Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сиёсий партияларнинг сайловчилар имзосини тўплаш жараёни давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йилнинг 15 сентябридан мамлакатимиз парламенти қуйи палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси расман бошлангани эълон қилинди.

 

Шу кунларда сайлов кампаниясининг барча босқичларида шаффофлик, ошкоралик, очиқликни таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соҳага оид ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани бўлажак сайловларни энг демократик талабларга ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ тарзда ўтказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган барча сиёсий партиялар – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси парламент сайловида иштирок этиш истагини билдирган.

 

Сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига мувофиқ сайловчилар имзосини тўплаш учун белгиланган намунадаги имзо варақалари берилган.

 

Қонунчиликка мувофиқ, сиёсий партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида қирқ мингта имзосини тўплаши зарур. Бунда мамлакатимизнинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳрида тўпланган имзолар сони талаб этилган умумий имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги белгиланган.

 

– Президентимиз раҳнамолигида барпо этилган кучли фуқаролик жамиятига асосланган демократик ҳуқуқий давлатимиз асослари мустаҳкамлангани фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти, сиёсий онги ошиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда, – дейди Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Мустафхон Султонов. – Бу фуқароларнинг бу йил бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараён – сайловларга бўлган муносабатида яққол намоён бўлаётир. Сайлов кампанияси бошлангани эълон қилиниши билан нафақат электоратимиз бўлган тадбиркор ва фермерлар, балки кенг омманинг воқеликка катта қизиқиш билан муносабатда бўлаётгани кузатилди. Имзо тўплаш жараёнида ҳам аҳолининг фаоллиги кўзга ташланмоқда. Чунки жуда қисқа муддатда вилоятимиздан партиямиз учун зарур бўлган имзолар тўпланди.

 

– Яқиндагина бошланган сайлов жараёни олдинги сайловлардан фарқ қилади, – дейди Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Андижон вилояти кенгаши раиси Комилжон Отахонов. – Чунки одамларнинг дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати ўзгарган. Фуқароларимиз сайлов орқали муҳим ҳуқуқини амалга оширишини, бу уларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки эканини яхши билади. Бу борада мамлакатимизда барча ҳуқуқий кафолатлар яратилгани ҳам юртдошларимиз ишончини мустаҳкамлаган. Партияларга яратиб берилган имкониятлар туфайли биз аҳолининг барча қатламларига кириб бориб, уларга яқиндан кўмаклашмоқдамиз. Бунинг самараси имзо тўплаш жараёнида яққол намоён бўлмоқда.

 

– Мамлакатимиздаги иқтисодий, ижтимоий барқарорлик туфайли аҳоли тинч ва фаровон ҳаёт кечирмоқда, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Хоразм вилояти кенгаши раиси Райимберган Собуров. – Бундан кўнгли тўлиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлган фуқароларимиз юртимизда бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан яшамоқда. Улар амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот эртага ўзи, оиласи, фарзандлари тақдирида ижобий мазмун касб этишини жуда яхши билади. Шу маънода бўлажак сайловларнинг юксак савияда ўтказилиши, унда сайловчиларнинг фаол иштироки мамлакатимизнинг янги марраларга етишида, жаҳон ҳамжамиятидаги ўз ўрнини янада мустаҳкамлашида муҳим аҳамият касб этади. Буни чуқур англаган вилоятимиз сайловчилари имзо тўплаш жараёнида фаоллик кўрсатмоқда.

 

– Сайлов жараёнида очиқликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари янада такомиллаштирилгани унинг юқори демократик талаблар асосида ўтказилишига кенг йўл очди, – дейди Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши раиси Камолжон Шодиметов. – Жорий йилда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тармоқлари фаолиятини янада демократлаштириш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш, демократик жамиятнинг энг муҳим таркибий қисми бўлган партиялараро рақобатни кучайтиришни назарда тутувчи янги қонун қабул қилингани жамиятимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Янгича шароитда бўлиб ўтадиган сайловларга аҳолининг қизиқиши юқори. Буни имзо тўплаш жараёнида уларнинг фаоллиги ҳам яққол тасдиқлаб турибди.

 

Таъкидлш лозимки, тўпланаётган имзолар имзо варақалари топширилгач, Марказий сайлов комиссияси уларнинг тўғри тўлдирилганини текширади.

 

Мазкур жараён бутун мамлакатимиз бўйлаб давом этмоқда.

 

Н.Абдураимова,

ЎзА

9582

24Сентябрь 2014



Долзарб мавзулар