Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Марказий сайлов комиссиясида

2014 йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. 


Марказий сайлов комиссияси йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси шу йил 15 сентябрдан бошланишини эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди.


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси иккинчи қисми ва “Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг 1-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоят, туман ва шаҳар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов 2014 йилнинг декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбаси – 21 декабрда ўтказилади. 


Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланиши эълон қилиниши муносабати билан мамлакатимиз ва хорижий журналистлар учун брифинг ўтказилди.


Брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида” қабул қилинган қарор ҳақида маълумот берди ва ушбу қарорда кўзда тутилган асосий тадбирлар хусусида батафсил сўз юритди. 


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ҳам эълон қилинди.


Брифингда сайлов кампанияси доирасидаги барча тадбирлар Марказий сайлов комиссияси ва сайлов комиссиялари томонидан сайлов қонунчилигининг асосий принцип ҳамда талаблари, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш дастурига қатъий амал қилган ҳолда ўтказилиши алоҳида таъкидланди.


Бунда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясини ўтказишнинг асосий ташкилотчиси ҳисобланади. Бирон-бир ташкилотнинг, авваламбор, марказ ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг сайлов жараёнига аралашишига, шунингдек, сайлов кампанияси иштирокчиларининг ҳеч қайсисига имтиёз ва преференциялар берилишига йўл қўйилмаслиги қайд этилди. Сайлов қонунчилигининг норма ва талаблари барча учун мажбурий ва бир хилдир. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда сайлов кампанияси жараёнига аралашиш ёки қонунчилик талабларини четлаб ўтиш, бузиш мақсадида қилинган ҳар қандай уринишнинг олди олинади ва қонунчиликка мувофиқ чора кўрилади.


Брифинг иштирокчилари сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги янгиликлар билан таништирилди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш доирасида 2011, 2012 ва 2014 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ва сайлов ҳақидаги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов жараёнини янада демократлаштириш, сайлов кампаниясини умумэътироф этилган демократик принциплар ва қонунчилик талабларига тўла мувофиқ равишда ўтказиш бўйича ҳуқуқий кафолатларни кучайтиришда муҳим омил бўлганлиги таъкидланди. 


Чунончи, сайлов қонунчилигига сайловолди ташвиқотининг шакл ва усулларини аниқ белгилаш, депутатликка номзодлар, сиёсий партияларни тенг шароитлар билан таъминлаш механизмлари самарадорлигини оширишга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Сайлов давомида ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилди.


Фаолиятининг асосий принципларини мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлилик ташкил қиладиган Марказий сайлов комиссияси мақомининг конституциявий мустаҳкамланганлиги сайловларнинг демократиклиги, очиқ ва ошкоралигини ҳар томонлама таъминлашнинг муҳим кафолатига айланди. 


Тадбир қатнашчилари бўлажак сайловларни ўтказиш бўйича тайёргарлик даврида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам таништирилди. Журналистларга сайловчиларга сайлов қонунчилигининг асосий қоидаларини тушунтириш ва уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Шу мақсадда оммавий ахборот воситаларида олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг чиқишлари ташкил этилди, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида давра суҳбатлари ва илмий-амалий семинарлар ўтказилди.

ЎзА



Жорий йилнинг май-сентябрь ойларида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Марказий сайлов комиссияси томонидан демократик сайловларни ўтказишнинг халқаро стандартлари, миллий сайлов қонунчилигини ривожлантириш ва такомиллаштириш масалалари, сайлов кампаниясининг барча босқичларида қонунийлик тамойилига амал қилган ҳолда сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга бағишланган халқаро тадбирлар ўтказилгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Уларда Бутунжаҳон сайлов органлари уюшмаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Миллий демократия институти (АҚШ) экспертлари, АҚШ, Франция, Испания, Италия, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия ва бошқа давлатлардан олимлар ва мутахассислар иштирок этди. Хорижлик иштирокчилар Ўзбекистон сайлов қонунчилиги умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий нормалар ва демократик стандартларга тўла мос келишини таъкидлади.


Брифингда бугунги кунда Ўзбекистонда эркин, адолатли ва демократик сайловларни очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик руҳида ўтказиш учун барча зарур ҳуқуқий асослар мавжудлиги қайд этилди.

8021

11Сентябрь 2014



Долзарб мавзулар