Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сиёсий партиялар ҳужжатлар тақдим қилди

Маълумки, 2014 йилнинг 21 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Мамлакатимиздаги барча сиёсий партиялар мазкур муҳим сиёсий тадбирда қатнашиш истагини билдирди.

 

Амалдаги қонунчиликка биноан, улар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатлар тўпламини, хусусан, сиёсий партияларнинг сайловларда иштирокини қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида қирқ мингта имзоси бўлган имзо варақаларини тақдим қилиши зарур эди.

 

Бугунги кунда сиёсий партиялар томонидан имзо тўплаш жараёни якунланди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Марказий сайлов комиссиясига сайловда иштирок этиш тўғрисида ариза, имзо варақалари ва бошқа зарурий ҳужжатларни тақдим қилди.

 

— Сиёсий партия, қонунчиликка мувофиқ, сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинадиган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган, сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида қирқ мингта имзосини тўплаган тақдирда, депутатликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади, — дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Ж. Содиқов. — Бунда мамлакатимизнинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги белгиланган. Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим қилиши керак. Марказий сайлов комиссияси ушбу ҳужжатлар асосида беш кун муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда қатнашишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи сиёсий партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш тартибига қараб марказий матбуотда эълон қилинади.

 

Шуни қайд этиш керакки, Марказий сайлов комиссиясида имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш бўйича ишчи гуруҳи ўз ишини давом эттирмоқда. Унинг таркибида Марказий сайлов комиссияси аъзолари, жамоат ташкилотлари вакиллари, ички ишлар, адлия органларининг, шунингдек, аҳолини ҳисобга олиш билан шуғулланувчи муассасаларнинг мутахассислари бор. Имзо варақаларини текшириш жараёнида ҳар бир сиёсий партиянинг ваколатли вакили ҳам иштирок этмоқда.

 

Албатта, имзо тўплаш жараёни сиёсий партиялар учун ўзига хос синовдир. Зеро, бу жараёнда сиёсий партиялар электорат ишончи ва қўллаб-қувватлаши даражаси, сайловчилар етуклиги ҳамда давлат ва жамият қурилишининг муҳим масалалари бўйича ўзларининг аниқ позицияси билан сайловчилар орасида қозонган обрў-эътибори ҳақида ахборотга эга бўлади.

 

Қобил ХИДИРОВ,

"Халқ сўзи" газетаси мухбири

6488

07Октябрь 2014



Долзарб мавзулар