Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

«Миллий тикланиш» демократик партияси съезди

Тошкентда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг III съезди бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларидан сайланган 225 нафар делегат, партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари иштирок этди.

 

Съездда партия Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитаси раиси С. Отамуратов партиянинг ҳисобот давридаги фаолияти ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов муносабати билан партия олдида турган долзарб вазифалар хусусида маъруза қилди.

 

Съездда ҳисобот даврида асосий эътибор партиянинг дастурий мақсадлари – мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, маънавий қадриятларимизни, халқимизнинг урф-одатлари ҳамда анъаналарини, бой тарихий меросимизни асраб-авайлашга қаратилгани таъкидланди.

 

Делегатлар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, унинг ҳудудий бўлимлари, бошқарув органлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлар гуруҳларининг 2010 – 2014 йиллардаги фаолиятини атрофлича танқидий таҳлил қилиб чиқишди. Қайд этилганидек, жойлардаги айрим бошланғич ташкилотларнинг суст фаолияти жамиятда партия ғояларини янада илгари суришга сезиларли даражада тўсқинлик қилмоқда.

 

Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда партиянинг ролини кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда унинг иштирокини кенгайтириш, қонун ҳужжатларининг жойларда ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишда ишларни янада фаоллаштириш лозим.

 

Муҳокамаларда сиёсий партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолиятига алоҳида урғу берилди. Таъкидланганидек, “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлари томонидан қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини амалга оширишда партиянинг мавжуд салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган. Зеро, мамлакатимиз демократик, ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ҳозирги босқичида партиянинг барча саъй-ҳаракатлари жамиятнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашга йўналтирилиши зарур.

 

Съезд делегатлари партиянинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлажак сайловда фаол иштирок этиши борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олди, мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳалардаги миллий манфаатларини таъминлаш, миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, фуқароларни миллий-ахлоқий тарбиялашни такомиллаштиришда “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ўрни ҳамда аҳамияти белгиланган сайловолди платформасининг асосий қоидаларини тасдиқлади.

 

Шунингдек, съездда барча даражадаги партия ташкилотларининг сайловда муносиб қатнашишини таъминлаш, сайлов технологияларидан самарали фойдаланиш, сайлов штаблари ва тарғибот гуруҳларининг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

 

Съездда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, мамлакатимиз парламентининг қуйи палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди.

 

Делегатлар партия олий органи ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди ва тегишли қарорлар қабул қилди.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

5863

05Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар