Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайловларни пухта ва изчил ёритиш жараёнида оммавий ахборот воситалари тайёргарлиги муҳим ўрин тутади

Ҳамкорлик


Хабарингиз бор, Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди томонидан босма ва электрон оммавий ахборот воситалари журналистлари малакасини ошириш бўйича ўқув-курслари ташкил этилмоқда. Мазкур ўқув- курсларининг навбатдагисида сиёсий партия нашрлари вакиллари иштирок этиб, Ўзбекистонда сайлов соҳасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар мазмун-моҳияти яқиндан танишиб, мамлакатимиздаги тўртта сиёсий партия ва Экоҳаракатга танишув ташрифини амалга оширдилар.

 

Таъкидлаш лозимки, ўқув-курслари жорий йил май ойида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган ва сайлов кампаниясининг барча босқичларида ошкоралик, очиқликни таъминлаш, сайлов жараёнига қонунчиликка қатъий риоя этган ҳолда тайёргарлик кўриш ва ташкил этишни амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни назарда тутган Дастур доирасида ўтказилмоқда. Ушбу ҳужжат сайлов қонунчилиги меъёрларини сайловчиларга кенг тушунтириш, миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш мазмун-моҳиятини тарғиб этиш бўйича халқаро, республика ва ҳудудий тадбирларини ўтказиш, сайлов жараёни иштирокчилари маданиятини, сайловчиларнинг сайловларга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўриш ва ўтказиш борасида хабардорлигини юксалтириш бўйича самарали ахборот-таҳлилий ишларни ташкил этиш учун шароитларни таъминлашни кўзда тутади.

 

Иштирокчилар ўқув-курслари доирасида ЎзМТДП Марказий Кенгаши фаолияти билан танишиб, партия етакчилари билан очиқ мулоқот қилдилар.

 

Тадбирни ЎзМТДП Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси ўринбосари Жалолиддин Сафоев кириш сўзи билан очиб, ЎзМТДП фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда партиянинг сайловларга тайёргарлиги, ушбу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг тутган ўрни хусусида гапириб, жумладан, шундай деди:

– Мамлакатимизда истиқлол йиллари ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида сиёсий соҳани либераллаштириш, кўппартиявийлик муҳитини қарор топтириш ва сиёсий партияларнинг давлат бошқаруви ҳамда жамият ҳаётидаги ролини оширишга алоҳида эътибор берилгани бугунга келиб жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Сиёсий партиялар фаолиятига қаратилаётган эътибор туфайли ўтган йиллар давомида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси жамиятда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишларда фаол иштирок этишга интилаётган сиёсий куч сифатида майдонга чиқди. Ўрни келганда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий қадриятларимизни, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини, бой тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва бойитиш, миллий тикланиш ғоясини кенг тарғиб қилиш ва аҳоли онгига сингдириш, ушбу ғоя асосида халқни Ватан тараққиётига, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуришга қаратилган яратувчанлик ва ижодкорлик фаолиятига сафарбар этишни ўзининг асосий мақсади деб билади.

 

Бугунги шиддат билан ўзгараётган замон, дунё ва атрофимизда кечаётган мураккаб жараёнлар ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Биз ёш авлодни миллий маънавиятимиз, унинг минг йиллар мабойнида юзага келган қадриятларига содиқлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳар томонлама етук ҳамда баркамол қилиб вояга етишишга йўналтиришни масаласини ўз олдимизга асосий вазифа қилиб қўяр эканмиз, биринчи навбатда, тарихимизнинг бебаҳо дурдоналарини, буюк аждодлардан қолган ўлмас меросимизни кенг тарғиб этиш, келажак авлодни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масаласига эътибор қаратишимиз лозим бўлади. Бу борада партиямиз томонидан “Донолик ва ташаббускорлик – сиёсий етакчилик мезони”, “Ўзбекистондаги иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий жараёнлар – ёшлар нигоҳида”, “Мустақиллик – миллий тикланиш ва юксалишдир”, “Қадриятларимизга айланиб бораётган замонавий анъаналаримиз”, “Банк кредитлари – оилавий тадбиркор ҳамда ҳунармандларга” сингари лойиҳалар асосида ўз олдига қўйган мақсад-вазифаларни амалга оширишга интилмоқда.

 

Давра суҳбати бевосита сайлов жараёнларида оммавий ахборот воситалари имкониятларидан унумли фойдаланиш ҳақида экан, бу борада ўқув-курслари вакиллари ҳамкорлигига таянамиз. Фаолиятимизда эришилаётган натижалар билан бирга ҳали фойдаланилмаган имкониятлар, камчиликларимиз ҳам борки, уларни кўтариб чиқиш ҳамда бартараф этишда бугунги ҳамкорлик бизга асқотади, - деди нотиқ.

 

Маълумки, жорий йил декабрь ойида мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига умумхалқ сайловлари ўтказилади. Бу йилги сайловларга барча сиёсий партиялар қатори Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам пухта ҳозирлик кўрмоқда. Ғоялар ва дастурлар курашадиган сайловда ғолиблик ўз-ўзидан келмайди. Унга қонунлар орқали берилган ваколат ва ҳуқуқлардан самарали фойдаланиш, ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун муқобил дастурлар ва лойиҳалар билан майдонга чиқиш, масъулиятни ўз зиммасига олиш ва шу орқали халқ орасида обрў-эътибор топиш орқали эришилади. Шу билан бирга аввалги сайловларда партия томонидан берилган ваъдалар нечоғлик амалга оширилгани, электорат манфаатлари қанчалик таъминлангани, фуқаролар ишонч билдирган номзодлар халқ вакили деган мақомни қанчалик даражада оқлагани сингари саволларга ҳам жавоб топилади. Ана шундай жараёнларни халққа батафсил ҳамда тизимли, холис ва ҳаққоний етказиш, сиёсий партияларнинг ўз сайловолди ташвиқотларини амалга оширишларига имкон яратишда оммавий ахборот воситаларидан алоҳида масъулият, фаоллик, билим ва маҳоратни талаб этилади. Ўйлайманки, ўтказилаётган бу каби ўқув-курслари сайловлар жараёнини пухта ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимларининг тайёргарлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Мулоқот давомида ЎзМТДП Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси девони бўлим бошлиқлари Дониёр Тошбоев ҳамда Аҳрор Каржановларнинг партиянинг оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ишлаш, шунингдек, партия гуруҳлари фаолияти борасидаги маърузалари тингланди. Қизғин фикр-мулоҳазалар асосида ўтган тадбирда партия вакиллари журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.

 

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,

«Миллий тикланиш» мухбири

“Миллий тикланиш” газетаси

31 (300) – сон

2014 йил 13 август

5842

13Август 2014



Долзарб мавзулар