Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

САЙЛОВ ЖАРАЁНИ БОШЛАНИШ АРАФАСИДА

Конституцияда фуқароларимизнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга эканликларининг эътироф этилганлиги, шунингдек, уларнинг овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланганлиги мамлакатимизда халқаро ҳуқуқ нормалари билан мустаҳкамланган демократик принципларга оғишмай амал қилинаётганлигидан далолат беради.

 

Республика фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бу ҳуқуқ фуқароларнинг референдумларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари сайловида қатнашиши орқали амалга оширилади.

 

Фуқароларимизнинг Конституция ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган сайлов ҳуқуқлари амалдаги сайлов тўғрисидаги ва бошқа қонунлар асосида давлат муҳофазасига олинганлиги сайлов жараёнини халқаро ҳуқуқ андазаларига мос равишда эмин-эркин ўтказилишига замин яратади.

 

Қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи олий давлат вакиллик органи – Олий Мажлисга сайлов ўтказишни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонун парламентимиз томонидан 2003 йил 29 августда қабул қилинган. Мазкур Қонунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини икки палатали тизимда шакллантиришнинг фундаментал асослари, яъни сайлов тизими белгиланган.

 

Ўзбекистонда сайлов тизими фуқароларнинг, сайлов комиссияларининг, ҳокимият органларининг, сиёсий партияларнинг, умуман, сайлов ўтказилишига дахлдор идора ва шахсларнинг сайловчилар рўйхатини тузиш, депутатликка номзодлар кўрсатиш ва рўйхатдан ўтказиш, сайловолди ташвиқотларини ўтказиш, овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини чиқариш ва сайловнинг бошқа тегишли жараёнларини ўтказиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари мажмуидир.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасида сайлов кампанияси бошланганлиги аввалги чақириқ Қонунчилик палатаси депутатларининг ваколат муддати тугашидан камида уч ой олдин Марказий сайлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши белгиланган. Бундан кўринадики, жорий йилнинг сентябрь ойи учинчи ўн кунлигида сайлов кампанияси бошланиши тўғрисида Марказий сайлов комиссиясининг қабул қилган қарори асосида оммавий ахборот воситаларида эълон берилади.

 

Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 150 нафар депутат сайланади. Уларнинг 15 нафари Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланишини инобатга оладиган бўлсак, 135 нафар депутатликка номзодлар айнан сиёсий партиялардан кўрсатилиши маълум бўлади. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига кўра, депутатликка номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга.

 

Шу билан биргаликда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасида Халқ депутатлари вилоят Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгалиги, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эса сиёсий партиялар ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эгалиги белгиланган.

 

Юқоридагилардан кўриниб турганидек ЎзЛиДеП Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 135 нафар, Халқ депутатлари вилоят Кенгашларига ҳар бир ҳудуд бўйича 60 нафардан, Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига эса ҳар бир ҳудуд бўйича 30 нафардан партия аъзоларидан муносибларини депутатликка номзодлар сифатида кўрсатиши лозим бўлади.

 

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган бўлиши, иккинчидан, сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаши ва бу ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига топшириши, фақат шундан кейингина Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

 

Маълумки, ЎзЛиДеП 2003 йилнинг 15 ноябрида ташкил этилган бўлса, ўша йилнинг декабрь ойида Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган. Демак, бу талаб ЎзЛиДеП томонидан бундан 11 йил муқаддам амалга оширилган. Энди сайловда иштирок этишни қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплаш масаласида жиддийроқ ёндашиш лозим бўлади.

 

Чунки қонун талабига кўра, маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сиёсий партия қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоизи имзосини тўплаши мумкин.

 

Бундан келиб чиқадики, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ЎзЛиДеП 3200 нафар сайловчининг имзосини олиши мумкин. Вилоятлар кесимида бу миқдордан ошиқча имзо тўпланадиган бўлса қонун талабига кўра, ушбу имзолар инобатга олинмайди.

 

Энди бевосита имзо варақамларига келадиган бўлсак белгиланган намунадаги имзо варақаларини сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингандан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларга берилади. Бундан келиб чиқадики, Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган намунадаги имзо варақаларигагина имзолар тўпланиши лозим.

 

Имзоларни тўплаётганда бир оилага бориб оила аъзоларидан сайлов ёшидагилари неча киши бўлишидан қатъи назар, уларнинг ҳар бирининг имзоси имзо варақасига алоҳида қўйилиши керак. Чунки ўтган сайловлар тажрибасидан маълум бўлганидек айрим ҳолларда бир неча киши ўрнига оиланинг ота ёки онаси имзо қўйиб юборган ҳолатлар бўлган. Шундай ҳолат бу сайловга имзо варақалари тўплаш жараёнида қайтарилиши керак эмас.

 

Чунки имзо варақаларида имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини рад этиши мумкин. Бу қатъий диспозитив норма бўлиб, имзо варақаларидаги имзо фақат фамилияси, исми, отасининг исми ёзилган шахсгагина тегишли бўлиши шарт.

 

Мақолада айнан сайлов жараёни бошланишига тааллуқли қонун нормалари батафсил шарҳланишининг асосий сабаблардан бири жорий йил муҳим сиёсий аҳамиятга молик катта тадбир билан ниҳояланади. Яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов бўлиб ўтади. Фуқароларимиз ушбу сайлов ҳуқуқларини декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида амалга оширишлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида мустаҳкамланган.

 

Бу сайлов фуқароларимизга ўзларининг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини амалга оширишга реал имконият яратади.

 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, сайлов тўғрисидаги қонунларимизда халқимизнинг бугунги ҳаёти ва анъаналарининг ўзига хос хусусиятлари мужассам бўлиб, уларда барча фуқаролар ва сиёсий партияларга давлат ҳамда жамиятни бошқаришда иштирок этишлари учун тенг имкониятлар яратилган.

 

Фахриддин КОМИЛОВ,

Абдухолиқ ЖАББОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари

“Инсон ва қонун” газетаси

30-сон, 05.08.2014 йил.

7774

06Август 2014



Долзарб мавзулар