Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сиёсий партиялар учун масъулиятли давр

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси давом этмоқда. Ҳозирги кунда сиёсий партиялар ушбу кампаниянинг энг аҳамиятли босқичи, яъни депутатликка номзод кўрсатишга қизғин тайёргарлик кўрмоқдалар.

 

Бу босқичда пухта ўйлаб амалга оширилган ҳаракат сайлов натижаларига ижобий таъсир кўрсатади. Негаки, сиёсий партиялар томонидан энг муносиб номзодлар танланиб, уларнинг депутатликка кўрсатилиши сайловларда ғалаба қозонишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

 

Сайлов қонунчилигига кўра, сиёсий партиялардан депутатликка номзод кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугайди. Жорий йилда сайловлар 21 декабрь куни ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурига асосан, сиёсий партиялардан депутатликка номзод кўрсатиш шу йилнинг 17 октябридан бошланди ва мазкур жараён 6 ноябрга қадар давом этади.

 

Шуни қайд этиш керакки, йил бошидан бери партиялар депутатликка номзодларни танлаш ишларини амалга оширишди. Ўзбекистондаги барча тўртта сиёсий партия томонидан номзодлар захирасини шакллантириш ва уларнинг партия билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш чоралари кўрилди.

 

Кўппартиявийлик тизимини яратиш ҳамда ривожлантириш, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро мезонлар асосида ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий пойдевор, уларнинг эркин фаолиятини таъминлаш учун яратилган шарт-шароитлар сиёсий партиялар фаоллигини оширишга, улар ўртасида соғлом рақобат муҳити шаклланишига хизмат қилди. Натижада сиёсий партиялар фаолияти изчил такомиллашиб, аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилувчи муҳим сиёсий кучга айланиб бормоқда. Буни улар томонидан давлат ҳокимияти вакиллик органларига номзод кўрсатиш жараёнидаги фаоллик мисолида ҳам кузатиш мумкин. Хусусан, 2004 ва 2009 йилларда Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловларида сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзод кўрсатишда кўрсаткичлар ижобий томонга ўзгарганлиги кузатилди.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, депутатликка номзодлар сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан кўрсатилади. Мамлакатимиздаги сиёсий партиялар юқори органи – қурултой ёки съезд ҳисобланади. Айни пайтда партиялар томонидан мазкур тадбирларни ўтказишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

 

Сиёсий партиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига бир юз ўттиз беш нафар номзод, яъни ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ваколатлидир.

 

Шунингдек, сиёсий партиялар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига ҳам номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга. Қонунчиликка кўра, улар сиёсий партияларнинг тегишли вилоят, туман, шаҳар органлари томонидан кўрсатилади.

 

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари учун олтмиштагача, туман ва шаҳар Кенгашлари учун ўттизтагача сайлов округлари ташкил этилади. Уларнинг ҳар биридан тегишли халқ депутатлари Кенгашига биттадан номзод кўрсатилиши мумкин. Туман ва шаҳар Кенгашларига сиёсий партиялар билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам номзод кўрсатиши мумкин.

 

Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига, қоида тариқасида, тегишли вилоят, туман ёки шаҳар ҳудудида ишловчи ёхуд яшовчи фуқаролар номзод этиб кўрсатилади. Бу маҳаллий Кенгашларга айнан шу ҳудуднинг ўзига хослигини, анъаналарини, иқтисодий-ижтимоий ривожланишини, тарихи, маданиятини, аҳолининг яшаш тарзини, ютуқ ҳамда камчиликларини яхши биладиган ва эртанги кунда ушбу ҳудуднинг аҳолиси манфаатларини ҳимоя қила оладиган номзодларнинг кўрсатилиши ҳамда сайланишига хизмат қилади.

