Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сиёсий партияларнинг нуфузи ошмоқда

Тошкент шаҳрида “Сиёсий партиялар ва сайловлар: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан Марказий сайлов комиссияси ҳамда бошқа бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уюштирилди.

 

Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлажак сайловлар учун сайлов кампанияси бошланган дастлабки кунларда ўтказилгани билан алоҳида аҳамиятга эгадир. Шуни қайд этиш керакки, бу жараён мамлакатимизни демократик ривожлантиришнинг янги босқичида, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар янада чуқурлашган ҳамда фуқаролик жамиятининг роли ошган бир шароитда ўтмоқда.

 

Парламентга сайловлар бўйича асосий сиёсий воқеликка тайёргарлик эълон қилинганидан сўнг барча сиёсий партиялар сайловларда қатнашиш истагини билдирди. Ҳозирги кунда сиёсий партияларнинг сайловларда иштирокини қўллаб-қувватлаб имзо тўпланмоқда.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, етакчи илмий тадқиқот ва ўқув муассасалари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда Франция, Германия, АҚШ, Корея Республикаси ва бошқа мамлакатлардан келган олимлар ҳамда экспертлар, ЕХҲТ, ЮНЕСКО, Миллий демократия институти, Фридрих Эберт номидаги фонд вакиллари қатнашди.

 

Таъкидланганидек, сиёсий партиялар фуқароларни ўзаро бирлаштиришнинг ўзига хос ноёб шакли бўлиб, уларнинг асосий вазифалари давлат бошқарувида иштирок этиш ҳамда сайловларда номзодларни илгари суриш орқали фуқароларнинг сиёсий иродасини ифодалашдир.

 

Бунда сиёсий партиялар фуқароларнинг сиёсий ҳаётда фаол қатнашишининг муҳим воситаси сифатида электоратнинг хабардорлигини ва фаоллигини оширишда ўзига хос ўрин тутади.

 

Давра суҳбатида сиёсий партияларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда иштирок этиши борасидаги умумэътироф этилган нормалар кўриб чиқилди ҳамда анжуман қатнашчилари сайлов қонунчилигини ривожлантириш ва сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларидаги иштирокини кенгайтириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси билан батафсил таништирилди. Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимизда юксак демократик талабларга тўла жавоб берадиган замонавий сайлов тизими яратилди. Сайловларнинг самарали, умумэътироф этилган халқаро норма ва принципларга мос келадиган, фуқаролар ўз хоҳиш-иродаларини билдириш эркинлиги кафолатларини, ҳар кимнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган норматив-ҳуқуқий базаси шакллантирилди.

 

2010 йилда қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси сайлов ҳуқуқини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлди. Ушбу дастуриламал ҳужжат асосида сайлов қонунчилигига фуқаролар сайлов ҳуқуқини янада тўлиқроқ таъминлашга доир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Охирги киритилган тузатишларга мувофиқ, фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига конституциявий мақом берилди.

 

Анжуманда сиёсий партиялар фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловлар ўтказишда, марказ ва жойларда давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда фуқароларнинг ўз хоҳиш-истагини эркин ифодалашининг муҳим воситасига айланиб бораётгани хусусида алоҳида сўз юритилди.

 

Айтиш жоизки, мустақиллик йилларида юртимизда умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларга тўла мос келадиган сиёсий партиялар фаолияти, уларнинг сайловларда қатнашишининг ҳуқуқий асоси яратилди. Булар, аввало, мамлакатимиз Конституцияси, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидир.

 

Мамлакатда кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм ривожланиши учун қонунчиликда барча шарт-шароит яратилган. Ўзбекистон қонунчилигида сиёсий партиялар фаолияти эркинлиги кафолатлари мустаҳкамланган бўлиб, уларнинг ишига аралашиш ман этилади. Сиёсий партиялар парламентнинг қуйи палатасига ўтказилган сайловлар натижасида керакли депутатлик ўрнини қўлга киритганларидан сўнг ўзининг устав фаолиятини амалга ошириш учун давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ҳуқуқига эгадирлар. Сaйлoв тўғрисидaги қoнун ҳужжaтлaригa сиёсий пaртиянинг “вaкoлaтли вaкили” дeгaн янги институт киритилди ҳамда унгa имзo вaрaқaлaрининг тўғри тўлдирилишини тeкширишдa, сaйлoв учaсткaлaридa oвoзлaрни сaнaб чиқишдa иштирoк этиш ҳуқуқи бeрилди.

 

Мамлакат парламентининг қуйи палатасига ўтказилган сайловда энг кўп депутатлик ўрнини қўлга киритган сиёсий партия Бoш вaзир нoмзoдини таклиф қилиш ва уни лавозимидан озод қилиш ташаббусини илгари суриш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, қонунчиликда вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларини тайинлашда тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказилиши лозимлиги тўғрисидаги норма белгилаб қўйилган.

 

2012 йилда сайлов қонунчилигига сайловолди ташвиқотини ўтказишда дeпутaтликкa нoмзoдлaр вa сиёсий пaртиялaргa тeнг шaрoитлaр ярaтиш мexaнизмлaрининг сaмaрaдoрлигини oширишгa қaрaтилгaн ўзгартишлар киритилди. Хусусан, “сайловолди ташвиқоти” тушунчаси, бундaй тaшвиқoтни oлиб бoриш шaртлaри, турлaри, руxсaт этилгaн шaкл ҳaмдa усуллaри қoнунчиликда мустаҳкамланди.

