Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Адолат – асосий мезон

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтди.

 

Унда партиянинг 2009 йилги сайловолди дастуридаги устувор йўналишларнинг бажарилиши, мафкуравий, ташкилий-кадрлар соҳасидаги ишлар ва парламент қуйи палатасидаги партия фракцияси фаолияти таҳлил этилиб, истиқболдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Н.Умаров, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари С.Турсунов ва бошқалар мамлакатимизни жадал ривожлантириш жараёнида фуқаролик жамияти институтлари демократик қадриятлар, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим омилга айланаётганини таъкидлади.

 

Ҳисобот даврида мамлакатимизни демократлаштириш ва сиёсий жиҳатдан модернизациялашнинг янги босқичига ўтилганлиги Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолиятида ҳам ўз аксини топди. Партия марказий органлари, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлар гуруҳларининг иш режаси қайта кўриб чиқилди. Ташкилий-партиявий ишлар даражасини мунтазам ошириб бориш билан бирга партиянинг сайловолди дастуридаги “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони” ғояси асосида партия электоратига мафкуравий жиҳатдан таъсир кўрсатиш, тарғибот-ташвиқот, маънавий-тарбиявий ишларни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

 

Партия саъй-ҳаракатлари қуйидан юқори бўғингача бўлган барча ташкилотларни қамраб олувчи йирик мафкуравий акцияларни уюштиришга йўналтирилди. “Энг яхши ижтимоий бизнес ғоя”, «Муқобил энергиянинг энг фаол тарғиботчиси», «Партиянинг оқила аёли», «Энг яхши матбуот котиби» каби лойиҳалар шулар сирасидандир.

 

Партиянинг дастурий ғояларидан келиб чиққан долзарб масалалар бўйича унинг минтақавий тузилмалари билан видеоконференция ва телекўприк ўтказиш тажрибаси шакллантирилди. Партия фракцияси мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватловчи, соғлиқни сақлаш, фан, таълим, суд-ҳуқуқ тизимларини янада мустаҳкамловчи қатор қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишида фаоллик кўрсатди.

 

Йиғилишда мамлакатни демократлаштириш ва янгилаш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича долзарб вазифаларни ҳал этишда партиянинг “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” деб номланган сайловолди дастурининг асосий қоидалари тасдиқланди. Янги дастурда асосий эътибор ижтимоий соҳага замонавий инновацион технологияларни жорий этиш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш каби йўналишларга қаратилган.

 

Қурултойда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди.

 

Сайёра Шоева, ЎзА

5527

03Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар