Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистонда сайловолди ташвиқоти бошланмоқда

2014 йилги сайловни ёритиш бўйича республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

 

Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов оммавий ахборот воситалари ходимларига Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтгани ва унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш ва сайловолди ташвиқотини ўтказиш тартиби тўғрисида қарорлар қабул қилингани ҳақида ахборот берди.

 

Тадбирда барча сиёсий партиялар қонунда белгиланган муддатларда ўз съезд ва қурултойларини ўтказгани ҳамда уларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилгани қайд этилди. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар раҳбарларининг депутатликка номзодларни рўйхатга олиш ҳақидаги аризалари ва уларга илова қилинадиган зарур ҳужжатлар қабул қилинди.

 

Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган мазкур ҳужжатларни қонунда белгиланган етти кунлик муддат ичида текшириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Ҳужжатларни текшириш жараёнида депутатликка номзодлар сиёсий партиялар юқори органлари томонидан кўрсатилгани, ҳар бир сайлов округидан депутатликка биттадан номзод кўрсатилгани, шунингдек, депутатликка номзодларнинг уларга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги масалалари ўрганиб чиқилди.

 

Матбуот анжуманида сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод кўрсатиш ишлари сайлов қонунчилиги талабларига қатъий мувофиқ равишда ўтказилгани таъкидланди.

 

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига биноан сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини хотин-қизлар ташкил этиши лозимлиги ҳақидаги қонун нормасига риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилди. Рўйхатга олинган номзодларнинг 31,8 фоизини хотин-қизлар ташкил этди.

 

Парламент қуйи палатаси депутатлигига номзодлар орасида таълим соҳаси вакиллари 26,5, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари 20,2, иқтисодчилар 20,8, ҳуқуқшунослар 14,2, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари 10,1 фоизни ташкил қилди. Номзодларнинг барчаси олий маълумот ва катта ҳаётий тажрибага, 21,7 фоизи эса фан доктори ёки номзоди илмий даражасига эга. Номзодларнинг 13,8 фоизи илгари ҳам депутатликка сайланган.

 

Шундай қилиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига биноан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш қонунда белгиланган муддатда якунланди.

 

Сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг рўйхати номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, қайси партияга мансублиги, эгаллаб турган лавозими, иш ва яшаш жойи, шунингдек, уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда матбуотда эълон қилинади.

 

Матбуот анжуманида депутатликка номзодлар рўйхатга олингач, сайлов жараёнининг муҳим босқичи – сайлов қонунчилиги талаблари асосида амалга ошириладиган сайловолди ташвиқоти бошлангани таъкидланди.

 

Мамлакатимизда сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг барча шакл ва усулларини самарали қўллаш учун ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилган. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонун ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқотини амалга оширишда депутатликка номзодлар, сиёсий партияларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги низомга биноан депутатликка номзодлар, сиёсий партияларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга сайловолди ташвиқоти даврида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шароитлар яратиш, сиёсий партияларнинг келгуси ўз фаолият дастури билан чиқиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан уларнинг оммавий ахборот воситаларида чиқишининг алифбо тартиби белгиланди.

 

Шунингдек, депутатликка номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун барча зарур шарт-шароит яратилади. Сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишларга кўра, сиёсий партиялар сайловчилар билан учрашувларни мустақил равишда ўтказади.

 

Матбуот анжуманида барча депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларга сайловолди курашини адолатли ва очиқ-ошкора амалга ошириш учун тенг ва кенг имконият яратиш сиёсий плюрализм асосида соғлом рақобатни таъминлаш имконини бериши қайд этилди.

 

Тадбирда дунёда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловига қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланди. Айни пайтда қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатларнинг кўплаб вакиллари халқаро кузатувда иштирок этишини тасдиқлади. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси сайловни ёритиш учун уч юздан зиёд хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказди.

 

Сардор Тожиев, ЎзА

7997

17Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар