Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайловларда муносиб иштирок этиш фуқароларнинг партиямизга ишончи, сайловчилар танловига боғлиқ

Минтақавий семинар

 

Сайловларда муносиб иштирок этиш фуқароларнинг партиямизга ишончи, сайловчилар танловига боғлиқ

 

Сайловларга тобора яқинлашиб бормоқдамиз. Унинг натижалари сиёсий партияларнинг муҳим синовга пухта тайёргарлиги билан бир қаторда фуқаролар танловига ҳам боғлиқ. Фуқароларнинг сайловларда фаол иштирок этиши, партиямиз номзодларига овоз бериши сайловолди Платформасининг жозибадорлиги, халқчил ва аниқлиги, шунингдек, сайловдан сайловгача бўлган давр оралиғида амалга оширган саъй-ҳаракатлари, тарғибот тадбирлари, бир сўз билан айтганда, сайловларга тайёргарлиги билан баҳоланади.

 

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда: “Модомики, биз демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш каби эзгу мақсад сари интилаётган эканмиз, демократиянинг бош талаби бўлмиш эркин сайловларни муносиб ташкил қилиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир”.

 

ЎзМТДП Марказий Кенгаши томонидан партия ташкилотларининг сайловларда муносиб иштирок этишини таъминлаш, партия ғояси, дастурий мақсад-вазифаларини тарғиб қилишда замонавий ва самарали усуллардан фойдаланиш, сайловга оид қонунчилик асослари билан таништириш ҳамда барча даражадаги партия ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган минтақавий семинарнинг навбатдагиси Наманганда ўтказилди. “Ўзбекистонда сайлов тизими ва унинг ҳуқуқий асослари” мавзусидаги семинар партия Андижон, Фарғона ва Наманган вилоят Кенгашлари фаоллари иштирокида бўлиб ўтди.

 

Семинарда ЎзМТДП Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси Сарвар Отамуратов “Мамлакатимизда сайлов қонунчилигининг такомиллашуви: ЎзМТДПнинг қонунчилик ташаббуслари” мавзусида маъруза қилиб, иштирокчилар эътиборини мамлакатимиз сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳиятига қаратди.

 

- Давлатимиз раҳбари томонидан парламент палаталарининг қўшма мажлисида тақдим этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш ва ривожлантириш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида эркин, фаол иштирок этиши, сайлов ҳуқуқларини тўла амалга оширувчи вазифалари янада такомиллаштирилди. Айниқса, мазкур дастуриламал Концепцияда илгари сурилган Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантиришга қаратилган қонунчилик ташаббуслари сиёсий партияларнинг фаоллигини янада кучайтириш, уларга тенг шароитлар яратиш, кўп партиявийликни ривожлантириш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим қадам бўлди.

 

Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида мамлакатимизда сайлов қонунчилиги ва унинг норматив-ҳуқуқий негизи шаклланди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, шунингдек, ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар, қонуности ҳужжатлари шулар жумласидандир. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳоли орасида кенг тарғиб-ташвиқ қилиш орқали уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти, фуқаролик позициясининг шаклланишига ҳисса қўшиш асосий вазифамиз саналади. Бугунги семинар ҳам айни шу мақсадда ташкил этилди, - деди партия етакчиси.

 

Семинарда ЎзМТДП Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси ўринбосари Жалолиддин Сафоев “Сайлов жараёнида партиялараро рақобат, ғоялар ва дастурлар кураши” мавзусида маъруза қилди.

 

- Мустақиллик фуқаролар онгу шуурида, тафаккури ва дунёқарашида улкан янгиланиш ва юксалишга йўл очди. Бугун юртдошларимизнинг салоҳияти, дунёқараши кенг, сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксак. Уларнинг сиёсий жараёнлардаги иштироки ҳам замон талабига мос. Шу нуқтаи назардан яқинлашиб келаётган парламент палаталари ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Ўтган сайлов сабоқларидан тўғри хулоса чиқарган сиёсий партиялар ҳам, кундан-кунга дунёқараши юксалиб бораётган фуқаролар ҳам муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирок этишга ҳозирлик кўраётир. Бу, ўз навбатида, партиялараро соф рақобатнинг вужудга келишига имкон яратади. Шундан келиб чиқиб, ЎзМТДП ғояси, унинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш, замонавий сиёсий технологиялардан фойдаланиш, ғоявий мақсадларни аҳолига таъсирчан, ишонарли тарзда етказиб бериш муҳим саналади. Бу эса партиямизнинг сайловлардаги муносиб иштирокини таъминлаши шубҳасиз.

