Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Экоҳаракат конференциялари давом этмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳудудий бўлинмаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича республика конференциясига делегатлар сайлаш конференциялари бўлиб ўтмоқда.

 

Конференцияларда қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси, экологик барқарорликни таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Мазкур ислоҳотларда давлат муассасалари билан бир қаторда, фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол қатнашиб келаётир. Ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик лойиҳаларни рўёбга чиқаришда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик механизми тобора кенгайиб бораяпти. Бу борада экология ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ўз атрофида бирлаштирган Ўзбекистон экологик ҳаракати тузилгани муҳим аҳамият касб этди.

 

Қашқадарё вилоятида ўтказилган конференцияда Экоҳаракатнинг 367 нафар фаоли қатнашди. Улар сафида ҳудуднинг барча туманларидан табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари мутахассислари, соғлиқни сақлаш, илм-фан, таълим соҳаси ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ вакиллари борлиги эътиборга молик.

 

Тадбирда бугунги кунда экологик барқарорликка эришиш тобора долзарблашиб бораётгани таъкидланди. Шунинг учун делегатларни сайлаш қаторида атроф-муҳит муҳофазасининг ташкилий-ҳуқуқий асосини янада маромига етказишга доир устувор масалалар кўриб чиқилди.

 

– Республика конференциясига сайланган ҳар бир делегатдан катта масъулият талаб этилади, – деди Қарши давлат университети доценти Туроб Тилявов. – Жумладан, улар ўз олдига нафақат ҳудудий, балки минтақавий ва глобал экологик муаммоларга оид аниқ ғоя ҳамда мақсадлар, режа ва дастурларни қўйиши керак.

 

Яна шуни алоҳида қайд этишни истардимки, Экоҳаракат фаоллари орасида ёшлар томонидан қатор ташаббуслар кўрсатилаётгани навқирон авлод вакиллари она-Ватанининг бугуни ва эртасига бефарқ эмаслиги, уларда ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси юксалиб бораётганини кўрсатади.

 

Экоҳаракатнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси конференциясида 491 нафар фаол қатнашди. Унда яширин овоз бериш йўли билан Ўзбекистон экологик ҳаракати республика конференциясига делегатлар сайланди.

 

– Жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтириш, ёш авлодни баркамол вояга етказиш, болалар спортини оммалаштириш, аҳоли, жумладан, ўғил-қизларда экологик ва тиббий маданиятни ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир, – деди Гулистон шаҳар маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиғи Адҳам Саманов. – Юртимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мазкур масалаларга устувор аҳамият қаратиб келинаётир. Ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Бу борадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш давр талабидир. Шу маънода, Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари ана шу эзгу ишларда янада фаол бўлиши керак. Бинобарин, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига соҳани муфассал биладиган, тегишли қонунчилик асосларидан тўлиқ хабардор, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил тадбирларида фаол бўладиган номзодлар депутатликка сайланиши жуда муҳимдир.

 

Экоҳаракатнинг Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси конференциясида 450 нафардан зиёд фаол қатнашди. Унда Орол денгизи ҳавзасидаги вазият билан боғлиқ муаммолар, минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига доир видеофильм намойиш этилди. Амалдаги тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилган йиғилишда Экоҳаракатнинг республика конференциясига энг муносиб делегатлар сайланди.

 

– Инсон саломатлиги, мусаффо ҳаво, экологик барқарорлик – мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг пировард мақсадидир, – деди Зомин тумани тиббиёт бирлашмаси ташкилий-услубий бўлим мудири Муқаддас Ўразалиева. – Ўзбекистон экологик ҳаракати ва унинг жойлардаги, жумладан, Жиззах вилояти бўлинмаси ҳам ана шу эзгу ишларга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шулар қаторида ҳудуднинг экотуризм соҳасидаги салоҳиятини янада юзага чиқариш диққат-эътиборимизда турибди. Экоҳаракатнинг Республика конференциясига сайланган ҳар бир вакил зиммасидаги улкан масъулият залворини чин юракдан ҳис этиши керак.

 

– Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳудудий бўлинмаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш ҳудудий бўлинмалар олий органи – Конференция томонидан амалга оширилади, – деди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Э. Ражабов. – Айни пайтда ҳудудлардан Ўзбекистон экологик ҳаракати Республика конференциясига делегатлар яширин овоз бериш йўли билан сайланмоқда. Мазкур жараён қонунчилик меъёрлари, Марказий сайлов комиссиясининг “Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга қатъий амал қилган ҳолда, шаффофлик, ошкоралик принципларига мувофиқ ўтказилаяпти. Холисликни таъминлаш мақсадида уларда Марказий сайлов комиссияси аъзолари, ОАВ ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этаётир.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича Республика конференциясига делегатлар сайлаш конференциялари бошқа вилоятларда ҳам давом этмоқда.

 

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

6167

07Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар