Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сиёсий партияларга парламент сайловида иштирок этишга ижозат берилди

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўйича сайлов кампанияси қизғин паллага кирди.

 

Мазкур жараённинг асосий тамойили қонунийликни таъминлаш бўлиб, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов қонунчилигига қатъий амал қилган ҳолда 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ҳамда изчил амалга оширилмоқда. Ҳужжатда юртимизда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари тўлиқ қамраб олинган.

 

Кеча 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида мамлакатимиз ва чет эл журналистлари учун матбуот анжумани ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси М. Абдусаломов журналистларга сайлов округларини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларини шакллантириш ишлари, сиёсий партияларнинг парламент сайловида иштирок этишига ижозат бериш ҳақида маълум қилди.

 

Матбуот анжуманида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига биноан парламент Қонунчилик палатасига сайлов бир юз ўттиз бешта ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида ўтказилиши таъкидланди.

 

Журналистларга Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларини ташкил этиш ҳақида маълумот берилди. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, округ сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида кенг муҳокамадан ўтишди ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилди. Бу борада Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди. Қонунга асосан, округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва камида олти нафар бошқа аъзосидан иборат таркибда тузилади. Округ сайлов комиссиялари жамоатчиликнинг обрўли вакилларидан иборат таркибда уларнинг иш ва профессионал сифатлари, шунингдек, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларда иштирок этиб, тажриба орттиргани ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилди. Округ сайлов комиссиялари аъзоларининг рўйхати комиссиялар манзили ва телефон рақамлари кўрсатилган ҳолда матбуотда эълон қилинади.

 

– Сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида округ сайлов комиссиялари аъзолари билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилади, – деди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов. – Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, мамлакатимиз сайлов қонунчилигини чуқур ўрганиб чиқиш, сайловларни қонунчиликка қатъий амалга қилган ҳолда ўтказиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига мувофиқ, мамлакатимизда фаолият юритаётган барча сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига парламент сайловида иштирок этиш учун зарур ҳужжатларни – партия раҳбари томонидан имзоланган сайловда қатнашиш тўғрисидаги ариза, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотномаси ва сайловчиларнинг сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим этди.

 

Ҳар бир партия сайловда уни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг камида қирқ мингта имзосини тўплаши, бунда мамлакатимизнинг битта маъмурий-ҳудудий тузилмасида тўпланган имзолар сони талаб этилган имзолар сонининг саккиз фоизидан ошмаслиги лозим эди.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш учун ишчи гуруҳ тузилди. Унинг таркибига ички ишлар органлари, адлия органлари, шунингдек, аҳолини ҳисобга олиш билан шуғулланувчи муассасалар мутахассислари жалб қилинди. Имзо варақаларини кўриб чиқишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари қатнашди.


Матбуот анжуманида таъкидланганидек, партиялар томонидан тақдим этилган материалларни ўрганиш якунлари партияларни қўллаб-қувватлайдиган сайловчиларнинг имзоларини тўплаш сайлов қонунчилиги талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда амалга оширилганидан далолат беради.

 

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловида иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида қарорлар қабул қилди.


Шунингдек, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловида иштирок этиши ҳақидаги қарори маълумот учун қабул қилинди.


Матбуот анжуманида мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистонда сайловларни ташкил этиш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири

10559

10Октябрь 2014



Долзарб мавзулар