 

Жорий йил бошида “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан, депутатликка номзод этиб фуқаролар орасидан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, тегишли вилоят, туман, шаҳар иқтисодиётини ривожлантиришда фаол иштирок этаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг, фермерлик ҳаракатининг самарадорлигини оширишга кўмаклашаётган шахслар кўрсатилади. Бу мамлакатимизда иқтисодиётни ривожлантириш билан боғлиқ ислоҳотлар мазмунига ҳамоҳанг қоида ҳисобланади. Ушбу янги норма орқали маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод сифатида мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига катта ҳисса қўшаётганларни кўрсатишга эътибор кучайтирилмоқда. Қолаверса, ҳудудларда тадбиркорлар, фермерлар, кичик бизнес субъектлари манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилишга замин яратади.

 

Депутатликка номзод танлаш тартибини сиёсий партияларнинг ўзлари ҳал этадилар. Масалан, бир партия фақат олий маълумотлиларга эътибор қаратса, бошқа бири номзоднинг жамиятдаги обрўсига таяниши ёки эришган ютуқларини инобатга олиши мумкин.

 

Сайлов қонунчилигига биноан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлиги учун 25 ёшга тўлган, сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаган, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиши лозим. Маҳаллий Кенгашлар учун номзод 21 ёшга тўлган бўлиши талаб этилади. Шунингдек, қонунчиликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Миллий хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари депутатликка номзод сифатида рўйхатга олинмаслиги белгиланган.

 

Сиёсий партиялар депутатликка номзод кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратмоғи лозим. Кўрсатилаётган номзод партиянинг ғоя ҳамда мафкурасини қўллаб-қувватлайдиган, сайловолди дастури билан таниш ва уни амалга оширишга бел боғлаган, эртанги кунда партия аъзолари, электорати ҳамда хайрихоҳларининг манфаатларини ҳимоя қилишга қодир, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан етук, тажрибали, жамиятда обрў-эътиборга эга, ташаббускор ва фаол шахс бўлиши мақсадга мувофиқ.

 

Миллий сайлов қонунчилигимизнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, қонунчиликда белгиланган меъёрларга кўра, хотин-қизлар сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши лозим. Мазкур қоида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг ролини янада кучайтириш масаласига юксак даражада эътибор қаратилаётганини кўрсатади.

 

Бу қоиданинг амалга татбиқ этилиши натижасида давлат ҳокимияти вакиллик органларида аёлларнинг иштироки йилдан-йилга ортиб бормоқда. Агар 2009 йилда сиёсий партиялар томонидан 135 та сайлов округи бўйича жами 517 нафар номзод кўрсатилган бўлса, уларнинг 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этган. Натижада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига 33 нафар хотин-қиз сайланди. Бу умумий депутатларнинг 22 фоизи деганидир. Бундай юқори кўрсаткични ривожланган демократик мамлакатлар олимлари ва халқаро экспертлар ҳам эътироф этмоқдалар. Зеро, ҳозирги кунда Европа давлатлари парламентларидаги аёллар улуши ўртача 18 фоиздан иборатдир.

 

Табиийки, сиёсий партиялар ҳар бир депутатлик ўрни учун муносиб, сайловларда ғалаба қозонишига ишонч билдирилган номзодларни илгари суришга интиладилар. Чунки партиялар вакиллик органларида кўп ўринни эгаллаши уларга бутунлай янги имкониятлар эшигини очади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди таклиф этилиши фикримизнинг яққол тасдиғидир.

 

Умуман, партиялар сайловларда муносиб номзодлар билан иштирок этиб, ижобий натижаларни қўлга киритса, сиёсий майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат ҳокимиятига самарали таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Шунинг учун ҳам жорий йилдаги сайловга тайёргарлик жараёнида сиёсий партиялар депутатликка номзод кўрсатишда алоҳида фаоллик кўрсатиб, юртимизнинг эртанги куни учун ёниб яшайдиган депутатлар сайланишига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшадилар.

 

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти

лойиҳа раҳбари.

7942

31Октябрь 2014



Долзарб мавзулар