Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Шанхайда брифинг

Яқинда Шанхай шаҳрида жорий йил 21 декабрь куни Ўзбекистонда давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига бағишланган брифинг уюштирилди.

 

Мамлакатимизнинг Шанхайдаги Бош консуллиги томонидан ташкиллаштирилган мазкур тадбирда Чжоушань шаҳри ҳамда Чжэцзян провинцияси ташқи ишлар департаментининг вакиллари қатнашди.

 

Брифинг чоғида Ўзбекистон Республикасида демократик жамият қурилишининг асоси сифатида сайловларни очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида ўтказиш учун тўлақонли амалий ҳуқуқий пойдевор яратилгани қайд этилди. Сайловчилар сайлов округларининг тузилиши, комиссиялар таркиби, номзодларнинг рўйхатга олиниши, овоз бериш ва сайлов натижалари бўйича ахборот олиш ҳуқуқига эгадирлар. Сайлов комиссияларининг барча қарорлари матбуотда эълон қилинади.

 

Умуман олганда, қонун талабларига тўла мувофиқ равишда сайловларнинг очиқлик ҳамда ошкоралик асосида ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайдиган мустақил комиссиялар тизимининг тузилиши Ўзбекистоннинг сайлов тизимини ислоҳ этиш соҳасида эришган муҳим муваффақиятларидан бири ҳисобланади.

 

Брифинг иштирокчиларининг эътибори Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга катта туртки берганига қаратилди. Жумладан, 2011 йилда сайлов тўғрисидаги қонунларга киритилган янгиликлар қаторида сайловолди ташвиқотининг шакл ва усулларини аниқ белгилашга, сайлов кампанияси жараёнида депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга тенг шароитларни таъминлаш механизмларининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани хусусида атрофлича фикр юритилди. Сайловлар жараёнида очиқлик, ошкоралик ҳамда шаффофликни таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари такомиллаштирилгани таъкидланди.

 

Чжэцзян провинцияси ташқи ишлар департаменти паспорт-визалар бўлими директори Ван Хонвэй ҳар қандай давлат органлари аралашувисиз сайловлар ўтказилишини таъминлайдиган Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақомининг берилгани алоҳида эътиборга лойиқ жиҳат ҳисобланишини айтди. “Бу сайловларнинг демократияга монандлигини, очиқлиги ҳамда ошкоралигини кафолатлаш имконини яратади”, деди у.

 

Чжоушань шаҳар ҳукумати ҳузуридаги ташқи ишлар департаменти директори Фан Вэй Ўзбекистоннинг аввалбошданоқ ўз зиммасига олган мажбуриятга, яъни қонун устуворлигига оғишмай риоя қилиб келаётганини эътироф этди.

 

– Сайлов кампаниясининг барча босқичида очиқлик ва шаффофлик таъминланиши ҳамда қонунчиликда кузатувчилар учун кафолатларнинг кўзда тутилгани, шубҳасиз, диққатга моликдир, – деди у. – Экология масалалари халқаро миқёсда умумбашарий муаммо бўлиб қолаётган бир пайтда Ўзбекистонда экологик ҳаракатнинг ташкил этилиши ва унинг вакилларига миллий парламентда ўрин ажратилгани ҳам кишида чуқур ҳурмат ҳиссини уйғотади.

«Жаҳон» АА,

Шанхай

8244

24Октябрь 2014



Долзарб мавзулар