Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Очиқ ва эркин сайловлар – демократия асоси

2014 йил 21 декабрда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган қарорга мувофиқ сайлов кампанияси шу йилнинг 15 сентябридан бошланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов ЎзА мухбирига миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш мақсадида сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, бўлажак сайлов қандай ташкил этилиши, унга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш қандай принципларга асосланиши хусусида сўзлаб берди.

 

– Сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқимизнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириши, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокининг асосий шаклидир, – дейди М.Абдусаломов. – Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда амалга оширилган босқичма-босқич ва изчил ислоҳотлар самарасида энг юксак демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, мамлакатимиз Асосий Қонунида мустаҳкамланган ҳар кимнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган сайлов тизими яратилди.

 

Айни пайтда сайлов тизимининг такомиллаштирилаётгани мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган демократик ўзгаришларнинг таркибий қисми бўлиб, мамлакатимизнинг жадал суръатлар билан тараққий этиб бораётгани ва жамиятимиз яшаётган янги шароитлар сайлов жараёнларини янада демократлаштириш зарурлигини тақозо этмоқда.

 

Масалан, аҳоли, айниқса, ёшларнинг дунёқараши ва онгу тафаккури ўзгариб, сиёсий ва фуқаролик фаоллиги, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси ортиб бораётгани ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг муҳим самараларидан биридир.

 

Шу билан бирга, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотлар жараёнига, қонун ижодкорлиги даражаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти, сиёсий партиялар дастурий мақсадлари ва депутатларнинг амалий фаолиятини баҳолашга нисбатан талабчанлиги ҳам сезиларли равишда ошди.

 

Буларнинг барчаси бўлажак сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш учун мустаҳкам асос яратади ва сайлов жараёнини ташкил этишга жалб этилган барча тузилмалар зиммасига катта масъулият юклайди.

 

– Миллий сайлов тизимида мустаҳкамланган асосий демократик принциплар ҳақида сўзлаб берсангиз.

 

– Мамлакатимизда сайловларнинг самарали ҳуқуқий негизи яратилган бўлиб, сайлов тўғрисидаги қонунчилик миллий тажриба ва умумэътироф этилган халқаро нормалар инобатга олинган ҳолда, босқичма-босқич шакллантирилди. Ўзбекистонда ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентликнинг демократик принциплари асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига сўзсиз риоя этиш, сайловчиларга сайловда эркин иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар, депутатликка номзод кўрсатадиган сиёсий партияларга сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар яратишга қаратилган.

 

Сайловларнинг қонун талабларига тўла мувофиқ равишда очиқлик ва ошкоралик асосида ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган сайлов комиссияларининг мустақил тизими амал қилиши миллий сайлов тизимининг энг муҳим хусусияти ҳисобланади.

 

Қонунчиликка мувофиқ, сайлов комиссиялари мустақил бўлиб, фақат қонунга бўйсунади. Ҳокимият тузилмалари, жамоат бирлашмаларининг сайлов комиссиялари фаолиятига аралашишига ҳар қандай уринишлар тақиқланади.

 

Сайлов қонунчилигига кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича мутлақ ваколатлар берилган. Бундай мақом сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида қонунийликни таъминлаш, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

 

Сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сайлов тўғрисидаги қонунларда халқаро тажриба ва мамлакатимиз амалиёти ҳисобга олинган ҳолда, сайлов жараёнининг барча босқичларида сиёсий партиялардан кузатувчилар, ОАВ вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар иштирок этиши мустаҳкамланган.

 

Мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик ҳаракатига 15 та депутатлик ўрни берилгани ҳам буни тасдиқлайди. Ушбу норма атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик вазият ва фуқаролар саломатлигини яхшилаш масалаларининг муҳимлигидан ва уларнинг ҳал этилишидан аҳолининг барча қатламлари манфаатдор эканидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган.

 

– 2014 йилдаги сайлов қандай хусусиятларга эга, сўнгги йилларда сайлов қонунчилигига қандай ўзгартишлар киритилди?

 

– Мамлакатимиз парламенти ва давлат ҳокимиятининг жойлардаги вакиллик органларига бўлажак сайлов янги ижтимоий-сиёсий, ижтимоий- иқтисодий шароитларда ўтади.

 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли комплекс ислоҳотларни амалга оширишда эришилган улкан муваффақиятлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда ва Ўзбекистон халқаро майдонда ўзининг муносиб ўрнига эга. Аввало, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва фуқаролар тотувлиги мустаҳкамланиб, сўнгги йилларда иқтисодий барқарор ўсиш суръатларининг 8 фоиздан кўпроқни ташкил қилаётгани, халқимиз фаровонлиги, ҳаёт даражаси ва сифатининг узлуксиз ошиб бораётгани, шунингдек, уларнинг фуқаро сифатида ўзини ўзи англаши, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётгани энг катта ютуғимиздир.

 

Президентимиз Ислом Каримов Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ҳаётимизнинг барча соҳаларини жадал суръатда модернизация қилиш ва янгилаш жараёни билан боғлиқ янги талабларга мувофиқ келгуси давр учун, шу жумладан, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида янги вазифаларни белгилаб берди.

 

Ушбу дастурий ҳужжатда давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, давлат ва жамият қурилиши тизимида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ролини ошириш, унинг назорат вазифаларини кенгайтириш, кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирларнинг белгилангани муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Шу мақсадда давлатимиз раҳбари илгари сурган қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш чоғида Асосий Қонунимизга ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимини янада такомиллаштириш, ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлашнинг яхлит тизимини шакллантириш ҳамда ривожлантиришга қаратилган қатор тузатишлар киритилди. Бундан ташқари, қонунларни кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичларида депутатлар бирлашмалари ҳамда сиёсий партиялар фракцияларининг роли кучайди. Жойларда ислоҳотларни ҳаётга муваффақиятли татбиқ этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳам сиёсий партиялар, ҳокимият вакиллик органларининг ўрни ва масъулияти ошиб бормоқда.

 

Мамлакатимиз қонунчилигига киритилган ушбу барча ўзгартишлар қонунчилик ва ижро ҳокимияти фаолиятини янада демократлаштириш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, партиялараро рақобатни кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган тузатишлар сайлов қонунчилигини эркинлаштириш жараёнининг мантиқий давоми бўлди. Жаҳон амалиётида илк бор Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига бошқа ҳокимият органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни таъминлайдиган давлат ҳокимияти органи тизимида алоҳида ўрин тутган конституциявий орган мақоми берилди. Бу сайловларнинг демократлиги, очиқлиги ва ошкоралигини ҳар томонлама таъминлаш кафолатига айланди.

 

Концепцияни татбиқ этиш доирасида сайлов қонунчилигига сайлов эркинлиги принципини тўлиқ амалга ошириш, сайловолди ташвиқотини олиб боришда депутатликка номзодлар, сиёсий партияларга тенг шарт-шароитлар яратиш самарадорлигини ошириш, сайлов давомида ошкораликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Жумладан, сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари белгилаб қўйилди. Сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги белгиланди. Бундан ташқари, ҳокимият вакиллик органларига сайлов тўғрисидаги қонунларга овоз бериш кунига қадар уч кун ичида, шунингдек, овоз бериш куни жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари тахминларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этишга (эълон қилиш), жумладан, уларни умумий фойдаланувдаги ахборот-телекоммуникация тармоқларига, хусусан, интернетга жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги норма киритилди. Бу сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришини таъминлаш кафолатини кучайтиради.

 

Кузатувчиларга Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг конференциясида иштирок этиш ҳуқуқи берилган бўлиб, бу мамлакатимизда сайлов жараёнининг очиқлиги ва ошкоралиги принципларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Марказий сайлов комиссияси ушбу талабларни инобатга олган ҳолда, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқди ҳамда тасдиқлади.

 

– Айтингчи, мазкур дастурнинг мазмун-моҳияти нималардан иборат ва унда сайлов кампанияси давомида ҳал этилиши лозим бўлган қандай вазифалар қўйилган?

 

– Қонунчилик талаблари ва халқаро сайлов стандартларига тўлиқ мувофиқ равишда ишлаб чиқилган ушбу дастурда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича муҳим талаб ва вазифалар, аниқ вақт жадвалига биноан бўлажак барча тадбирлар ва масъул тузилмалар белгиланган. Бу сайловга юксак демократик савияда тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлаш имконини беради.

