Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

«Сайловда биринчи марта овоз бераман!»

Жорий йил 21 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов муҳим сиёсий тадбир сифатида ёшларимиз ҳаётида ҳам ёрқин из қолдириши билан алоҳида аҳамият касб этади.

 

Бу йил сайловда миллионлаб ўғил-қизларимиз илк маротаба қатнашиб, ўз конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаради.

 

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда, уларнинг таълим-тарбия олиши, ўз иқтидори ҳамда имкониятларини рўёбга чиқариши учун барча шарт-шароит яратилган. Бинобарин, ёшларимизда Ватанимиз тақдирига, мамлакатимизда кечаётган демократик ўзгаришларга нисбатан дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бормоқда. Буни уларнинг сайлов қонунчилигини астойдил ўрганаётгани, сиёсий партияларнинг сайловолди тадбирларига катта қизиқиш билдираётгани мисолида ҳам кузатиш мумкин.

 

Рушанабону ЭРКИНОВА,

Наманган тиббиёт коллежи ўқувчиси:

– Бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида юртимиз ёшларига ҳавас билан қарашади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки биз давлатимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлиги оғушидамиз. Шижоатимиз, ғайратимиз, интилишимиз, эришаётган муваффақиятларимиз ана шу имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланаётганимиз натижасидир, десам, асло муболаға бўлмайди.

 

Мен малакали ҳамшира бўлиш учун устозларимдан тиббиётнинг сир-асрорларини пухта ўрганаяпман. Ниятим – келгусида юртдошларимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишдек олижаноб ишга ўз ҳиссамни қўшиш.

 

Бу йил илк маротаба сайловда қатнашиб, депутатликка муносиб номзодларни сайлаш учун ўз муносабатимни билдираман. Менинг танловим ҳам шарафли, ҳам масъулиятли эканини чуқур англаган ҳолда, сайлов ҳақидаги тушунчаларимни, сайлов қонунчилиги борасидаги билимларимни оширишга ҳаракат қилаяпман.

 

Шу мақсадда тенгдошларим билан коллежимизда ўтказилган “Ёшлар ва сайлов” мавзуидаги давра суҳбатида иштирок этдим. Анжуманда мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати, ёш авлодни жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар сифатида вояга етказиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Шунингдек, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиши айнан сайловлар орқали рўёбга чиқарилишини билиб олдик. Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига ҳамда ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлиги, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатлангани тўғрисидаги билимларимни мустаҳкамладим.

 

Нозима САЪДУЛЛАЕВА,

Бухоро қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:

– Ёш эканимга қарамай, ҳаётимда эсда қоларли воқеалар кўп бўлган. Биринчи синфга борган куним, коллежга илк қадам қўйганим, ўз қўлим билан тиккан биринчи либос, танловлардаги дастлабки муваффақиятим – буларнинг барчаси мен учун қадрли. Яқин кунларда эса миллионлаб тенгдошларим қатори сайловда илк бор овоз бераман. Мустақил юрт фуқароси сифатида муносиб номзоднинг депутат этиб сайланиши учун ўз муносабатимни билдираман. Бу орқали юртимизнинг келгуси равнақига, халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада юксалишига ҳисса қўшаман.

 

Коллежда интерьер ва мебель жиҳозлари йўналишида таҳсил олаяпман. Келгусида олий ўқув юртида ҳам ўқиб, шу соҳада етук мутахассис бўлмоқчиман. Табиийки, сайловда сиёсий партияларнинг, депутатликка номзодларнинг дастурларида менинг орзу ва интилишларимга доир аниқ мақсад ҳамда вазифалар ўз ифодасини топганига алоҳида эътибор қаратиб, бир қарорга келаман.

 

Марғуба БОТИРОВА,

тадбиркор (Хива шаҳри):

– Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида биз, ёшларнинг ўқиши, меҳнат қилиши, ўз истеъдод ҳамда қобилиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилган. Хусусан, банклар томонидан касб-ҳунар коллежларини битириб, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга имтиёзли кредитлар берилмоқда. Мен шу йили Хива ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежини тугатиб, тадбиркорликка қўл урдим. Банкдан имтиёзли кредит олиб, тикувчиликни йўлга қўйдим. Келгусида бизнесимни янада кенгайтириш ниятидаман. Тадбиркорлик фаолиятимни ривожлантиришда яқинда бўладиган сайлов ҳам муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман. Чунки биз сайлайдиган депутатлар мамлакатимизнинг узоқ истиқболдаги тараққиётини белгилаб берадиган янги қонунлар устида ишлайдилар, уларнинг ижросини назорат қиладилар. Демак, сайловда муносиб номзодга овоз бериш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

 

Миржалол РАҲМОНОВ,

“Қашқадарё пармалаш ишлари” акциядорлик жамияти ишчиси:

– Бугунги кунда биз – ёшлар давлатимизнинг ишончи ва таянчи сифатида юксак ғамхўрлик ҳамда эътибор тафтини ҳис этиб улғаймоқдамиз. Қарши саноат коллежини муваффақиятли тамомлаб, ўзим қизиққан соҳа бўйича иш бошладим. Бунда парламентимизда қабул қилинган қонунлар муҳим асос бўлди. Албатта, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кўрилаётган мазкур чора-тадбирлар жамиятда муносиб ўрин эгаллашимизни таъминлашга қаратилган.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа бўлмиш сайловга тенгдошларим қатори пухта тайёргарлик кўраяпман, сайловга оид қонунчиликни ўрганаяпман. Мақсадим – шу азиз Ватанимиз, унинг тараққиёти учун хизмат қиладиган муносиб номзодга овоз бериш.

 

«Халқ сўзи» газетаси

6095

12Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар