Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

БУ ГАЛГИ САЙЛОВЛАР

Жорий йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига сайловларга тобора яқинлашиб бормоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси матбуот котиби Низомиддин НУРМАТОВ билан суҳбатимиз умумэътироф этилган демократик андозалар асосида ўтиши кутилаётган мазкур сайловлар, унга тайёргарлик кўриш жараёни хусусида бўлди.

 

– Бу галги сайловларнинг аввалгиларидан фарқи, ўзига хос жиҳатлари қандай ўзгаришларда намоён бўлади?

 

– Дарҳақиқат, жорий йилги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади. Чунки Президентимиз томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси доирасида сайловга оид бир қатор қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартишлар киритилди. Шу ўринда бу қандай кўринишларда намоён бўлади, деган саволга аниқлик киритиб олишимиз лозим.

 

Энг аввало, таъкидлаш жоизки, сайлов тўғрисидаги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, “сайловолди ташвиқоти” тушунчаси тўлиқ очиб берилди, уни олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари белгиланди. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги, муддатидан олдин овоз беришнинг муддатлари, тартиби ва таомиллари белгилаб қўйилди. Кузатувчиларга Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича Конференциясида иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Қолаверса, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкаларини тузиш имконияти ҳам назарда тутилди. Бундан ташқари, сайлов тўғрисидаги қонунларга киритилган янги норманинг мазмунига кўра, овоз бериш кунига қадар уч кун ичида, шунингдек, овоз бериш куни жамоатчилик фикри сўровлари натижалари, сайлов натижалари тахминлари, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этишга (эълон қилишга), шу жумладан, уларни умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига (шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғига) жойлаштиришга йўл қўйилмайди.

 

Юртбошимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилиши белгилаб қўйилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилиши сайловларнинг янада демократлашувини, очиқлиги ва ошкоралигини ҳар томонлама таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Шундай қилиб, мамлакатимиз Конс­титуциясига ва сайлов тўғрисидаги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар миллий сайлов тизимининг демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар билан ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг равишда янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

Айнан шу жиҳатдан бўлажак парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар аввалгилардан тубдан фарқ қилади. Эътиборли жиҳати, Концепция доирасида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар сайлов ҳуқуқи эркинлиги принципининг янада тўлиқроқ амалга оширилиши, мамлакатимиз сайлов тизимининг янада демократлашуви, депутатликка номзодлар, сиёсий партияларга сайловолди ташвиқотини ўтказиш борасида тенг шарт-шароитлар яратиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайловнинг очиқлиги ҳамда шаффофлиги принципларини мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Демак, жорий йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган сайловлар жамиятни янада эркинлаштириш ва демократлаштириш жараёнидаги батамом янги шароитларда ўтказилади. Боиси бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиёти мустаҳкам ва барқарор ривожланиш босқичига кўтарилган бўлса, аҳолининг турмуш фаровонлиги, ҳаёт даражаси, дунёқараши ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллиги ҳам шунга мувофиқ равишда юксалиб, мамлакатимиз халқаро майдонда ўз муносиб ўрнига эга бўлмоқда.

 

– Айни кунда Марказий сайлов комиссияси томонидан қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?

 

– Хабарингиз бор, Марказий сайлов комиссияси томонидан шу йилнинг май ойида 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури қабул қилинди. Ушбу дастур доирасида бўлажак сайловларга қонунчилик талаблари, халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ равишда, юқори демократик савияда тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига эркин сайлаш ва сайланиш конс­титуциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти органларини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ишлари тайёргарлик босқичи доирасида амалга ошириб келинмоқда.

 

Жумладан, мамлакатимиз сайловчиларининг умумий сонини аниқлаштириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови бўйича тузиладиган 135 та сайлов округи харитаси лойиҳасини тайёрлаш, шу жумладан, округларнинг чегаралари, номланиши ва тартиб рақамини белгилаш, округ сайлов комиссияларини тузиш, сайлов ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш билан боғлиқ ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бўлган  ва сайлов жараёнини тартибга солишга қаратилган низом ва йўриқномалар лойиҳалари устида иш кетяпти.

 

Эътироф этиш жоизки, Марказий сайлов комиссиясининг асосий мақсадларидан бири мамлакат ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа бўлмиш сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишнинг тамойиллари ва вазифалари мазмун-моҳиятини очиб бериш, сайловчиларнинг хабардорлигини оширишдир. Бу борада комиссия томонидан манфаатдор ташкилотлар, етакчи олимлар, экспертлар ва амалиётчи ходимлар билан мустаҳкам ҳамкорлик олиб борилиб, ҳар ой учун алоҳида тузилган медиа-режа асосида республика ҳамда маҳаллий матбуотда, радио ва телевидениеда чиқишлар ташкил қилинмоқда. Бундай чиқишлар орқали демократик сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш шакллари ҳамда усуллари, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши учун тенг шарт-шароитлар яратиш, улар томонидан сайлов кампанияси борасида сиёсий этика меъёр­лари, амалдаги сайлов қонунчилиги талабларига риоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги пайтга қадар республика оммавий ахборот воситаларида сиёсий партиялар ва сайлов кампанияси бошқа субъектларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, сайлов қонунчилиги нормаларини кенг жамоатчиликка тушунтириш билан боғлиқ 280 дан ортиқ материал эълон қилинди. Уларнинг 190 дан зиёди сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ишлар ёритилишига, 90 дан ортиғи қонунчилик нормаларини кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган. Шу билан бирга матбуотда 160 дан зиёд, телевидениеда қарийб 60, радиода 20 га яқин, интернет нашрларида 10 дан зиёд материаллар эълон қилинди.

 

Сайлов мавзусида республика ОАВда эълон қилинган материаллар таҳлилига кўра, янгилик ва хабарлар 55 фоизни, таҳлилий материаллар 44 фоизни ташкил этади. Шунингдек, материалларнинг қарийб 130 таси сиёсий партиялар, 92 таси нодавлат нотижорат ташкилотлар, 70 дан ортиғи Марказий сайлов комиссияси фаолиятини ёритишга бағишлангани эътиборга молик.

 

– Сайловларнинг демократик талаблар асосида ўтишини таъминлаш, бу борада юз бериши мумкин бўлган турли ноқонуний ҳаракатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида маълумот берсангиз.

 

– 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурининг энг муҳим талаблари ва мақсадли вазифалари қаторида сайлов кампаниясининг барча иштирокчилари томонидан амалдаги қонунчилик талабларига оғишмай ва сўзсиз риоя қилинишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада, энг аввало, сиёсий партиялар, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда иштирок этадиган барча ташкилий тузилмалар ўртасида қонунчилик меъёрларига қатъий риоя қилиш зарурати хусусида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

 

Маълумки, қонунчиликка мувофиқ сайлов кампаниясини ўтказишда фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси асосий ташкилотчи ҳисобланади. Сайлов кампанияси иштирокчиларининг бирортасига бирон-бир имтиёз ва устунлик берилиши истисно қилинади. Сайлов қонунчилигининг меъёр ва талаблари, қонунлар ҳамда Дастурда белгиланган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби ҳамма учун мажбурий ва бир хилдир.

 

Дастурда аниқ кўрсатиб ўтилганидек, марказ ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг сайлов кампанияси жараёнига аралашиш, қонунчилик талабларини четлаб ўтиш, бузиш мақсадида қилинган ҳар қандай уринишларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси мобайнида қонун устуворлиги тамойилига қатъий равишда риоя қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилади. Шу жиҳатдан олганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларини янада кенгайтириш, унинг мустақиллигини янада кучайтириш, шунингдек, сайлов жараёни барча иштирокчиларининг масъулиятини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

 

Milliy tiklanish” мухбири

Умида УЗОҚОВА суҳбатлашди

Milliy tiklanish” газетаси

№34 (303)

2014 йил 3 сентябрь

12913

04Сентябрь 2014



Долзарб мавзулар