 

Чунончи, сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг қоидаларини сайловчиларга кенг тушунтириш, фуқароларни депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, уларнинг ишчанлик ва ахлоқий фазилатлари билан таништириш, сайловчиларнинг бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнидан хабардорлигини ошириш бўйича самарали ахборот-таҳлил ишларини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратишга оид зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сайлов кампаниясида ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштирок этиши, уларнинг ижтимоий фаоллигини, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шарт-шароит яратиш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради. Бу борада сайловда иштирок этаётган ёшларга алоҳида эътибор қаратилади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда хотин-қизлар ўртасида сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг янги нормаларини уларнинг сайлов ҳуқуқларини тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

 

Сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга ўз сайловолди дастурларининг қоидаларини, мамлакатни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратиб берилади.

 

Айни пайтда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча сиёсий партиялар – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, «Адолат» социал-демократик партияси парламент сайловида иштирок этиш истагини билдирди.

 

Сиёсий партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида қирқ мингта имзосини тўплаши зарур. Бунда мамлакатимизнинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳрида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги белгиланган.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига мувофиқ сиёсий партия парламент сайловида иштирок этиш ва депутатликка номзодлар кўрсатишга ижозат олиш учун 12 октябргача Марказий сайлов комиссиясига партия раҳбари томонидан имзоланган сайловда иштирок этиш тўғрисидаги ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия қонунда белгиланган муддатда рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи маълумотномаси, шунингдек, имзо варақаларини тақдим этиши шарт.

 

Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг сайлов қонунчилиги принциплари ва талабларини ҳисобга олган ҳолда сайлов жараёнида сиёсий рақобатнинг маданий шаклларидан фойдаланишларига кўмаклашишга катта аҳамият берилади.

 

Бунда сайлов кампанияси барча иштирокчиларининг амалдаги қонунчилик талабларига сўзсиз ва аниқ риоя этиши муҳим талаб ҳисобланади.

 

Шу нуқтаи назардан, дастурда фақат Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясини ўтказишнинг асосий ташкилотчиси ҳисобланиши тўғрисидаги қонунчилик қоидасини изчил ва сўзсиз амалга ошириш зарурлиги қайд этилган. Ҳеч ким, сайлов жараёнига аралашиши мумкин эмас. Авваламбор, марказдаги ва жойлардаги давлат ҳокимияти органлари сайлов кампанияси жараёнига аралашиш, қонунчилик талабларини четлаб ўтиш, бузиш мақсадида қилинган ҳар қандай уринишлар, аниқланган ҳомийлик ҳолатларига нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади ва айбдорлар жазоланади.

 

Сайлов кампанияси иштирокчиларининг бирортасига бирон-бир имтиёз ва устунлик берилиши истисно қилинади. Сайлов қонунчилигининг меъёрлари, талаблари, қонунда ва ушбу дастурда белгиланган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби ҳамма учун мажбурий ва бир хил ҳисобланади.

 

Бугунги кунда ушбу муҳим вазифаларни бажариш бўйича фаол ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада оммавий ахборот воситалари, сайлов комиссиялари, сайлов қонунчилиги соҳаси олимлари ва мутахассислари салоҳиятидан фойдаланилмоқда.

 

Мисол учун, мамлакатимиз ва чет эл экспертлари, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган қатор тадбирлар ташкил этилди. Парижда “Сайлов тизимини демократлаштириш ва парламентаризмни ривожлантириш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт”, Тошкентда “Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва демократик сайловларни ўтказишнинг халқаро стандартлари”, Самарқандда “Сайловларни ташкил этиш ва ўтказишда очиқлик, ошкораликни таъминлаш ва қонунга риоя этишда қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида қатор халқаро конференциялар ва давра суҳбатлари ўтказилди.

 

Ушбу тадбирларнинг ўзказилиши чет эл ижтимоий-сиёсий доиралари вакиллари ва экспертлар ҳамжамиятини Ўзбекистонда миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар ҳақида тўлиқ ва холис хабардор қилишга ёрдам берди.

