Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар демократик тамойилларга асосланган

Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Тошкент вилояти кенгаши ҳамкорлигида Тошкент давлат аграр университетида «Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигининг такомиллашуви – сайлов тизимини янада демократлаштиришнинг муҳим омили» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

 

Фракция аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда партия фаоллари иштирок этган тадбирдан кўзланган мақсад парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга тақдим этилган «Сайлов тўғрисидаги қонун хужжатларини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилди.

 

Таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, миллий сайлов қонунчилигини умумэътироф этилган халқаро мезонларга мос равишда шакллантириш ва тадрижий ривожлантириш, демократик сайлов тизими ва амалиётини жорий этиш, давлат ҳокимиятининг вакиллик органларини адолатли сайловлар асосида шакллантириш борасида катта тажриба тўпланди.

 

Шу кунга қадар Конституциямизга, шунингдек, «Сайловчилар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги ҳамда янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Буларнинг барчаси миллий сайлов тизимининг изчил ва босқичма-босқич либераллашувини, икки палатали парламент сайловларининг қонун талабларига ва умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мукаммал қонунчилик базасининг шаклланишига асос бўлди.

 

Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади. Жумладан, сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сайловолди ташвиқотининг шакл ва усулларини аниқ белгилашга, сайлов кампанияси жараёнида депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлаш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Сайловлар жараёнида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.

 

Камола ҲАМИДОВА,

фракция аъзоси:

– Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Концепция асосида қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонун юртимизда амалга оширилаётган демократик янгиланиш ва модернизация жараёнларининг мантиқий давоми бўлди.

 

Хусусан, Конституциянинг «Сайлов тизими» деб номланган XXIII бобига, айнан, 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш учун Олий Мажлис томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилиб, унинг фаолияти асосий принциплари сифатида мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик каби принциплар алоҳида белгилаб қўйилди.

 

Бош Қомусимиз ҳамда сайлов қонунчилигига киритилган ушбу янгиликлар жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловлар олдидан сайлов қонунчилиги ва амалдаги айрим қонун ҳужжатларини яна бир бор кўриб чиқиш ҳамда уларга тегишли ўзгартишлар киритиш заруриятини тақозо этмоқда.

 

Шу сабабдан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан «Сайлов тўғрисидаги қонун хужжатларини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.

 

Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда демократик сайловлар ва референдумларни ташкил этиш борасида тўпланган миллий тажрибамиз, ўтган 23 йил давомида босиб ўтган йўлимиз чуқур таҳлил қилинди. Бу борада илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳам инобатга олинди.

 

Қонун лойиҳасига кўра, амалдаги киритилаётган қонун лойиҳаси уч йўналишда «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига Марказий сайлов комиссиясини демократик шакллантиришга, унинг фаолияти асосий принципларини белгилашга, унинг мустақиллигини, шу жумладан, молиявий мустақиллигини мустаҳкамлашга, шунингдек, сайлов ва референдум тўғрисидаги қонун ҳужжатлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгилашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

 

Давра суҳбатида сўзга чиққанлар «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига киритилаётган ўзгартишларга бевосита тўхталар экан, биринчи навбатда, Марказий сайлов комиссияси ваколатларини янада кенгайтириш, унинг мустақиллиги, шу жумладан, молиявий мустақиллиги кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилганлигини эътироф этишди.

 

Олимжон АБДУНАЗАРОВ,

Марказий савлов комиссияси аъзоси:

– Марказий сайлов комиссияси ўз фаолияти давомида том маънодаги мустақил орган эканлиги, унинг фаолияти мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик каби принциплар асосида йўлга қўйилиши Конституциянинг 117-моддасига киритилган тузатишларда мустаҳкамланган эди. Янги қонун лойиҳасига мувофиқ ана шу принципларнинг мазмун-моҳияти алоҳида моддаларда очиб берилмоқда.

 

Хусусан, мустақиллик принципи Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил тарзда олиб боришини кўзда тутади. Марказий сайлов комиссияси фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ошкоралик принципи эса Марказий сайлов комиссияси мажлисларининг очиқ тарзда, шу жумладан, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар иштирокида ўтказилишини ўзида ифода этади.

 

Шу ўринда алоҳида эътироф этиш лозимки, давлат ҳокимияти бошқа органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишни таъминлайдиган мустақил демократик институт сифатида Марказий сайлов комиссиясининг мақоми конституциявий мустаҳкамлаб қўйилганлиги демократик сайловни таъминлашнинг ғоят муҳим кафолатидир.

Киритилаётган янгиликлардан яна бири – Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишини тақиқловчи норманинг жорий этилаётганидир.

 

Қонун лойиҳасида Марказий сайлов комиссияси аъзолиги лавозимига номзодларга нисбатан талаблар ҳам белгилаб қўйилмоқда. Ушбу лавозимга номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, унинг ҳудудида камида кейинги 5 йил яшаб турган, 25 ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, сайловни, референдумни ташкил этиш ва ўтказиш борасида етарлича иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган бўлиши шартлиги белгиланмоқда. Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси ва унинг раисига берилган мутлақ ваколатлар янада кенгайтирилмоқда.

 

Жумладан, қонун лойиҳасига мувофиқ Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари сиёсий партияларнинг сайловларда иштирок этишини молиялаштириш учун маблағларни тақсимлаш, халқаро ҳамкорликни амалга ошириш, жамоатчилик ҳамда ОАВ билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга оид янги ваколатлар билан тўлдирилмоқда.

 

Қайд этилишича, қонун лойиҳасида иккинчи йўналиш сифатида Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 70-моддасига Марказий сайлов комиссиясини молиялаштириш Давлат бюджетида алоҳида моддада назарда тутилишини белгиловчи ўзгартишлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг сайловларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида киритилмоқда.

 

Учинчи йўналиш сифатида эса сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликнинг жорий этилаётгани эътиборга молик.

 

Равшан ТОЛИПОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент вилояти кенгаши раиси ўринбосари:

– Сайлов қонунчилигига киритилаётган ушбу ўзгартишлар сайлов жараёнларини янада либераллаштириш, унинг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин ва мустақил ифодалаши учун мавжуд механизмларни янада такомиллаштириш имконини беради. Айниқса, Ўзбекистон «Адолат» СДП дастуридан ўрин олган қонунийлик, ошкоралик ва адолатлилик принципларининг мазкур қонун лойиҳасида алоҳида моддалар орқали очиб берилаётганлиги мамлакатимизда бўлиб ўтадиган сайловларнинг очиқлик ва сиёсий бағрикенглик шароитида ўтказилишига янада кенг имконият яратади.

 

Давра суҳбатида Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзолари ва фаоллари Марказий сайлов комиссияси, Молия вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассислари иштирокида сайлов қонунчилигига оид сўнгги янгиликларни фуқаролар орасида кенг тарғиб қилиш юзасидан таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Илёс САХАТОВ,

"Adolat" мухбири

“Адолат” газетаси

№33 (994)

2014 йил 22 август 

10547

22Август 2014



Долзарб мавзулар