 

Давра суҳбати иштирокчилари Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари билан танишиб, унга асосан, давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайловларнинг барча босқичларида партиялараро рақобат кучайганини эътироф этишди. Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида бўшаб қолган депутатлик ўринларига ўтказилган сайловлар таҳлилига кўра, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзод кўрсатиш даражаси ошган. Депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб боришда ҳам партиялар фаоллиги ортган. Шунингдек, сиёсий партиялар томонидан ўз кузатувчилари ҳамда ваколатли вакилларининг қарийб барча сайлов участкаларида бўлиши таъминланган. Кенг тушунтириш ишларининг олиб борилгани, электорат, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари билан изчил ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани фуқаролар фаоллигининг ўсишига, сиёсий маданият ва ҳуқуқий онгнинг юксалишига хизмат қилди.

 

Тадбирда хорижлик экспертлар ўз мамлакатларида сиёсий партияларнинг сайлов жараёнидаги иштироки бўйича тўпланган тажриба ҳақида сўзлаб беришди. Хусусан, Жанубий Кореяда сиёсий партиялар фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари ва уларнинг давлат бошқарувидаги иштироки, Германияда сайлов жараёнларида сиёсий партиялар иштирокининг ҳуқуқий механизмлари, Францияда фуқаролик жамияти институтларининг мазкур сиёсий жараёндаги роли ҳамда сиёсий партияларнинг сайлов кампаниясидаги иштирокига оид АҚШ тажрибаси, бугунги кунда сайлов жараёнларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш масалалари хусусида маърузалар тингланди.

 

Давра суҳбатида сайлов кампаниясида оммавий ахборот воситаларининг ролига алоҳида урғу берилди. Ўзбекистондаги сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқотининг турли шакл ва усуллари тақдим қилинди, оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқотини олиб боришда сиёсий партияларга тенг имконият яратиб бериши масалалари муҳокама этилди.

Халқаро давра суҳбати амалий мулоқот, қизғин мунозаралар ва ўзаро фикр алмашиш руҳида ўтди. Тадбир якунида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Сўз — давра суҳбати иштирокчиларига

Дьердь САБО,

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори:

— Бугун Ўзбекистон мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим синовга ҳозирлик кўрмоқда. Зеро, сайловлар демократиянинг негизи ҳисобланади. У мамлакат эртага қандай тараққиёт йўлидан боришини белгилаб беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўтган йили декабрь ойида ўз маърузасида ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партиялар ролини кескин кучайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Мамлакатингиз сиёсий партиялари фаолияти тобора кенгайиб, сайлов кампаниясига фаол киришгани қувонарли ҳолдир.

 

Эрика БРЭТ,

Миллий демократия институтининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари (АҚШ):

— Ўзбекистонда изчил демократик янгиланишлар кечаётганлигидан яхши хабардорман. Сиёсий партияларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотлардаги иштироки тобора юксалмоқда. Муҳими, улар жамиятни янада ривожлантириш бўйича турли фикр ва стратегияга эга. Сиёсий партиялар мамлакат фуқароларини умумий мақсадлар атрофида бирлаштириб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини илгари сураяпти. Давлат ҳамда жамият ўртасида кўприк вазифасини бажариш орқали қонунчилик ҳокимиятида борган сари мустаҳкам позицияни эгаллаб, жамиятдаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонунларни қабул қилишда фаол қатнашмоқдалар.

 

Эммануэль ДЮПЮИ,

Европада прогнозлаштириш ва хавфсизлик институти президенти (Франция):

— Марказий сайлов комиссиясига конституциявий мақомнинг берилиши, унинг мустақиллиги асосий принцип сифатида белгилаб қўйилгани мамлакатингизнинг жадал демократик тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Зотан, Марказий сайлов комиссияси мустақиллиги адолатли сайловлар кафолатидир. Бу ерда, шак-шубҳасиз, Марказий сайлов комиссиясининг сайловчилар, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари, парламент палаталари билан ҳамкорлиги жуда муҳим саналади.

 

Чой Жун ЁНГ,

Инха университети профессори (Жанубий Корея):

— Демократия йўлидан ривожланаётган мамлакат учун аҳолининг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш долзарб аҳамиятга эга. Юртингизда мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани айни муддаодир. Бу мамлакатингиздаги сиёсий ислоҳотларни ва ўзгаришларни амалга оширишда жуда ҳам муҳим. Корея Республикаси тажрибасидан келиб чиқиб айтишим мумкинки, сиёсий партияларга электоратнинг ишончи бўлмаса, ўзаро алоқа яхши йўлга қўйилмаса, кутилган натижага эришилмайди. Бугун юртингизда сиёсий плюрализмни ривожлантириш, сиёсий партияларнинг сайловларда иштироки бўйича батафсил маълумот олдим. Ўзаро фикр алмашинуви чоғида билдирилган мулоҳазалар эса демократияни янада ривожлантириш нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятлидир.

Қобил ХИДИРОВ

27 Сентябрь 2014

15297

27Сентябрь 2014



Долзарб мавзулар