Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мезони

Жорий йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

 

Мазкур ҳуқуқий ҳужжат фуқароларнинг, оммавий ахборот воситаларининг ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқи эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлади.

 

Сайловларни демократик талаблар асосида очиқ ва ошкора ўтказишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни жуда аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятида аҳолини сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари хусусида хабардор қилиб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

– Оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтларидан бири сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланмоқда, – дейди 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази раҳбари Низомиддин Нурматов. – ОАВнинг фаолияти демократик қадриятлар, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омил бўлмоқда, аҳолининг ўз фикр ва ғояларини, ён-атрофда рўй бераётган воқеаларга нисбатан нуқтаи назари ҳамда муносабатини эркин ифода этиши имкониятини таъминламоқда, жамоатчилик фикрини шакллантирмоқда. Бу эса фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини, уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришларини, сайлов комиссиялари фаолияти шаффофлигини таъминлашнинг энг зарур шартидир.

 

Сайлов жараёнида шаффофлик, ошкоралик ва очиқликни таъминлаш, оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг бориши тўғрисида холис ва ўз вақтида хабардор қилиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил этилди. Унинг асосий вазифаларидан бири мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакилларини сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича тегишли расмий маълумотлар ва ахборот материаллари билан таъминлашдир. Республика матбуот маркази ишига мамлакатимизнинг етакчи журналистлари жалб қилинган. Уларнинг профессионал фаолияти учун зарур бўлган барча шарт-шароит яратилиб, интернет ҳамда алоқа воситалари шай этиб қўйилган.

 

Сайловчиларнинг катта қисми интернетдан фаол фойдаланадиган ёшлар экани ҳисобга олинган ҳолда, барча ахборотлар Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайти (www.elections.uz)га жойлаштирилиб, доимий равишда янгиланиб борилмоқда. Марказий сайлов комиссияси сайти орқали фуқаролардан сайловга тайёргарликнинг бориши, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида сўровлар келиб тушмоқда. Шуни қайд этиш керакки, сайлов жараёнларига қизиқиш тобора ошиб бораётир. Буни сайтга ташриф буюрувчилар сони кўпайганида ҳам кўриш мумкин.

 

Марказий сайлов комиссиясида мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситаларидан аккредитациядан ўтказиш учун тақдим қилинган ҳужжатлар кўриб чиқилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси даврида аккредитация учун мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг 286 нафар вакилидан тегишли ҳужжатлар келиб тушди.

 

– Марказий сайлов комиссиясида аккредитациядан ўтиш учун мурожаат қилган чет эл оммавий ахборот воситалари сони ортиб бораётгани хорижда мамлакатимизда кечаётган демократик жараёнларга қизиқиш кучли эканлигини кўрсатади, – дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Суяржон Қурбонқулов. – Сайловни ёритиш учун журналистларни аккредитациядан ўтказиш сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари ҳақида аҳолини тўлиқ ва холис хабардор қилиш мақсадида амалга оширилмоқда. Зотан, улар фуқароларнинг парламент сайловида фаол иштирок этишида муҳим омил бўлган сайловларнинг асосий принциплари – очиқлик ва ошкораликни таъминлашда асосий вазифани бажаради.

 

Мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг аккредитациядан ўтган журналистларига Республика матбуот маркази томонидан сайлов кампаниясини ёритишда ҳар томонлама кўмак берилади.

 

Умуман, аккредитация оммавий ахборот воситалари вакилларига сайлов кампанияси билан боғлиқ барча ахборот материалларини олиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларда иштирок этиш, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқини беради. Бунда, шуни унутмаслик керакки, депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шароитлар таъминланади. Сайловчилар сайлов куни мустақил равишда қарор қабул қилиш ҳамда ўзларининг овоз беришда иштирок этиш конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиш учун холис ва ҳаққоний ахборотни олиши айни заруратдир.

 

Қобил ХИДИРОВ,

“Халқ сўзи” газетаси мухбири

 

6339

14Октябрь 2014



Долзарб мавзулар