Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Округ сайлов комиссиялари шакллантирилмоқда

Шу йилнинг 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури асосида мазкур сиёсий тадбирга изчил ҳозирлик кўрилмоқда.

 

Сайлов кампаниясини амалдаги қонунларга қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш, айни пайтда сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитини таъминлашда округ сайлов комиссияларига катта масъулият юкланади. Ҳозирги вақтда округ сайлов комиссияларини шакллантириш жараёни амалга оширилмоқда. Ушбу жараён ҳақида Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Олимжон АБДУНАЗАРОВ мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи сайлов округларини тузиш масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг чегаралари ва сайловчилар сони кўрсатилган рўйхати матбуотда эълон қилинди.

 

Амалдаги қонунчиликка биноан, парламент Қонунчилик палатасининг 135 нафар депутати ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилади ҳамда ўтказилади. Округ сайлов комиссияларини тузиш, уларнинг шахсий таркибини тасдиқлаш ва жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш бевосита Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари доирасига киради.

 

Бугунги кунда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, 135 та округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг сессияларида муҳокама қилиниб, Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари, уларнинг таркибини шакллантириш демократик мезонлар асосида ўтказилади. Зеро, бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатларининг фикри, шунингдек, комиссия аъзолигига ҳар бир номзоднинг шахсий фазилатлари атрофлича ўрганилиб, кенг жамоатчилик орасида обрў-эътибор, ҳурмат қозонган юртдошларимизнинг муносиби танлаб олинади.

 

Округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан танланади ва тавсия қилинади. Округ сайлов комиссияси аъзоси сиёсий партия аъзоси бўлиши мумкин эмас. Айни пайтда депутатликка номзодлар, уларнинг ваколатли вакиллари ва кузатувчилари ҳам сайлов комиссиялари таркибига киритилмайди. Бир шахс фақат битта сайлов комиссиясига аъзо бўлишга ҳақли.

 

Шуни қайд этиш керакки, округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва камида олти нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади.

 

Сайлов комиссиялари очиқлик, ошкоралик тамойиллари асосида фаолият юритади. Буларнинг барчаси фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш конституциявий ҳуқуқларининг тўла татбиқ этилишини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.

 

«Халқ сўзи» мухбири

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди

9939

08Октябрь 2014



Долзарб мавзулар