 

“Сайлов кампанияси даврида қонун устуворлиги, партия кузатувчиси ва номзодларнинг ваколатли ҳамда ишончли вакиллари фаол иштирокининг долзарблиги” мавзусида маъруза қилган ЎзМТДП фракцияси аъзоси Олимжон Акилов сайлов кампаниясининг муҳим босқичи бўлган сайловолди ташвиқоти, сайловларда иштирок этадиган кузатувчи, ваколатли ва ишончли вакилларнинг вазифалари, овоз бериш тартиб-қоидалари ҳақида тўхталиб ўтди.

 

Якунда кун тартибидаги барча масалалар юзасидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар асосида ЎзМТДПнинг чора-тадбирлар дастури белгилаб олинди. Унда партия электорати билан ишлаш, партия манфаатини ҳимоя қила оладиган аъзолар ҳисобига сафларимизни кенгайтириш, ўтказилаётган тадбирлар таъсирчанлигини ошириш ва сайловларга тараддуд доирасида амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш вазифалари ўз аксини топди.

 

Нодира АБДУХОЛИҚОВА,

ЎзМТДП Фарғона вилоят Кенгаши

Ижроия Қўмитаси девони етакчи

мутахассиси:

- Жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва муносиб иштирок этиш, номзодлар рўйхатини шакллантириб боришда Фарғона вилоят Кенгашида қизғин иш жараёни кетмоқда. Бугунги ташкил этилган ўқув-семинар ҳам сайлов жараёнларида эътибор қаратишимиз лозим бўлган қатор мақсад ва вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Семинарда тақдим этилган маърузаларнинг амалдаги ижроси фаолиятимизда акс этиб, сайловлардаги муносиб иштирокимизни таъминлаши шубҳасиз.

 

Қодиржон МАМАДЖОНОВ,

ЎзМТДП Наманган вилоят Кенгаши

Ижроия Қўмитаси девони бош

мутахассиси:

- Бугунги семинар сайловларга ҳар томонлама муносиб тайёргарлик кўриш, партиямиз Устави ва Дастури ҳамда сайловолди Платформасидаги мақсад ва вазифаларини қўллаб-қувватловчи, аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилувчи муносиб номзодларни танлаб олиш жараёнида айни муддао бўлди. Айни пайтда ЎзМТДП Наманган вилоят Кенгаши томонидан сайловга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида сайлов штаблари ташкил этилган. Турли тадбир ва учрашувларда партия фаолларининг сайловларда иштирок этишга қаратилган аниқ таклиф ва мулоҳазалари олиниб, қизғин баҳс-мунозаралар олиб борилмоқда. Мазкур семинар бу борадаги амалий саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришга туртки бўлади.

 

Камола АБДУВАЛИЕВА,

ЎзМТДП Андижон вилоят Кенгаши

Ижроия Қўмитаси девони бош

мутахассиси:

- Ҳаёт ривожланиб борар экан, сиёсий жараёнлар ҳам такомиллашиб бораверади. Бунда сайлов қонунчилигидан хабардорлик, партиялар учун яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Бугунги семинарда билдирилган фикр-мулоҳазалар, янги таклиф ва ғоялар асосида белгиланган вазифаларни фаолиятимизга татбиқ этиш, барча ҳудудий партия ташкилотлари билан тажриба алмашиб бориш сайловларга ёруғ юз билан киришимизга имкон яратади.

 

Шоҳида ДАМАНОВА,

“Миллий тикланиш” мухбири

“Миллий тикланиш” газетаси

31 (300) – сон

2014 йил 13 август

9674

13Август 2014



Долзарб мавзулар