Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов кампанияси демократик мезонлар асосида олиб борилмоқда

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида сайлов кампанияси қизғин паллага кирмоқда. Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури изчил амалга оширилмоқда.

 

Самарқанд вилоятида давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайлов бўйича сайлов кампаниясини демократик принципларга мувофиқ юксак савияда ташкил этиш борасида катта ишлар олиб борилмоқда.

 

– Ўзбекистонда сайлов кампанияси бошланиши расмий эълон қилинганидан сўнг халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясига ҳудудда сайловолди жараёнини амалдаги қонунчиликка мувофиқ ташкил қилиш масалалари киритилди, – дейди Самарқанд вилоят сайлов комиссияси раиси А. Умаров. – Вилоят Кенгаши депутатлари сайлови 60 та сайлов округида бўлиб ўтади. Уларнинг ҳар бирида ўртача 38,1 минг нафар сайловчи овоз беради. Вилоят сайлов комиссияси томонидан сайлов округлари ташкил қилинди, округ сайлов комиссиялари таркиби шакллантирилган. Очиқлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида сайловга тайёргарлик кўриш босқичлари ҳақидаги барча ахборотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинмоқда. Календарь режасига мувофиқ қарийб 950 та сайлов участкасини ташкил қилиш ва уларни зарур жиҳозлар билан таъминлашга киришилди. Самарқанд вилоятида давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловида 2 миллион 290 минг нафар сайловчи иштирок этиши кутилаяпти. Вилоятимиз аҳолиси ижтимоий-сиёсий ҳаётда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этаётгани сайловларнинг муваффақиятли ўтишини тахмин қилиш имконини беради.

 

Сирдарёда ҳам вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари ташкил қилинган бўлиб, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ишлари жадал давом этмоқда. Уларнинг асосий вазифаси сайлов кампаниясини демократик принципларга мувофиқ очиқ ва холис ҳамда юксак савияда ташкил қилишдир.

 

– Вилоятимиз аҳолиси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни юзасидан тегишли саволлар билан мурожаат қилишларида қулайлик яратиш мақсадида сайлов комиссияларининг манзиллари ва телефон рақамлари кўрсатилган рўйхати матбуотда эълон қилинди, – дейди Сирдарё вилоят сайлов комиссияси раиси А. Тошқулов. – Фаолиятимизни самарали ташкил қилиш учун барча имконият мавжуд.

 

Замонавий компьютерлар интернетга уланган, комиссия кутубхонасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари нафақат аъзоларимиз, балки фуқаролар учун фойдали манба бўлиб хизмат қилмоқда. Округ сайлов комиссияларига яқиндан кўмак бериш вилоят сайлов комиссияси фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Айни кунда сайлов комиссиялари аъзоларининг қонун нормалари, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳақидаги билимларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ташкил қилишга ҳозирлик кўрилмоқда.

 

– Комиссиямиз таркибига округ ҳудудида яшовчи обрў-эътиборга сазовор бўлган энг ҳурматли кишилар жалб этилди, – дейди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари сайловини ўтказувчи 36-“Зарбдор” округ сайлов комиссияси раиси А. Абдулакимов. – Улар орасида ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, фермерлар бор. Бизнинг округимизда бешта сайлов участкаси тузиш мўлжалланган бўлиб, улар 8 минг 876 нафар сайловчига хизмат қилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида сайловчилар билан учрашаяпмиз, уларга сайлов кампаниясининг ўтказилиш босқичлари ва қонунчиликдаги янгиликларни тушунтирмоқдамиз. Эътироф этиш керакки, бугунги сайловчи ўз мамлакатининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишни истайди, сайловнинг қандай ўтиши, вакиллик органларида ким кўп ўрин эгаллашига бефарқ эмас.

 

Андижон вилоятида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

 

– Ушбу муҳим жараёнда вилоятимиз бўйича 1 миллион 923 минг 744 нафар сайловчи иштирок этиши кутилмоқда, – дейди Андижон вилоят сайлов комиссияси раиси А. Султонов. – Маъмурий ҳудудда яшовчи аҳоли сонидан келиб чиқиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 50 та округ тузилди. Овоз бериш ташкил этиладиган сайлов участкаларининг умумий сони тахминан 750 тани ташкил қилади. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида вилоят сайлов комиссиясининг таркиби тасдиқланди. Марказий сайлов комиссияси қарорини бажариш мақсадида календарь режаси ишлаб чиқилди. Айни вақтда комиссия аъзолари жойларда бўлиб, сайлов қонунчилигини кенг тушунтиришмоқда. Бунда қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини очиб беришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

 

Сайлов комиссияларини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш сайлов жараёнининг муҳим босқичидир. Зеро, айнан сайлов комиссиялари мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбирни ўтказишда қонунийликни таъминлашга масъулдирлар.

 

Давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловига 66 кун қолди. Демак, унга пухта тайёргарлик кўриш учун барча саъй-ҳаракатларимизни сафарбар этиш, эркин, очиқ ва адолатли сайловлар учун шароит яратиш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди

10071

15Октябрь 2014



Долзарб мавзулар