунларга киритилган янгиликлар қаторида сайловолди ташвиқотининг шакл ва усулларини аниқ белгилашга, сайлов кампанияси жараёнида депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлаш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчаларни санаб ўтиш мумкин. Сайловлар жараёнида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Қонун мамлакатимиз Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида баён қилинган асосли ғоялар ва қоидаларни ўзида мужассам этди.

Асосий Қомусимизнинг “Сайлов тизими”, деб номланган XXIII бобига, айнан 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш белгилаб қўйилди. Комиссия фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборатдир.

Шубҳасизки, давлат ҳокимияти бошқа органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни таъминлайдиган мустақил демократик институт сифатида Марказий сайлов комиссиясининг мақоми конституциявий мустаҳкамлаб қўйилганлиги демократик сайловларни таъминлашнинг ғоят муҳим кафолати ҳисобланади.

Ўз навбатида, Асосий Қонунимизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар миллий сайлов қонунчилигини, хусусан, амалдаги айрим қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунга, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва парламент қуйи палатасида муҳокамадан ўтказилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини ташкил этиш ва фаолиятини амалга ошириш тартибининг конституциявий мустаҳкамлаб қўйилишини назарда тутувчи тузатишларни рўёбга чиқариш мақсадида тайёрланган.

Амалдаги сайлов қонунчилиги уч йўналишда такомиллаштирилмоқда.

Биринчи йўналишда Марказий сайлов комиссияси ваколатлари янада кенгайтирилмоқда ҳамда унинг мустақиллиги кафолатлари қонуний мустаҳкамланмоқда. Шу боис “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонунга қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Авваламбор, Марказий сайлов комиссияси фаолияти асосий принципларининг моҳияти ва мазмуни очиб берилмоқда. Хусусан, мустақиллик принципи Марказий сайлов комиссияси фаолияти ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил равишда амалга оширилишини назарда тутади, унинг фаолиятига аралашувга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Ошкоралик принципи эса Марказий сайлов комиссияси мажлислари очиқ тарзда амалга оширилишини, шу жумладан, уларда сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, хорижий давлатлардан, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар иштирок этиши йўли билан ўтказилишини назарда тутади.

Иккинчидан, Олий Мажлис томонидан Марказий сайлов комиссияси ваколатлари тугатилишини назарда тутувчи норма чиқариб ташланмоқда. Бунда Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг ваколатларини Олий Мажлис томонидан тугатишнинг амалдаги тартиби сақланиб қолмоқда. Ушбу янгилик Марказий сайлов комиссияси кафолатларини ва мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилгандир.

Учинчидан, Марказий сайлов комиссияси аъзолиги лавозимига номзодларга қўйиладиган талаблар қатъий белгиланмоқда. Яъни Марказий сайлов комиссияси аъзоси Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши; мамлакатимиз ҳудудида камида кейинги 5 йил давомида яшаб турган бўлиши; 25 ёшга тўлган бўлиши; қоида тариқасида, олий маълумотга, шунингдек, сайлов ҳамда референдумни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлиши; жамоатчилик ўртасида обрў-еътибор қозонган бўлиши лозим.

Шу билан бирга, қуйидаги шахслар Марказий сайлов комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда: оғир ёки ўта оғир жиноят содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар; Қуролли Кучларнинг ҳарбий хизматчилари, МХХнинг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари; диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари.

Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодларга нисбатан малака талабларининг оширилиши жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор ва ҳурмат қозонган энг муносиб кишиларнинг сайланишини таъминлаш имконини беради.

Тўртинчидан, Марказий сайлов комиссияси аъзолари учун илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш тақиқланмоқда.

Бешинчидан, Марказий сайлов комиссияси аъзосига гувоҳнома бериш тартиби жорий қилинмоқда. Марказий сайлов комиссияси Раиси ва унинг ўринбосарининг гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Марказий сайлов комиссияси бошқа аъзоларининг гувоҳномалари эса Қонунчилик палатасининг Спикери билан келишилган ҳолда Сенат Раиси томонидан имзоланиши назарда тутилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси Раисига, унинг ўринбосарига ва Марказий сайлов комиссияси аъзоларига гувоҳномалар топширишнинг белгиланаётган тартиби таркиб топган амалиётни, Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми беришни, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур ташкилий-ҳуқуқий кафолатлар яратишни ҳисобга олган ҳолда киритилмоқда.

Олтинчидан, Марказий сайлов комиссияси ва унинг Раиси ваколатлари кенгайтирилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг сиёсий партияларнинг сайловларда иштирок этишини молиялаштириш учун маблағларни тақсимлаш; халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, хусусан, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан учрашувлар ташкил этиш, ҳамкорлик тўғрисида битимлар, меморандумлар тузиш, чет мамлакатлардаги сайловларда кузатувчи бўлиб, шу жумладан, халқаро ташкилотларнинг миссиялари таркибида иштирок этиш, халқаро ташкилотларни, чет мамлакатларнинг сайлов органларини мамлакатимиздаги сайловларни кузатиш учун таклиф этиш, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчиларини аккредитациядан ўтказиш; жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш каби янги ваколатлари жорий этилмоқда.

Иккинчи йўналишда Марказий сайлов комиссияси фаолиятини молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг “Республика бюджети харажатлари”, деб номланган 70-моддасига ва “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг “Марказий сайлов комиссиясини молиявий таъминлаш” номли 15-моддасига Марказий сайлов комиссиясини молиялаштириш Давлат бюджетида алоҳида моддада назарда тутилишини белгиловчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 70-моддасига Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайловлар ҳамда референдумларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шу жумладан, округ ва участка сайлов комиссияларини, сиёсий партияларни молиялаштириш бўйича харажатлари республика бюджетидан амалга оширилишини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Ушбу қўшимча Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақомини ҳисобга олган ҳолда сайловларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида киритилаётир.

Учинчи йўналишда эса Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида, хусусан, Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов ёки референдумни ташкил этиш, ўтказиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик ва Жиноят кодексининг 147-моддасида ишончли вакилнинг сайлов ҳуқуқи ёки ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Айни вақтда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда баъзи сайлов қонунларини бузиш ҳоллари учун жавобгарликни белгиловчи нормалар йўқ.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида 8 турдаги ҳуқуқбузарлик учун:

– Марказий сайлов комиссиясининг ва қуйи турувчи сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик;  
– Марказий сайлов комиссиясининг ва қуйи турувчи сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаганлик;
– номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузганлик;
– сайловолди ташвиқоти, референдумга қўйилган масалалар юзасидан ташвиқот олиб бориш шартлари ва тартибини бузганлик;
– номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатганлик;
– сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилганлик ёки уларга шикаст етказганлик;
– сайлов ёки референдумни молиялаштириш тартибини бузганлик;
– жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари прогнозларини эълон қилиш (ошкор қилиш) тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши сайлов эркинлиги принципининг янада тўлиқ амалга оширилишига, мамлакатимиз сайлов тизимини янада демократлаштиришга, сайловнинг ошкоралиги ва шаффофлиги принципларини мустаҳкамлашга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик
институтлар, нодавлат ташкилотлар ва
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси
“Инсон ва қонун” газетаси
№28 (920), 2014 йил 22 июлm

10683

24Июль 2014



Долзарб мавзулар