Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

ОЧИҚЛИК, ҲАҚҚОНИЙЛИК ВА ХОЛИСЛИК

Оммавий ахборот воситалари сайловчиларга, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, шу жумладан, сайлов жараёнига катта таъсир кўрсатади.

 

Зотан, сайлов кампаниясини ёритишда журналистлар жуда муҳим ижтимоий вазифани бажарадилар: улар фуқароларнинг сайлов жараёни, унда қатнашаётган номзодлар ҳамда сиёсий партиялар, уларнинг сайловолди дастурлари ҳақида имкон қадар тўлиқ ва батафсил ахборот олишга оид ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга кўмаклашади.

 

Мамлакатимиз парламентига ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига бўлажак сайловлар бўйича сайлов кампаниясини кенг ва холис ёритишни таъминлаш жараёни хусусида мухбиримиз Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати раҳбари Низомиддин НУРМАТОВ билан суҳбатлашди.

 

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қайд этилганидек, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки ҳақида сўз юритиб бўлмайди, — дейди у. — Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ОАВ билан ҳамкорлик қилишга, сайловларнинг ахборот таъминоти соҳасида сайлов жараёни барча иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил қилинди. Сайлов кампаниясининг асосий босқичларига бағишланган брифинглар, матбуот анжуманлари ўтказиш кўзда тутилган.

 

Марказий сайлов комиссиясининг ОАВ билан ҳамкорлигининг асосий вазифаси сайловчиларнинг сайловларда эркин иштирок этиши, сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди дастурлари билан атрофлича танишиши, овоз бериш куни онгли равишда қарор қабул қилиши учун зарур шароитлар яратишдир.

 

— ОАВнинг сайлов жараёнида иштирок этиши журналистлардан юксак масъулият ва касб маҳоратини талаб қилади. Сизнинг фикрингизча, бу борада нималарга эътибор қаратиш лозим?

— Ҳақиқатан ҳам, журналистлар фуқароларни сайловлар ҳақида тўлиқ ва холис ахборот билан таъминлаш, сайлов кампаниясини амалдаги қонунчилик талаблари доирасида профессионал ёритишга катта масъулият билан ёндашиши зарур. Бинобарин, ОАВ демократик сайловлар, уларни ўтказишнинг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигининг муҳим воситаси бўлиб, мазкур сиёсий жараёнда фуқаролик жамиятининг фаол иштирокига сезиларли даражада таъсир кўрсатади.

Шуни таъкидлаш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бутунлай янги бир шароитларда, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўтказилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Конституциямизга киритилган тузатишларга мувофиқ, фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Марказий сайлов комиссиясига конституциявий мақом берилди.

 

Айтиш жоизки, сайлов жараёнига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда очиқлик “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг асосий қоидаларидан бири сифатида мустаҳкамланган. Албатта, мазкур қоидани оммавий ахборот воситаларининг фаол ва самарали иштирокисиз ҳаётга жорий қилишни тасаввур этиб бўлмайди.

 

Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг муҳим мезонларидан бири тарқатилаётган ахборотнинг ҳаққонийлигидир. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида оммавий ахборот воситалари эркин ва қонунга мувофиқ ишлаши ҳамда улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлиши мустаҳкамлаб қўйилган. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга кўра, оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, депутатликка номзодларнинг, сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак. Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни, шунингдек, депутатликка номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

 

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда ҳам оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига биноан ахборотни излаш, олиш, тарқатиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган.

 

ОАВда ахборотнинг тўлиқлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг асосий принциплари сифатида очиқлик ва ошкоралик белгилаб қўйилгани ҳам сайлов кампаниясининг барча босқичларини кенг ёритишни кўзда тутади. Бу, ўз навбатида, сайловчиларнинг ахборотни эркин олишга, ўз хоҳиш-иродасини билдиришга бўлган узвий ҳуқуқини таъминлашдир.

 

“Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, бутун сайлов кампанияси кенг ошкоралик асосида тузилади. Ҳар бир сайловчи сайлов давомида сайлов округлари ва участкаларини тузишга, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига доир ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Тегишли сайлов комиссияларининг сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссияларининг таркиби тўғрисидаги, шунингдек, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги қарорлари матбуотда эълон қилинади.

 

Оммавий ахборот воситалари сайлов жараёни ташкилотчилари ва унинг бевосита иштирокчилари ўртасидаги кўприк сифатида демократик қадриятлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланиб, сайловчиларга ўз фикр ва ғояларини эркин ифода этиш, юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ўз позицияси ва муносабатини билдириш имкониятини яратади, аҳолининг сиёсий фаоллигини оширишга, унинг мамлакат сиёсий, ижтимоий ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қиладиган ижтимоий фикрни шакллантиради.

 

— Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга тенг шароитлар қандай таъминланади?

— Қонунчиликка кўра, сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Сайловолди ташвиқоти мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

 

Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шароитларни таъминлаш сайлов жараёнининг барча иштирокчилари учун долзарб аҳамиятга эгадир. Мазкур демократик принцип сайлов қонунчилигимизда ўз ифодасини топган.

 

Бу, табиийки, оммавий ахборот воситаларига катта масъулият юклайди. Сайловларнинг транспарентлиги, уларни ўтказишнинг ошкоралиги ва адолатлилиги, мазкур жараённинг жамиятга ҳисобдорлигини таъминлаш кўп жиҳатдан ОАВга боғлиқ.

 

— 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказининг фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Сайлов жараёни барча босқичларининг шаффофлиги, очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг бориши ҳақида жамоатчиликни ОАВ орқали холис ва ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил этилди. Республика матбуот марказининг муҳим вазифаларидан бири сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни республика ва чет эл ОАВида кенг ёритилишини таъминлаш, сайлов кампаниясининг асосий босқичларига бағишланган ва Марказий сайлов комиссияси томонидан ўтказиладиган брифинглар, матбуот анжуманларини ташкиллаштириш, мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакилларини сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ахборот материаллари билан таъминлашдир. Бунинг учун журналистлар аккредитациядан ўтишлари лозим.

 

— Мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш тартиби қандай?

— Аввало, шуни айтишни истардимки, оммавий ахборот воситаларининг ҳар бир вакили сайлов жараёнини ёритишга ҳақли. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча жараёнини кенг ошкоралик, очиқлик ва транспарентлик тамойили асосида ёритиш яхши анъанага айланган.

 

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 12 сентябридан эътиборан Марказий сайлов комиссияси сайти (www.elections.uz)да Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов бўйича сайлов кампаниясини ёритиш юзасидан мамлакатимиз ва чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш тартиби жойлаштирилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига мамлакатимиз ва хориж журналистларидан аккредитация қилиш учун ҳужжатлар кела бошлади.

 

Эслатиб ўтамиз, журналистлар аккредитациядан ўтиши учун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси номига ОАВ ташкилотининг расмий бланкасида журналистни аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги ариза, аккредитациядан ўтадиган журналистнинг ўлчами 3,5х4,5 см. бўлган икки дона фотосурати, ОАВ ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси, электрон ОАВ учун — эфирга узатиш лицензиясининг нусхаси, хорижий журналистлар учун — Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтганлиги ҳақидаги ҳужжатнинг нусхаси тақдим қилиниши керак. Аккредитациядан ўтган журналистлар белгиланган намунадаги тегишли бейжикларни олишади. Бу журналистларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларда қатнашиш, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқини беради.

 

Қайд этиш керакки, аккредитациядан ўтган журналистлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча ахборот материалларини, расмий маълумотларни ўз вақтида олиш, Республика матбуот маркази биносида ташкил этиладиган матбуот анжуманлари ва брифингларда қатнашишлари мумкин. Мазкур марказда журналистларнинг профессионал фаолияти учун барча зарур шарт-шароит яратилган.

 

Шу кунга қадар аккредитация учун мамлакатимиз ва чет давлатларнинг 20 дан зиёд оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳисобланган 123 нафар журналистнинг ҳужжатлари келиб тушди. Аккредитация жараёни давом этмоқда.

 

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида матбуот марказлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улар маҳаллий журналистларга сайлов кампанияси бориши ҳақидаги ахборотларни тезкорлик билан тақдим қилишда яқиндан кўмаклашмоқда. Қолаверса, жамоатчиликни кенг хабардор қилиш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти (www.elections.uz) мунтазам янгиланиб борилмоқда. Унга кунига дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб фойдаланувчилар ташриф буюраяпти.

 

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, оммавий ахборот воситалари зиммасига мамлакатимизни янада тараққий эттиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган сайлов жараёнини ёритишда катта масъулият юкланади.

 

Қобил ХИДИРОВ

суҳбатлашди

"Халқ сўзи" газетаси

 

14674

30Сентябрь 2014



Долзарб мавзулар