Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Ёшлар сайловга тайёргарлик кўрмоқда

Жорий йил давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайлов мутлақо янги, хусусан, ёш авлоднинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалган шарт-шароитларда бўлиб ўтади.

 

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолларининг фикрича, ёшлар сайловда ҳал қилувчи овозга эгадир. Шунинг учун ҳам улар жорий йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловга пухта тайёргарлик кўриб келиши ҳамда онгли равишда ўз ҳуқуқидан фойдаланиши айни заруратдир.

 

Фарғона шаҳрида ўтказилган “Сайлов ва ёшлар” форуми айнан шу мақсадда ташкил этилди. Унда “Камолот”нинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан келган фаоллари қатнашди.

 

Форум иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 99-Фарғона сайлов округида бўлиб, округ сайлов комиссияси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, комиссия раиси И. Тўхтаров Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловни ўтказиш тартиби ҳақида маълумот берди, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини атрофлича тушунтирди.

 

– Мамлакатимиз бўйлаб мазкур сиёсий тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда, – деди форумнинг Наманган вилоятилик иштирокчиси Сарварбек Қобилов. – Биз, ёшлар сайловда фаол қатнашмоқчимиз. Бунинг учун, албатта, сайлов қонунчилигини яхши билишимиз, сайловолди ташвиқотини диққат-эътибор билан кузатиб боришимиз керак. Шу маънода, ушбу форум ёшларни сайловда фаол иштирок этишга даъват қилиши билан алоҳида аҳамиятга эга.

 

Йигит-қизлар, шунингдек, 710-сонли сайлов участкасида ҳам бўлишди. Бу ерда улар комиссия фаолияти, яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар, сайловга тайёргарлик жараёни ҳақида батафсил ахборот олишди.

 

– Сайловда мамлакатимизнинг янада ривожланишига, аҳоли фаровонлигини оширишга ҳисса қўшадиган муносиб номзодларга овоз берамиз, – деди форумнинг Андижон вилояти вакили Дилхумор Янгбоева. – Форум боис сайлов жараёни ҳақида жуда кўп нарсани ўргандик. Олган билимларимизни, албатта, тенгдошларимиз билан баҳам кўрамиз.

 

– Ҳуқуқшунос-олимлар, сайлов кампанияси ташкилотчилари бизга сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар хусусида атрофлича сўзлаб беришди, – деди Фарғона политехника институти талабаси Аброр Отабоев. – Муҳокамалар чоғида бошқа вилоятлардан келган тенгдошларимиз билан фикр-мулоҳаза алмашдик. Умуман айтганда, форум мазмунли ва қизиқарли ўтди. Бундай тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Форум иштирокчилари ёшларни бўлажак сайловларда фаол қатнашишга ҳамда шу орқали мамлакат равнақига ҳисса қўшишга даъват этиб, тегишли мурожаат қабул қилдилар.

 

Тадбир таниқли санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.

 

Набижон СОБИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

5567

14Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар