Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Устувор вазифалар белгиланди

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съезди бўлиб ўтди.

 

ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Б.Ёқубов ва бошқалар ҳисобот даврида партиянинг 2009 йилги сайловолди дастури ижросини таъминлашда асосий эътибор мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш ва электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганини таъкидлади.

 

Бу жараёнда хусусий мулк ҳимоясини кучайтириш, жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракати ва кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, қишлоққа саноатни олиб кириш, фермерлар етиштираётган маҳсулотларни экспорт қилиш – доимий эътиборда.

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 55,8, саноатдаги улуши 31,1, ўзлаштирилган инвестициялар 33,2 фоизга ўсди. Иш билан таъминлаган аҳолининг 76,5 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ҳисобига 650 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

 

Ўтган даврда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан 1672 марта ижро ҳокимияти тузилмалари мутасаддиларининг эшитувлари ташкил этилди. Доимий комиссияларга киритилган 280 дан ортиқ таклифлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Айни пайтда партия томонидан давлат бошқаруви, ижтимоий-гуманитар, маънавий соҳалар, интеллектуал ривожланиш йўналишларида ўндан ортиқ лойиҳа ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда. Ушбу лойиҳаларда асосий эътибор аёллар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш каби масалаларга қаратилган. Мисол учун, “Мулкдор оила” лойиҳаси доирасида 1760 иштирокчининг 28,5 миллиард сўмлик бизнес режалари молиялаштирилди. “Ишбилармон талаба”, “Парламентда менинг ўрним”, “Агар депутат бўлсам...”, “Диплом билан бизнесга” каби лойиҳаларда иштирок этган 874 минг нафарга яқин ёшнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий билимлари оширилди.

 

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси электорат манфаатларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларига таклифлар бериш, назорат-таҳлил фаолиятини амалга ошириш имкониятларидан кенг фойдаланмоқда. Жумладан, фракция ўтган даврда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қатор қонун ҳужжатларининг қабул қилинишида ташаббускор бўлди.

 

Йиғилишда партиянинг ўтган 5 йиллик фаолияти сарҳисоб қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Мамлакатимиз ҳаётида муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланган бўлажак сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА

3587

31Октябрь 2014



Долзарб мавзулар