Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

САЙЛОВДА СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ИШТИРОКИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Мамлакатимизда кенг кўламда амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар жараёнида жамиятнинг бошқа институтлари қаторида сиёсий партияларнинг ўрни алоҳида эканлигини таъкидлаш жоиз. Айнан шунинг учун ҳам сиёсий партияларнинг мақоми конституциявий даражада мустаҳкамланиб, уларнинг фаолиятини тартибга солишга доир қонунчилик янада такомиллаштирилиб бориляпти.

 

Асосий Қомусимизга киритилган ўзгартиш ва қушимчалар мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қулга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши ҳам сиёсий партияларнинг масъулиятини оширишига қаратилгандир.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонунининг 12-моддасида сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, унда давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳам ўз аксини топган.

 

Бундан ташқари, сиёсий партияларга депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқининг берилиши демократиянинг энг муҳим хусусияти бўлмиш сайловнинг кўппартиявийлик негизида, муқобиллик асосида ўтишини таъминлайди ва сайловчиларга овоз беришда танлаш имкониятини беради.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатликка номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугайди. Депутатликка номзодлар сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан кўрсатилади.

 

– Сиёсий партиялар депутатликка бир юз ўттиз беш нафар номзод, яъни ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ваколатлидир. Бир шахс фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин.

– Депутатликка номзод танлаш тартибини сиёсий партияларнинг ўзлари ҳал этадилар.

– Хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозим.

– Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида Юртбошимиз Ислом Каримовнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзусидаги маърузаси асосида қабул қилинган 2012 йил 19 декабрдаги “Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунга мувофиқ, сайловолди ташвиқотини олиб бориш билан боғлиқ масалалар тартибга солинди.

 

Хусусан, сайловолди ташвиқоти тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра, сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолият. Таъкидлаш лозимки, сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчага мувофиқ, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги қоида ҳам белгиланди. Бундай норма бир қатор хорижий давлатлар, хусусан, Канада, Мексика, Польша, Россия, Франция, Япония, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар қонунчилигида қўлланилади.

 

Қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчага мувофиқ, Сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг турлари, шакллари ва усуллари аниқ белгилаб қўйилди. Зеро, бу партиялараро рақобатнинг кучайиши, сайловолди ташвиқотининг шакл ва усуллари тобора турли-туман ва кенг миқёсга эга бўлиб бораётган бир жараёнда сайлов кампаниясининг ушбу муҳим босқичини амалга оширишда депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилганлиги билан изоҳланади.

 

Сайловолди ташвиқоти:

– сиёсий партиянинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни ўзининг депутатликка номзодларини ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш;

– депутатликка номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш олиб борилади.

Сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг шакллари сифатида қуйидагилар белгиланди: омма олдида мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, интервьюлар, сўзга чиқишлар, сайловчиларнинг йиғилишлари, депутатликка номзод, сиёсий партия тўғрисидаги роликларни жойлаштириш.

Сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг усуллари этиб,

– оммавий ахборот воситалари, шунингдек телевидение, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари (шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи) орқали;

– босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;

– сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга ошириш кўрсатилган.

Миллий қонунчилигимизда сиёсий партияларга тегишли бўлган “ваколатли вакил” ҳамда “кузатувчилар”нинг мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари сайловларнинг очиқ ва ошкоралигини, холислигини, демократик принципларга асосланганлигини кўрсатади, шу билан бирга мазкур жараёнда сиёсий партиялар ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлаш имконини беради.

 

Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, Қонунчилик палатаси сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ошкора амалга оширадилар. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи қатнашиш ҳуқуқига эга.

 

Мазкур Қонуннинг 171-моддаси “Сиёсий партиянинг ваколатли вакили” деб номланган бўлиб, унда депутатликка ўз номзодларини кўрсатган сиёсий партия иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда ўз аъзолари орасидан ваколатли вакил тайинлаш ҳақли эканлиги қайд этилган. Мазкур Қонуннинг 231-моддасида эса сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан текширилиши жараёнида иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамланди.

 

Санаб ўтилган нормалар орқали, қайд этиш жоизки, сиёсий партиялар вакилларининг сайлов жараёнининг ҳар бир босқичида, яъни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларида, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда иштирок этишининг кафолатланганлиги демократик тамойилларнинг амалга оширилишининг яққол кўринишларидан, десак муболаға бўлмайди.

 

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг “Сайлов комиссияларига аъзолик” деб номланган 16-моддасида “Сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолари сиёсий партиянинг аъзоси бўлишлари мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоида белгилаб қўйилган. Мазкур қоиданинг белгиланиши билан сайлов комиссиялари фаолиятининг холислик тамойилига мувофиқ амалга оширилишига эришилади.

 

2004 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуни сиёсий партияларнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур Қонуннинг 8-моддасида сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасига ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларига сайловда иштирок этишини давлат томонидан молиялаштириш назарда тутилган бўлиб. Унга кўра, “Сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасига ва давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик органларига сайловда иштирок этишини молиялаштириш белгиланган тартибда фақат ана шу мақсадлар учун ажратиладиган давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Сиёсий партияларни сайловда бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш ва моддий жиҳатдан ўзгача тарзда қўллаб-қувватлаш тақиқланиши кўрсатилган.

 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир депутатликка номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Сиёсий партиянинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар рўйхатга олингандан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.

 

Қонунчилик палатасига сайловда сиёсий партияларнинг иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари сиёсий партия томонидан:

– сайловолди кўргазмали ташвиқот воситаларини нашр қилишга;

 депутатликка номзодларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишларини ташкил этишга;

сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга;

депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари ва бевосита сайлов округида сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун жалб қилинадиган бошқа фаоллар ишини ташкил этишга;

– сайлов кампаниясини ўтказишга доир умумпартиявий тадбирларга сарфланиши керак.

 

Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур модда билан сиёсий партияларнинг сайловлардаги иштироки рағбатлантирилаётган бўлса, бошқа жиҳатдан сиёсий партияларнинг сайловларга масъулият билан ёндашишларини тақозо этмоқда, хусусан буни қуйидаги қоида орқали кўриш мумкин: “Агар Қонунчилик палатасига сайлов якунлари бўйича сиёсий партия фракция тузиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларини ололмаган бўлса, сиёсий партиянинг Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратилган давлат маблағлари мазкур партиянинг бошқа манбалардан олган маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига қайтарилиши керак”.

 

“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасида “Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан ана шу қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида юқори сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилишлари мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, сайловга олти кундан кам вақт қолганда эса дарҳол кўриб чиқилиши керак. Шикоят берган шахслар шикоят кўриб чиқилишида бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга. Зеро Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида Конституция ва қонун устунлиги сўзсиз тан олиниши белгиланган бўлиб, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўришлари мустаҳкамланган.

 

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, мамлакатимизда сиёсий партияларнинг сайловлар жараёнидаги иштирокини таъминловчи ҳуқуқий механизмлар, ўзаро узвий ҳамда бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга бўлган яхлит тизимни ташкил этади. Зеро, сиёсий партиялар демократиянинг энг таъсирчан механизми бўлган сайлов жараёнинининг асосий субъекти ҳисобланади. Юртбошимиз И.А.Каримов таъкидлаганларидек, “Сайловлар – бу мамлакатимизда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларнинг нечоғлиқ демократик руҳда эканини намоён этадиган, демократик ҳуқуқий давлатнинг узвий белгиси, халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишининг, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокининг асосий шакли бўлиб, ўта муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масаладир”.

 

Мухтабар ХУСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Амалдаги қонун

ҳужжатлари мониторинги институтининг

 бош илмий ходими,

юридик фанлар номзоди

“Ҳуррият” газетаси

34 (890) – сон

2014 йил 13 август

13148

13Август 2014



Долзарб мавзулар