Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

САЙЛОВ ЖАРАЁНИДА ОАВ РОЛИ

Бу йил мамлакатимиз ҳаётида катта ижтимоий-сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлажак сайловлар арафасида туримиз. Табиийки, бу жараёнда сайлов қонунчилиги ва унинг инсонпарвар моҳиятини фуқароларга кенг тушунтириш борасида оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида ҳам айни фикрларга таянилди.

 

“Сайловларни ёритишда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзусидаги мазкур анжуманда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, сиёсий партияларнинг матбуот хизмати раҳбарлари, сайлов жараёни бўйича экспертлар гуруҳи ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни ОАВда атрофлича ёритиш масаласида фикр алмашдилар.

 

Унда таъкидланганидек, мамлакатимизда сайлов жараёни билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий институтсионал тизим ғоят самарали фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳол, айниқса, 2009 йилда бўлиб ўтган сайлов жараёнида мутахассислар ва хорижлик экспертлар эътирофига сазовор бўлган эди.

 

Ўзбекистонда сайлов тизимининг такомиллашиб боришини даврий жиҳатдан уч босқичга бўлиш мумкин.

 

Сайлов қонунчилиги илк марта 1994 йилда тамомила янги асосларда такомиллаштирилган, унга кўра Олий Кенгаш ўз ваколатини илк бор кўппартиявийлик асосида, яширин овоз бериш орқали, тўғридан-тўғри ва тенглик асосида сайланадиган 250 нафар депутатдан иборат бўлган Олий Мажлисга топширган эди.

 

Иккинчи босқич Президентимиз раҳнамолигида 2005 йилда Ўзбекистонда икки палатали парламент тизимининг жорий этилиши муносабати билан қабул қилинган ва жаҳон стандартларига мос бир қатор қонунлар мажмуи амалга татбиқ қилинган даврни қамраб олади.

 

Сайлов қонунчилигини янада эркинлаштириш ва демократлаштириш жараёнининг ривожланишидаги учинчи ҳолат давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» маърузасидан келиб чиққан ҳолда, сайлов қонунчилигида амалга оширилган ўзгаришлардан иборатдир.

 

Айни пайтда бугунги кун талабларига ҳар жиҳатдан жавоб бера оладиган, фуқароларнинг сайлов жараёни билан боғлиқ конституцион ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берадиган қонунлар мажмуига эгамиз, деб айта оламиз. Бинобарин, жорий йилги сайловларнинг ҳуқуқий асосини “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунлар ташкил этади.

 

Юқоридаги қонунларда сайлов жараёнига доир барча маълумотлар, тартиб ва қоидалар батафсил ўз аксини топгани боис, улар сайлов жараёнини ёритадиган журналистлар учун муҳим дастуриламал вазифасини бажаради.

 

Тадбирда иштирок этган Республика Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати раҳбари Низомиддин Нурматов сайловни ёритишда журналистиканинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритиб, бу жараёнда асосий эътибор тенглик ва холислик тамойилларига қаратилишини таъкидлади. Хусусан, давлат газеталарида партияларнинг сайловолди тарғиботи билан боғлиқ чиқишлар тенг сатрлар миқдорида, бир хил рукнда, жойлашиш тартиби, ҳажм жиҳатдан тенг ҳолатда нашр қилиш лозимлиги ҳақида тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Бу жараёнда таҳририятлар сиёсий партиянинг рухсатисиз материални таҳрир қилмайди, нашр тиражи сунъий равишда оширилмайди. Қонунчиликда бу ҳолат қатъий белгилаб берилган бўлиб, босма нашрларнинг партияларнинг сайловолди кампанияси билан боғлиқ чиқиши нашрнинг бир ҳафталик ҳажмининг кўпи билан 10 фоизи миқдорида бўлиши зарур. Телевидение ва радио эса ҳар бир партия учун 40 дақиқалик вақт ажратади. Бу радиоешиттириш ва телекўрсатувлар “прайм тайм”, яъни телерадиоканалнинг энг кўп аудитория йиғиладиган вақтида эфирга узатилиши шарт. Аммо мазкур қоидалар сиёсий партияларнинг нашрларига дахлдор эмас.

 

Сайлов жараёнида нодавлат оммавий ахборот воситалари орқали ҳам чиқишлар қилиниши мумкин. Бироқ ҳар бир нашр амалдаги сайлов қонунчилиги билан атрофлича танишиб чиққач, бирон-бир ён босишларсиз, қонун моҳиятини бузмасдан масалага ёндашиши керак.

 

Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан ташкилотчиларга мурожаат қилишди. Таклиф ва мулоҳазалар асосида қизғин муҳокама бўлиб ўтди.

 

Беҳзод ҚОБУЛОВ,

“Ҳуррият” мухбири

“Ҳуррият” газетаси

33 (899) – сон

2014 йил 06 август

5849

07Август 2014



Долзарб мавзулар