Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Участка сайлов комиссиялари шакллантирилди

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим тадбир – давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловига 37 кун қолди.

 

Бугунги кунда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури асосида фаол иш олиб борилмоқда.

 

Аёнки, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқини рўёбга чиқаришда, хусусан, ўзига қулай жойда эмин-эркин овоз беришида сайлов участкалари фаолиятини пухта ташкил қилиш муҳим аҳамият касб этади. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловчиларга имкон қадар кўпроқ шарт-шароит яратиш мақсадида 9 мингдан ортиқ сайлов участкалари ташкил қилинди. Ҳозирги вақтда округ сайлов комиссиялари томонидан участка сайлов комиссиялари шакллантирилди. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, участка сайлов комиссияси беш-ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан, раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилди.

 

– Округимизда парламент сайловига тайёргарлик ишлари календарь режаси асосида қатъий олиб борилмоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 15-Хўжаобод округ сайлов комиссияси раиси Мадаминжон Арзиев. – Ҳудудимизда 63 та сайлов участкаси 159,3 минг нафар сайловчига хизмат кўрсатади. Округ сайлов комиссияси таркиби 9 нафар партиясиз, сайлов жараёни бўйича муайян тажрибага эга, обрўли шахслардан ташкил топган. Олдимизда турган вазифаларимиз тақсимлаб олинган бўлиб, кундалик фаолиятни шу асосда олиб бормоқдамиз. Комиссиямиз ишлайдиган хоналар сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда жиҳозланиб, техника воситалари, зарур адабиётлар билан таъминланган. Бугунги кунда округ сайлов комиссияси аъзолари тузилган сайлов участкалари билан танишиб, уларда тўлақонли фаолият олиб бориш учун зарур шароитлар яратилиши масалаларига жиддий эътибор қаратмоқдалар. Жумладан, сайловчиларга қулайлик яратиш учун сайлов участкаси жойлашган манзилларга олиб борувчи йўлларга кўрсаткичлар ўрнатилиб, сайлов қонунчилигига оид плакатлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги тарғибот воситаларини жойлаштириш ишлари кетаяпти.

 

Айни пайтда участка сайлов комиссиялари таркибларини шакллантириш бўйича вазифалар якунига етди. Улар ҳудуддаги сайлов жараёнини ташкил қилишга киришди. Ҳозир сайловчилар, хусусан, сайлов кунида бевосита овоз бериш имкониятига эга бўлмаганлар рўйхати тузиб чиқилмоқда.

 

– Бу йилги сайловлар, шубҳасиз, мамлакатимиздаги демократик янгиланиш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 120-Шаҳрисабз округ сайлов комиссияси раиси Бахтиёр Хуррамов. – Округ тасарруфида 65 та сайлов участкаси тузилган бўлиб, уларнинг бир қисми узоқ тоғли ҳудудларда ташкил қилинди. Шуни айтиш керакки, 166,7 минг сайловчи иштирок этиши кутилаётган сайловларни ташкил қилишда очиқлик, ошкоралик ҳамда транспарентликни таъминлаш учун барча зарур шароитлар яратилган. Ҳозирги босқичда участка сайлов комиссиялари шакллантирилди. Биз уларни зарур воситалар – компьютер, факс, нусха кўчириш аппаратлари ва бошқа жиҳозлар, шунингдек, сайловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда тегишли қўлланмалар билан тўлиқ таъминлаяпмиз. Тоғли жойларда кичик радиостанциялар ташкил этилмоқда. Сайловлар қиш мавсумининг энг қисқа кунига тўғри келаётганлигини ҳисобга олиб, овоз бериладиган жойларнинг кенг ва ёруғ бўлиши, хоналарнинг иссиқлиги, очиқ ҳамда қулайлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сайлов участкаларини жойлаштиришда йўл ва коммуникация тармоқлари қулай бўлган, аҳолига яқин жойлар танланган.

 

– Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён – давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлар тобора яқинлашмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 80-Бўстонлиқ сайлов округи раиси Ҳикматилла Султонов. – Айни шу масъулиятли паллада сайловни амалдаги қонун талабларига мувофиқ тарзда, юқори даражада ўтказишга хизмат қилувчи муҳим ташкилий-тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этаётир. Буни округимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Округимиз Бўстонлиқ тумани ҳудудини тўлиқ ҳамда Юқори Чирчиқ туманининг 4 та қишлоқ фуқаролар йиғинини ўз ичига олган бўлиб, сайловчилар сони 146,1 минг кишидан иборатдир. Шу асосда округимиз таркибида 61 сайлов участкаси тузилди. Участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантириш ишлари якунига етди. Сайлов участкалари зарур бино, ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланди. Сайлов комиссиямиз аъзолари билан белгиланган режа асосида ҳар куни 10-15 та сайлов участкасида бўлиб, у ердаги ташкилий-тайёргарлик ишлари билан танишаяпмиз, зарур ҳолларда уларга амалий кўмак кўрсатмоқдамиз. Сайлов участкалари таркибига эл орасида обрў-эътиборга эга бўлган, аввалги сайловларни ўтказишда ҳам фаол қатнашиб, тажриба орттирган фуқаролар жалб этилди. Уларнинг аксарият қисми ўқитувчи ва мураббийлар, тиббиёт ходимлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, фермерлар, тадбиркорлар ҳамда халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари вакилларидан иборатдир.

 

Саидаҳмад ШУКУРОВ,

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

9208

13Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар