Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Муҳим сиёсий жараёнга ҳозирлик

Аҳоли саломатлиги, мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Зеро, юртимизда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга экологик жиҳатдан ёндашилаётгани Ўзбекистон барқарор тараққиётининг муҳим омилига айланди.

 

Маълумки, атроф-муҳитни асраб-авайлаш масалалари долзарблиги ҳамда муҳимлигидан келиб чиқиб, демократик сайлов тизимини шакллантириш натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 15 та депутатлик ўрни Ўзбекистон экологик ҳаракати вакилларига тақдим қилинди.

 

Ҳозирги кунда Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳудудий бўлинмаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича республика конференциясига делегатлар сайлаш конференциялари бўлиб ўтмоқда.

 

Хусусан, Фарғона вилоятида ташкил этилган конференцияда Экоҳаракатнинг 350 нафар фаоли қатнашди. Тадбирда делегатларни сайлаш билан бирга, ҳудудда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология соҳасида қонунчиликни такомиллаштиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилди.

 

– Мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи экология бўлими бошлиғи, Экоҳаракатнинг республика конференциясига сайланган делегат Х. Нишонов. – Ушбу соҳада самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилган. Ҳозирги вақтда ҳудудларнинг экологик муаммоларини ҳал қилишда кенг жамоатчилик иштироки катта аҳамият касб этмоқда. Ягона мақсад атрофида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш Ўзбекистон экологик ҳаракатининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Экоҳаракат олий органи – республика конференцияси делегатлари зиммасига улкан масъулият юкланмоқда. Чунки улар парламент қуйи палатасида депутатлик ўрнини ким эгаллашини, мамлакат олий қонун чиқарувчи органида бугунги ва келажак авлоднинг мусаффо табиатга бўлган ҳуқуқини ким илгари суришини ҳал қилади.

 

Экоҳаракатнинг Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси конференциясида 360 нафардан ортиқ фаоллар иштирок этди. Яширин овоз бериш йўли билан Ўзбекистон экологик ҳаракати республика конференциясига 25 делегат сайланди. Делегатлар таркибига олимлар, педагоглар, корхоналар мутахассислари ҳамда экологлар кирди.

 

– Республика конференциясига делегат бўлишнинг масъулияти залворли, – дейди Наманган давлат университети ўқитувчиси Л. Козлова. – Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза этиш соҳасида улкан ишлар амалга оширилди. Олдимизда бу борада муҳим вазифалар турибди. Экологик таълимни янада такомиллаштиришимиз, таълим тизимига экологик билимларни изчил татбиқ қилишимиз лозим. Бунда табиатни авайлаб асраш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчига айланиши айни муддаодир.

 

Сурхондарё вилоятида Экоҳаракатнинг республика конференциясига делегатлар сайлаш бўйича конференция амалдаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда ўтказилди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг экологик муаммоларини ҳал этишга алоҳида ҳисса қўшиб келаётган Экоҳаракатнинг энг фаол аъзолари делегат сифатида сайланди.

 

– Ўзбекистон экологик ҳаракати Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлинмаси атроф-муҳит муҳофазаси, соғлиқни сақлаш соҳаларида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича мақсадли ишлар олиб бормоқда, – деди Термиз давлат университети профессори Э. Кабилов. – Барча саъй-ҳаракатларни, кучларни бирлаштириш табиатни асраш бўйича фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бугунги кунда, айниқса, ҳудудимиз учун долзарб аҳамиятга эга бўлган экологик вазиятни янада яхшилаш юзасидан ҳамкорликда ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Турли экологик ташаббусларни парламент даражасида илгари суриш, ушбу соҳада ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш, қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратининг амалга оширилиши атроф-муҳитни муҳофаза этиш чоралари самарадорлигини таъминлашга ёрдам беради.

 

– Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳудудий бўлинмалари конференцияларида нафақат Экоҳаракат фаоллари, балки Марказий сайлов комиссияси аъзолари, депутатлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар қатнашмоқда, – деди Марказий сайлов комиссияси аъзоси А. Тўрахўжаев. – Республика конференциясига делегатларни сайлаш жараёни қонунчилик нормаларига ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш тартиби тўғрисида”ги низомига қатъий амал қилган ҳолда, ошкоралик ҳамда очиқлик тамойиллари асосида ўтказилмоқда. Конференция ишида холисликни таъминлашда сайлов қонунчилигига қатъий риоя қилиш жуда муҳимдир. Шунинг учун ҳам ҳудудий конференцияларда мазкур соҳадаги ҳуқуқий қоидалар тушунтирилмоқда.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича республика конференциясига делегатлар сайлаш конференциялари бошқа вилоятларда ҳам давом этмоқда.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари материаллари асосида тайёрланди

 

6847

29Октябрь 2014



Долзарб мавзулар