Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

ХДП: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг VIII қурултойи бўлиб ўтди. Унда партиянинг мамлакатимиз барча ҳудудларидаги ташкилотларидан сайланган делегатлар қатнашди.

 

Қурултойда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳ. Кетмонов партия ташкилотлари фаолиятининг асосий якунлари ҳамда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов муносабати билан партия олдида турган устувор вазифалар ҳақида маъруза қилди.

 

Қайд этилганидек, жамиятни янада демократлаштириш ва янгилаш йўлида эришилган натижалар, аҳолининг ўзлигини англаши, ижтимоий-сиёсий саводхонлиги ўсиши ва дунёқараши кенгайиши ЎзХДП олдига бошқа сиёсий партиялар қатори демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида долзарб вазифаларни қўймоқда. Бунда, шубҳасиз, партиянинг мамлакатимизда халқ фаровонлиги ва юрт тараққиёти йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларига дахлдорлиги унинг фаолиятини баҳолашнинг бош мезони ҳисобланади.

 

Делегатлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2010–2014 йиллардаги фаолиятини танқидий таҳлил қилиб чиқди.

 

Уларнинг фикрича, партия ташкилотлари салоҳияти катта бўлса-да, мавжуд захираларнинг барчаси ишга солинмаган. Бунга эса, айниқса, демократик, ижтимоий, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида йўл қўйиб бўлмайди. Хусусан, партия ташкилотлари томонидан ёшлар билан ишлашга етарли даражада эътибор қаратилмаган, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар гуруҳлари фаолияти суст бўлиб қолмоқда.

 

Қурултойда, шунингдек, партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси, бошланғич ташкилотлар, жамоатчилик қабулхоналари фаолиятида, барча даражадаги партия ташкилотларини ахборот-таҳлилий таъминлашда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмагани кўрсатиб ўтилди. Парламентдаги фракциянинг жойлардаги депутатлар гуруҳлари билан партия сайловолди платформаси қоидаларини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмагани танқид қилинди.

 

Қурултойда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаолиятининг асосий тамойили ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётга, кучли ижтимоий сиёсат ва ривожланган фуқаролик жамиятига эга бўлган ҳуқуқий демократик давлат барпо қилиш эканлиги қайд этилди. Бунда меҳнатга лаёқатли аҳолининг самарали бандлигини таъминлаш, муносиб иш ҳақига эга бўлган барқарор иш жойларини ташкил қилиш фуқароларни манзилли ижтимоий муҳофаза этишда асосий йўналиш бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

 

Қурултойда партия электоратининг манфаатларини янада самарали илгари суриш ва ҳимоя қилиш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш, мамлакатимизни демократик янгилаш ҳамда модернизациялашдаги бошқа устувор мақсадларни амалга оширишга қаратилган социал-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ислоҳотларни рўёбга чиқаришда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ролини оширишга доир энг муҳим вазифалар белгиланган сайловолди платформаси тасдиқланди.

 

Сайлов қонунчилигига мувофиқ, Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди.

 

Шунингдек, қурултойда партиянинг ваколатига кирадиган бошқа масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

6494

06Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар