Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Экоҳаракат конференциясига делегатлар сайланмоқда

Шу йилнинг 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, вилоятлар, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўлиб ўтади. Бугунги кунда мазкур сиёсий тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

 

Ўзбекистон экологик ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Андижон вилоятлари ҳудудий бўлинмаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича Экоҳаракат конференциясига делегатлар сайлаш конференциялари бўлиб ўтди. Тадбирларда эколог олимлар, зиёлилар, табиатни муҳофаза қилиш тизими ходимлари, шифокорлар, экологик таълим-тарбия жонкуярлари, ҳуқуқшунослар, нодавлат нотижорат ташкилотлари мутахассислари, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари – 1500 дан зиёд Экологик ҳаракат фаоллари қатнашди.

 

Унда юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб атроф-муҳит муҳофазаси, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, бу, ўз навбатида, Конституциямизда ўз ифодасини топиб, зарур ташкилий-ҳуқуқий ва институционал шарт-шароит яратилгани таъкидланди.

 

Чунончи, Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 25 декабрда имзоланган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомига айланди. Унга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўн бешта депутатлик ўрни ўз сафига кенг жамоатчилик, мутахассислар, олимлар, шунингдек, шу соҳада фаолият юритаётган ННТни бирлаштирган жамоат ташкилоти – Ўзбекистон экологик ҳаракатига ажратилди. Шу тариқа жаҳон парламентаризми тарихида илк бор Ўзбекистонда Экологик ҳаракат учун депутатлар ўринларини квоталаш институти жорий этилди.

 

Бинобарин, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, тегишли ташкилий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва уларнинг ижросини янада самарали таъминлашда парламент ролини оширишда муҳим аҳамият касб этди. Ўтган даврда айнан Экоҳаракат депутатлари гуруҳи ташаббуси билан 5 та янги қонун қабул қилингани бунинг тасдиғидир. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ташаббуслар асосида “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. У атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва ролини аниқ белгилаб берувчи, экологик назоратни ташкил этиш ва уни амалга оширишни тартибга солувчи  яхлит ҳужжатга айланди. Айни пайтда “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги 9 та қонун лойиҳаси устида жадал иш олиб борилаяпти.

 

Шу билан бирга, жабҳадаги қонунлар ва бошқа давлат дастурлари ижроси юзасидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш, тегишли ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш ҳам Экоҳаракатнинг доимий диққат-эътиборида бўлиб келаётир. Шу мақсадда кўплаб ташкилий-амалий тадбирлар, конференциялар ўтказилди. Бундай тадбирлар хорижий мамлакатларда ҳам ташкил этилди.

Конференцияларда кун тартиби, кўриладиган масала хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди. – Маълумки, Экоҳаракат ҳудудий бўлинмаларидан делегатлар сайлаш ҳудудий бўлинмалар олий органи – Конференция томонидан амалга оширилади, – дейди қуйи палата депутати Ф. Холбоев. – Бинобарин, ҳудудлардан Ўзбекистон экологик ҳаракати Республика Конференциясига 25 нафардан делегат муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланди.

 

Мазкур жараёнлар Марказий сайлов комиссияси вакиллари, ОАВ ходимлари, кенг жамоатчилик, кузатувчилар иштирокида ўтказилди.

 

– Бугунги кунда атроф-муҳит муҳофазаси, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзи ва экологик маданиятни чуқур қарор топтиришда фуқаролик жамияти институтлари тобора фаол иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ресурс маркази раҳбари Гулнара Жапакова. – Уларнинг орасида Ўзбекистон экологик ҳаракатининг роли изчил юксалиб бораётир. Чунки мазкур Ҳаракат ва унинг кенг жамоатчилик вакилларидан иборат аъзолари нафақат соҳага доир қонунчилик ташаббуслари билан чиқаяпти, балки уларни амалда сўзсиз таъминлаш, муаммоларнинг олдини олишда фуқароларнинг куч-ғайратлари, интилишларини бирлаштириш, тарғибот-тушунтириш ишларида кенг иштирок этмоқда. Конференцияда делегат бўлиш масъулиятли вазифа. Қолаверса, бу экологик масалалар тобора долзарблашиб бораётган бугунги кунда янада фаол, табиат ва унинг неъматларини кўз қорачиғидек авайлаш, улардан оқилона фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатларга ҳар томонлама камарбаста бўлиш деганидир. Мазкур йўлда янги ғоялар, амалий таклифлар ишлаб чиқиш эса ҳар биримизнинг олдимизда турган устувор вазифа саналади.

 

Конференциялар бошқа ҳудудларда ҳам давом этмоқда.

 

С.МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири

7608

22Октябрь 2014



Долзарб мавзулар