 

Бундан ташқари, кенг жамоатчиликка 2014 йилги сайлов кампаниясининг барча жиҳатларини тушунтириш мақсадида етакчи олим ва экспертларнинг марказий ҳамда ҳудудий теле- ва радиоканалларда 300 дан зиёд чиқишлари ташкил этилди, марказий ва маҳаллий босма нашрларда 570 дан ортиқ мақола чоп этилди, интернетдаги хорижий сайтларда 580 дан зиёд материаллар жойлаштирилди.

 

Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар доирасида бўлажак сайловларнинг мазмун-моҳияти, сайлов кампанияси ҳар бир босқичининг асосий вазифалари очиб берилмоқда. Сайлов масалалари бўйича ҳуқуқий ҳужжатлар, рисола ва услубий қўлланмалар тўплами нашрга тайёрланмоқда.

 

Сайлов жараёнини ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимларининг малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси негизида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилди, 120 нафар ОАВ вакили ўқитилди. Бундан ташқари, жойларда “Сайловларни ёритишда ОАВнинг роли” мавзусида ўтказилган 14 давра суҳбатида ҳудудий оммавий ахборот воситаларининг 370 нафар журналисти иштирок этди.

 

– Бўлажак сайловларни ўтказишда оммавий ахборот воситаларининг роли ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.

 

– Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда оммавий ахборот воситалари фуқаролик институтларидан бири сифатида ҳаётга татбиқ этилаётган ўзгаришларда фаол иштирок этмоқда. Улар демократик қадриятлар, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлар ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда, уларнинг ўз фикр ва ғояларини, ён-атрофда рўй бераётган воқеаларга нисбатан нуқтаи назари ҳамда муносабатини эркин ифода этиши имкониятини таъминламоқда, жамоатчилик фикрини шакллантирмоқда. Бу эса аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга ёрдам бермоқда. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сайлов комиссиялари фаолияти ошкоралигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

 

Бугунги кунда демократик сайловларни эркин ва мустақил оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Негаки, улар фуқароларнинг сиёсий партиялар фаолияти, уларнинг сайловолди дастурлари, депутатликка кўрсатаётган номзодлари, сайлов жараёнининг барча босқичлари ҳақида ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаши лозим. Шундай қилиб, оммавий ахборот воситалари демократик сайловларни очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик асосида ўтказишда муҳим восита бўлиб, фуқаролик жамиятининг сайловда фаол иштирок этишига жиддий таъсир кўрсатади.

 

Мамлакатимиз сайлов қонунчилигида оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик кўриш жараёни ва сайлов қандай ўтаётганини ёритиб бориши мустаҳкамланган. Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда оммавий ахборот воситалари тенг шарт-шароит ва имкониятлар принципига амал қилган ҳолда, депутатликка номзодларга, сиёсий партиялар вакилларига ўз эфир вақти ва нашр майдонини қонунда белгиланган тартибда тақдим этади. Бундан ташқари, улар фуқаролик жамияти институтларидан бири сифатида сайлов жараёнида жамоатчилик назорати вазифасини бажаради.

 

Сайлов жараёнининг барча босқичлари очиқлиги, ошкоралигини таъминлаш, жамоатчиликни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида ОАВ орқали ўз вақтида холис хабардор қилиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йилги сайловни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил қилинди. Ушбу марказ Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясининг асосий босқичларига бағишлаб ўтказадиган брифинглар, матбуот анжуманларини ташкил этади, мамлакатимиз ва чет эл ОАВ вакилларини мазкур муҳим демократик жараён билан боғлиқ зарур ахборот материаллари билан таъминлайди. Айни пайтда журналистларни Марказий сайлов комиссиясининг www.elections.uz сайтида эълон қилинган аккредитациядан ўтказиш тартибига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига хорижий ва миллий ОАВ вакилларидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

 

Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир ишлар давом этмоқда. Мазкур ишлар сайлов тўғрисидаги қонунчилик, Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган дастур ва тадбирлар календарь режасига қатъий амал қилган ҳолда изчил амалга оширилмоқда. Қонун талабларига сўзсиз ва қатъий риоя этиш, шубҳасиз, бўлажак сайловни демократия принциплари асосида очиқ ва ошкора ўтказишни таъминлайди.

 

Меҳрибон Маметова,

ЎзА

 

15540

25Сентябрь 2014



Долзарб мавзулар