Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов комиссиялари тизимидаги муҳим бўғин

Маълумки, жорий йилнинг 21 декабрь куни мамлакатимиз парламенти қуйи палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайлов бўлиб ўтади. Миллий сайлов қонунчилигимиз талабларига мувофиқ, сайловлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари, округ ва участка сайлов, комиссиялари томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Сайлов комиссиялари тизимида сайловлар жараёнида аҳоли билан бевосита ишловчи ва овоз беришни ташкил этувчи орган сифатида участка сайлов комиссиялари алоҳида ўрин тутади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурига биноан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари томонидан мамлакатимизнинг барча маъмурий-ҳудудий тузилмаларида сайлов участкалари тузилди. Айни пайтда эса участка сайлов комиссиялари шахсий таркибини шакллантириш ишлари қизғин паллага кирган. Мухбиримиз сайловларни ўтказиш жараёнида участка сайлов комиссияларининг иштироки, ушбу комиссияларни тузиш ҳамда ишини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳамда мажбуриятларига доир масалалар хусусида Марказий сайлов комиссияси аъзоси Жалил НОРОВ билан суҳбатлашди.

 

– Участка сайлов комиссияси – сайлов участкасида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга масъул коллегиал давлат органидир, – дейди Жалил Халилович. – Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссиялари округ сайлов комиссиялари томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида беш-ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Участка сайлов комиссияларининг шахсий таркиби округ сайлов комиссияларининг қарори билан тасдиқланади. Участка сайлов комиссияси таркибининг сони заруратга қараб кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.

 

Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йил 11 сентябрда қабул қилинганЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисидаги қарорининг 10-бандига мувофиқ, қонунда белгиланган тартибда тузиладиган сайлов участкалари ва участка сайлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайлови учун ягона ҳисобланади.

 

Миллий сайлов қонунчилигимизга кўра, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасига мувофиқ, шаҳарча, қишлоқ, овул фуқаролар йиғини ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғини участка сайлов комиссияларининг аъзолигига номзодларни тегишли округ сайлов комиссияларига тавсия этади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, участка сайлов комиссиясининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан танланади.

 

Сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолари сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши, депутатликка номзодлар эса сайлов комиссияларига аъзо бўлиши мумкин эмас. Бир шахс фақат битта сайлов комиссиясига аъзо бўлиши мумкин. Бундай қоида сайловларни ташкил этишга ваколатли сайлов комиссиялари фаолиятини холис, сайлов натижаларидан манфаатдор бўлмаган шахслар томонидан ўтказилишининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

 

– Участка сайлов комиссиялари қандай ваколатларга эга?

– Мамлакатимизда участка сайлов комиссияларининг фаолияти тегишли ҳуқуқий база асосида тартибга солинади. Жумладан, участка сайлов комиссиялари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ва сайловга оид бошқа қонун ҳужжатлари, Марказий сайлов комиссиясининг участка сайлов комиссиялари фаолиятига доир қарорлари, низомлари ва йўриқномалари, хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи участка сайлов комиссияларини тузиш ва уларнинг ишини ташкил қилиш тартиби тўғрисида низом” асосида амалга оширади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисидаги Қонуннинг 15-моддасида участка сайлов комиссияларининг ваколатлари аниқ кўрсатилган бўлиб, унга кўра, участка сайлов комиссиялари участка бўйича сайловчилар рўйхатини тузади, сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади, сайлов куни ўз тураржойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилардан сайлов конвертларини қабул қилиб олади, аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади, овоз бериш бинолари ва сайлов қутилари ҳамда бошқа сайлов ашёлари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди.

 

Шунингдек, сайлов куни сайлов участкасида овоз беришни ташкил этади, сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади, сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни ташкил этиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади.

 

Участка сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорини барча давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмлар, корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари ижро қилиши мажбурийдир.

 

Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишда ёрдам беришлари, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этишлари шарт. Масалан, сайловчилар рўйхатини тузиш учун муайян ҳудудда яшовчи фуқаролар – сайловчилар  тўғрисидаги маълумотларни аниқлашда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ички ишлар идоралари ҳамда ҳокимликлар тегишли маълумотларни аниқ ва ўз вақтида тақдим қилишлари лозим.

 

Бундан ташқари, участка сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли давлат органларига ҳамда жамоат бирлашмалари органларига, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар комиссия томонидан қўйилган масалани кўпи билан уч кун ичида кўриб чиқишлари ва жавоб қайтаришлари шарт.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисидаги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, участка сайлов комиссиясининг мажлиси, агар унда мажлис ўтказилаётган кундаги комиссия таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади. Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган комиссия аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини баён этишга ҳақлидирлар, бу фикр ёзма шаклда баённомага илова қилинади. Агар овозлар тенг бўлиниб қолса, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи кучга эга бўлади.

 

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссиялари тизимига кирувчи барча сайлов комиссияларининг иши сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик, қарор қабул қилишда кўпчиликнинг фикри ҳал қилувчи роль ўйнаши, масалалар эркин ва ошкора муҳокама қилиниши, қарор қабул қилишда комиссия аъзоларига эркинлик берилиши, аъзоларнинг мустақил фикрга эгалигини таъминлаш каби демократик тамойиллар асосида ташкил этилади. Қонун ҳужжатларига кўра, сайлов комиссиялари сайлов жараёнини очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

 

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишдаги очиқлик ва ошкораликни таъминлашда участка сайлов комиссияларининг ўрни қандай?

– Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, барча бўғиндаги сайлов комиссиялари каби участка сайлов комиссиялари ҳам сайлов жараёнининг очиқ ва ошкора амалга оширилишига масъулдир. Хусусан, участка сайлов комиссияси фуқароларни ўз ишларидан, сайлов участкалари тузилганлигидан, участка сайлов комиссиясининг таркиби, участка сайлов комиссиясининг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этадилар. Шунингдек, фуқароларни сайловчиларнинг рўйхати, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништирадилар. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қиладилар.

 

Амалдаги қонун ҳужжатларига биноан, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан биттадан кузатувчи, ваколатли вакил, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.

 

Миллий сайлов қонунчилигимизга кўра, кузатувчилар участка сайлов комиссияларининг мажлисларида иштирок этиш, сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш, овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомаларини тузишда ҳозир бўлиш, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш, агар сайлов участкасида сайлов тўғрисидаги қонун бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори сайлов комиссиясига маълум қилиши мумкин.

 

Кўриниб турибдики, сайловлардаги ошкораликни таъминлашда участка сайлов комиссиялари муҳим ўрин тутади.

 

Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» газетаси мухбири

13564

01Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар