Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Очиқлик, ошкоралик – асосий мезон

Президентимиз раҳнамолигида сайлов ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

 

Сурхондарё вилоятида ҳам жорий йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу муҳим сиёсий жараённи очиқлик руҳида ўтказишга оид кўрилаётган барча чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури доирасида амалга оширилмоқда.

 

Сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида уни амалдаги қонунларимизга мос ошкоралик тамойиллари асосида юқори савияда ўтказиш учун давра суҳбати, семинар ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сурхондарё вилояти ҳудудий бўлими билан ҳамкорликда ўтказилаётган бундай тадбирларда сиёсий партияларнинг вилоят, туман, шаҳар кенгашлари раислари ва масъул ходимлари, туман, шаҳар сайлов комиссияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этаётир. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида бўлажак сайловлар ва уни ўтказиш тартиб-таомилларини кенг ёритиш ҳамда аҳоли хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Қонунларимизда сайлов кампанияси даврида сайловчиларга сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссияларининг таркиби, комиссиялар жойлашган манзил ва иш вақтига, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунларига оид ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқлари ҳам берилган. Шунга мувофиқ, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси таркиби шакллантирилди. Округ сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосари, аъзолари шахсий таркиби тасдиқланиб, матбуотда эълон қилинди.

 

 

Сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 9, халқ депутатлари вилоят кенгашига 55, туман, шаҳар Кенгашларига 410 округ сайлов комиссиялари тузилиб, уларга 705 та сайлов участкаси бириктирилди. Округ сайлов комиссиялари сайловга ҳозирлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ўз фаолиятини қонунда белгиланган ваколат ҳамда муддатларда режа асосида амалга ошираётир. Вилоят сайлов комиссияси ва барча округ сайлов комиссиялари соҳага оид қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, зарур замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Сайлов комиссиялари таркиби, округ харитаси, иш режаси ва навбатчилик жадвали бинонинг кўринарли жойига осиб қўйилди.

 

Бўлажак сайловларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 11-моддасида шаҳарча, қишлоқ, овул ва шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича участка сайлов комиссияларининг аъзолигига номзодларни тегишли округ сайлов комиссияларига тақдим этиши тўғрисида қарор қабул қилишга доир ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилган. Сайлов участкаларини шакллантиришда фуқаролар йиғинлари фаоллари яқиндан кўмаклашиб, ҳудудда обрў-эътиборга эга, эл ҳурматини қозонган, маҳаллада муқим яшаётган ва сайлов қонунчилигидан хабардор партиясиз фуқароларни участка сайлов комиссияси аъзолигига тавсия этди. Сайлов участкаларини жиҳозлаш, сайловчилар учун етарли қулайликлар яратиш борасидаги ишлар якунланмоқда.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 3-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир. Ушбу қонунда Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгалиги ҳам алоҳида белгилаб қўйилган. Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва маҳаллий Кенгашларга сайланиш ҳуқуқлари мустаҳкамланган. Унга кўра, сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари маҳаллий Кенгашларга депутат этиб сайланиш ҳуқуқига эга. Сайловларда қатнашиш ҳуқуқи берилган тўртта сиёсий партия маҳаллий Кенгашлар депутатлигига ўз номзодларини кўрсатмоқда.

 

Мухтасар айтганда, ҳар бир шахснинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқини амалга ошириши учун зарур қулайликлар яратилаётгани юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Тўра Боболов,

Сурхондарё вилояти

сайлов комиссияси раиси,

ЎзА.

12450

12Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар