Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Ишонч ва хайрихоҳлик ифодаси

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар вакилларига сайловчилар имзосини тўплаш учун имзо варақалари берилди.

Мазкур жараён сиёсий партияларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловда иштирокини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилмоқда.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча сиёсий партия — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси парламент сайловида иштирок этиш истагини билдирди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ белгиланган намунадаги имзо варақалари Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинганидан кейин берилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинадиган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинган сиёсий партиялар депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. Марказий сайлов комиссияси вакилларининг таъкидлашича, сиёсий партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида қирқ мингта имзосини тўплаши зарур. Бунда республикамизнинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳрида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги белгиланган.

Бугунги кунда мамлакатимиздаги сиёсий партиялар вакиллари мазкур масъулиятли жараёнга қизғин киришишган.

— Сайлов демократия кўзгуси, сиёсий партиялар учун ўзига хос синовдир, — дейди ЎзЛиДеП фаоли Алишер Маҳкамов. — Зеро, бу улар давлат ва жамият қурилишининг муҳим масалалари бўйича аниқ позицияси билан сайловчилар орасида қанчалик обрў-эътибор қозонаётганининг, сиёсий партиялар ўз электорати манфаатларини нечоғли самарали илгари сура олаётганининг кўрсаткичидир. Биз мамлакатимиз парламентига сайловларда иштирок этишнинг муҳим шарти бўлган сиёсий партияларни қўллаб-қувватлаш учун имзо йиғиш жараёнида баҳо оламиз. Шуни айтиш жоизки, имзо тўплаш жараёни электоратимизнинг мамлакатимизда бўлажак сайловларга катта қизиқиш билдираётганини тўла намойиш этмоқда. Тадбиркорлар, ишбилармонлар, фермерлар ЎзЛиДеПни қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплаш жараёнида қатнашишдан манфаатдор.

Уларнинг аксарияти бу нафақат имзо тўплаш, балки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишлбилармонлик муҳитини шакллантириш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш эканлигини ҳам таъкидламоқда.

Бугун республикамизнинг барча ҳудудида бошланган сиёсий партияларнинг парламент сайловида иштирокини қўллаб-қувватлаш бўйича имзо тўплаш жараёни жинси, ижтимоий шароити, ёшидан қатъи назар, аҳолининг ҳуқуқий онг даражаси ошганидан, унинг сиёсий фаоллигидан далолат беради. Чунончи, Зангиота туманида истиқомат қиладиган Муҳтабар Эшонқулова 83 ёшда бўлишига қарамай, сайловда қатнашишни истайди. Онахон Ўзбекистон Халқ демократик партиясини қўллаб-қувватлаб имзо чекди.

— Маълумки, сайловлар ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим таркиби ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент вилояти кенгаши раиси ўринбосари Меҳрож Дархонов. — Ушбу сиёсий жараён фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш принципини амалда таъминлайди. Бунга имзо тўплаш жараёни яққол мисолдир. Негаки, электоратимиз вакиллари катта шижоат билан имзо варақаларини тўлдиришмоқда. ХДПнинг дастурий мақсадларига мувофиқ атрофда юз бераётган ҳодисаларга тезкорлик билан муносабат билдириб, воқеалар марказида, одамлар орасида бўлиб турибмиз, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами билан мунтазам иш олиб бораяпмиз. Муаммоларни ўрганиб, уларни маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар гуруҳларимиз орқали ҳал қилаяпмиз. Қолаверса, партиянинг жамоатчилик қабулхонаси доимий ишлаб турибди. Унда электоратимизни ўйлантираётган кўплаб масалалар амалий ечимини топмоқда.

— Имзоларни тўплаш жараёнида партиямиз аъзолари, электоратимиз вакиллари фаоллик кўрсатмоқда, — дейди Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Миробод тумани кенгаши раиси Алишер Мақсудов. — Мазкур жараён шуни кўрсатаяптики, бугунги сайловчилар бундан аввалги сайловчилардан бирмунча фарқ қилади. Хусусан, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти сезиларли даражада юксалган. Имзо қўйиш жиддий ўйланган қадам бўлиб, бу шахснинг мамлакатни янада ривожлантиришда сиёсий партия фаолиятининг аҳамиятини тушунишидан далолатдир.

— Бу шунчаки сайлов эмас, айни чоғда фуқаролик жамиятини бунёд этиш жараёни ҳамдир, — дея суҳбатимизга қўшилади “Миллий тикланиш” партияси фаоли Тоҳир Солиев. — Мамлакатимизнинг янада ривожланиши мазкур жараён билан бевосита боғлиқ эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Мен бугун партиямизни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳужжатларга имзо чекдим. Республикамиз учун муҳим бир даврда ўтажак сайловларда ҳар бир фуқаронинг позицияси долзарб аҳамиятга эга.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига биноан, сиёсий партия депутатликка номзодлар кўрсатиш учун 12 октябргача Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия Қонунда белгиланган муддатда рўйхатга олинганини тасдиқловчи маълумотномаси, шунингдек, имзо варақаларини тақдим этиши шарт. Сайловчилар имзоларини тўплаш жараёни республикамизнинг барча ҳудудида жадал олиб борилмоқда.

— Мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёни давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқароларнинг кенг иштирокини тақозо этади, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Р. Отарбаев. — Энг муҳими, бунинг учун барча шарт-шароит яратилган. Сайлов кампаниясида юртдошларимиз юқори даражада фаоллик кўрсатаётганлиги ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлганидек, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам партиянинг барча бошланғич бўғинларида имзо тўплаш жараёни қизғин паллага кирди. Мазкур жараёнда электоратимиз ҳамда партиямиз аъзолари, педагоглар, шифокорлар, муҳандислар, корхоналар ходимлари ҳам фаол қатнашаяпти.

Сайловчиларнинг сиёсий партияларнинг парламент сайловида иштирок этишини қўллаб-қувватлаш учун имзо тўплаш жараёни давом этмоқда.

 

Қобил ХИДИРОВ

 

8057

25Сентябрь 2014



Долзарб мавзулар