Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Холислик ва ҳаққонийлик сайлов жараёнларида асосий мезонга айланмоғи лозим

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг қоидаларини сайловчиларга кенг тушунтириш, сайловчиларнинг бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидан хабардорлигини ошириш, фуқароларни депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, уларнинг ишчанлик ва ахлоқий фазилатлари билан таништириш бўйича самарали ахборот-таҳлил ишларини олиб боришда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади.

 

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан ташкил қилинган “Сайловларни ёритишда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзуидаги давра суҳбати ҳам ана шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Тадбирда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вакиллари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, марказий ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари, сиёсий партиялар матбуот хизмати ходимлари, соҳа мутахассислари ва экспертлар қатнашди.

 

Мутахассислар сайловни ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлаб, бу борада журналистлар томонидан алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, мазкур жараённи ёритишда журналистларнинг ҳуқуқлари ва улар томонидан амал қилиниши лозим бўлган қоидалар бир қатор қонунларда мустаҳкамлаб қўйилгани эътироф этилди. Унга кўра, оммавий ахборот воситаларининг сайловчиларнинг сайловга оид ҳуқуқларини кенг тарғиб этиш, жамоатчиликни сайлов жараёнининг бориши тўғрисида доимий ва тизимли равишда хабардор қилиш, депутатликка номзодлар ва уларни кўрсатган сиёсий партияларга ўз сайловолди дастурларини электоратга етказиш учун имконият яратиш, сайловларнинг бориши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш вазифаларини бажаради.

 

Таъкидлаш жоизки, сайлов жараёнларини ёритишда журналистлардан энг аввало, ошкоралик, холислик, сиёсий билимдонлик талаб этилади. Шу боис тадбирда ОАВ ходимларининг бу борадаги фаолиятини янада кучайтириш мақсадида журналистлар учун махсус ўқувлар ташкил этиш, сайлов қонунчилигидан мунтазам хабардор қилиш, уларни Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорлигини таъминлаш, жараённи ёритишда фаоллик кўрсатган соҳа вакилларини рағбатлантириш каби масалаларга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Қизғин мунозаралар, савол-жавобларга бой тарзда ўтган мазкур учрашув журналистларнинг сайлов жараёнини ёритишдаги фаолиятида зарур хулосалар, муҳим йўналишларни белгилаб олишига хизмат қилади.

 

Умида УЗОҚОВА,

“Миллий тикланиш” мухбири

“Миллий тикланиш” газетаси

30 (299) – сон, 2014 йил 6 август 

6917

08Август 2014



Долзарб мавзулар