Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов комиссиялари раислари учун семинар

2014 йилги сайловни ёритиш бўйича республика матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича округ сайлов комиссиялари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари раислари учун семинар бўлиб ўтди.

 

Унда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ходимлари, миллий экспертлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Семинар сайлов комиссиялари раисларининг миллий сайлов қонунчилиги ва уни амалда қўллаш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича комиссиялар фаолиятини тўғри ташкил қилиш, улар олдида турган долзарб вазифалар, шунингдек, сайлов комиссияларини молиялаштириш тартибига қатъий риоя этиш тўғрисида хабардорлигини янада ошириш мақсадида ўтказилди.

 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов семинарни очар экан, мамлакатимиз парламенти ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов миллий сайлов қонунчилиги, унда мустаҳкамланган очиқлик, ошкоралик ва адолатлилик принципларига, шунингдек, 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурига тўлиқ мувофиқ равишда ташкил этилиши ва ўтказилишини таъкидлади.

 

Семинар иштирокчиларига ўтган даврда мазкур дастурга биноан амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил ахборот берилди.

 

Бўлажак сайлов миллий сайлов тизими ва жамиятимизни изчиллик билан либераллаштириш ва демократлаштириш давомида яратилган янги шароитда ўтказилиши алоҳида қайд этилди. Бу жараён Президентимиз Ислом Каримов томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш билан узвий боғлиқдир.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига депутатлар сайлови бўйича сайлов комиссияларининг асосий вазифаси сайловни демократик принциплар, амалдаги қонунчилик норма ва қоидаларига асосан адолатли, очиқ ва ошкора ўтказишни таъминлашдан иборат экани таъкидланди. Комиссиялар ўз фаолиятида сайлов кампанияси барча иштирокчиларининг миллий қонунчилик талабларига қатъий риоя этиши, барча даражадаги сайлов комиссияларининг мустақиллигини ва ўз фаолиятини қонунга мувофиқ амалга оширишини таъминлаш каби муҳим масалаларга ҳамиша эътибор қаратиши лозим.

 

Семинарда “Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти”, “Округ ва вилоят сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ долзарб вазифалари”, “Матбуот марказларининг сайлов кампаниясини тезкор ва ишончли ёритиш бўйича вазифалари”, “Сайловни ташкил этиш ва ўтказишнинг халқаро стандартлари”, “Округ ва участка сайлов комиссиялари ўртасида маблағларни тақсимлаш ва молиявий тартибни назорат қилиш”, “Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича округ сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш масалалари” мавзуларида маърузалар тингланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурида замонавий демократик талаблар инобатга олинган ҳолда, сайлов жараёни ташкилотчилари ва иштирокчиларининг муҳим вазифалари белгилангани ҳақида ҳам сўз юритилди. Хусусан, айни пайтда сайлов қонунчилиги қоидалари ва унга киритилган ўзгартишларни фуқароларга кенг тушунтириш, уларнинг бўлажак сайловга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида тайёргарлик кўрилаётгани тўғрисида хабардорлигини ошириш ишлари амалга оширилмоқда.

 

Баҳс-мунозаралар чоғида сайлов комиссиялари раислари ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.

 

– Бўлажак сайлов жамиятимизни янада демократлаштириш борасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлади, – дейди 74-Денов округ сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Эшниёзов (Сурхондарё вилояти). – Сайловни юксак савияда ташкил этишда округ сайлов комиссиялари зиммасига катта масъулият юкланган. Мазкур семинарда иштирок этиб, биз округ сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш, участка сайлов комиссиялари ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, сайловолди ташвиқоти жараёнида тенглик принципларига риоя этиш бўйича барча талаблар билан танишдик. Шунингдек, округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятини молиялаштириш тартиби, сайлов участкаларини жиҳозлаш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатларни юритиш ҳамда бошқа кўплаб масалалар бўйича ўз малакамизни оширдик. Буларнинг барчаси бизга сайловга қонунчилик ва демократия принципларига тўла мувофиқ равишда тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишга доир ишларни ташкил этишга ёрдам беради.

 

Сардор Тожиев, ЎзА

9422

17Октябрь 2014



Долзарб мавзулар