Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Миллий тараққиёт – устувор мақсад

Пойтахтимизда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг съезди бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Отамуродов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари олий қадрият сифатида қаралган демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Бу жамиятимизни тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, миллий қадриятларимизни мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни вояга етказишда муҳим омил бўлмоқда.

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг ўрни, ўтган беш йил давомидаги фаолияти, истиқболдаги вазифалари атрофлича муҳокама қилинди.

 

Ўтган давр мобайнида партиянинг 2009 йилги сайловолди дастури ижросини таъминлаш, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, маънавият, маданият ва фан-таълим соҳасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва ушбу соҳалар ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 

Бу жараёнда халқимизнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз, бой тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва бойитиш, миллий тикланиш ғоясини кенг тарғиб қилиш, ёшларда ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат ҳисларини юксалтириш барча тадбирларнинг асосий мағзига айланди.

 

“Донолик ва ташаббускорлик – сиёсий етакчилик мезони” кўрик-танлови, “Фаол аёллар – жамиятимиз таянчи” мавзусидаги хотин-қизлар форуми ва бошқа тадбирлар мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган доимий эътибор, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамият ҳаётидаги нуфузини ошириш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги кенг кўламли ишларнинг амалий намунаси бўлди.

 

Жорий йилда ЎзМТДП фаоллари томонидан энг катта ва бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлаш, миллатлар ва фуқаролар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчлик учун курашиб яшаш ғояларини ўзида мужассам этган “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида «Тинчлик ва осойишталик мамлакатимиз тараққиёти кафолатидир», “Шу Ватанга бордир менинг керагим”, «Мустақиллик миллий тикланиш ва юксалишдир» каби лойиҳалар амалга оширилди.

 

Йиғилишда партиянинг демократик, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича вазифаларни ҳал этишдаги ролини кучайтиришга доир фаолияти атрофлича таҳлил этилди. Марказий ва ҳудудий ташкилотларнинг 2009–2014 йиллардаги фаолиятида эришилган ютуқлар, йўл қўйилган камчиликлар таъкидланди.

 

Тадбирда барча даражадаги партия ташкилотларининг жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловларда муносиб иштирок этишини таъминлаш, сайловолди кампаниясида сайлов технологияларидан самарали фойдаланиш, сайловолди ташвиқотида фаоллик кўрсатиш, сайлов штаблари ва тарғибот гуруҳларининг фаолиятини такомиллаштириш, кузатувчи, ваколатли ва ишончли вакиллар билан ишлашни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

 

Съездда ЎзМТДП устави, дастури ҳамда назорат-тафтиш комиссиясининг низомига тегишли ўзгартишлар киритилди. Партиянинг сайловолди платформаси тасдиқланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлар маъқулланди.

 

Дилшод Каримов, ЎзА

9011

04Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар