Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайловолди ташвиқоти бошланди

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш ва сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартиби тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.

 

Маълумки, мамлакатимиздаги барча сиёсий партиялар Қонунда белгиланган муддатларда ўзининг қурултой ва съездларини ўтказди. Ушбу тадбирларда партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига сиёсий партиялар раҳбарларининг депутатликка номзодларни рўйхатга олиш ҳақидаги аризалари билан бирга, уларга илова қилинадиган ҳужжатлар, хусусан, сиёсий партия юқори органининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарори, сиёсий партия юқори органи мажлисининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, депутатликка номзоднинг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси, депутатликка номзоднинг, башарти у Қонунчилик палатаси депутати этиб сайлангудек бўлса, бажариб турган ишидан (хизматидан) бўшаш тўғрисидаги аризаси тақдим қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси аъзолари ва масъул ходимларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳ сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган мазкур ҳужжатларни Қонунда белгиланган муддат ичида текшириб чиқди. Бунда депутатликка номзодлар сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан кўрсатилганлиги, ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатилганлиги, шу билан бирга, уларнинг депутатликка номзодларга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

– Сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатиш жараёни сайлов қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилди, – деб таъкидлади Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов хориж ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган матбуот анжуманида. – Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасига биноан, хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил қилиши лозим.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган номзодларнинг 31,8 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Парламент қуйи палатаси депутатлигига номзодлар орасида таълим-тарбия соҳаси вакиллари 26,5 фоизни, иқтисодчилар 20,8, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари 20,2, ҳуқуқ соҳаси вакиллари 14,2, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари 10,1 фоизни ташкил қилади. Номзодларнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, улар катта ҳаётий тажрибага эга. Шу билан бирга, номзодларнинг 13,8 фоизи илгари ҳам депутатликка сайланган.

 

Сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг рўйхати номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, қайси партияга мансублиги, эгаллаб турган лавозими, иш ва яшаш жойи, шунингдек, уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда маҳаллий матбуотда эълон қилинади.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, депутатликка номзодлар рўйхатга олинганидан бошлаб, сайлов жараёнининг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти бошланади. Бу жараён сайлов қонунчилиги талаблари асосида амалга оширилади. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонун ва Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқотини амалга оширишда депутатликка номзодлар, сиёсий партияларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг имкониятлар яратилади. Сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шарт-шароитлар яратиш, сиёсий партияларнинг ўзининг келгуси фаолият дастури билан чиқиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида уларнинг барча оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари алифбо тартибида амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

 

Депутатликка номзодларга сайловчилар билан учрашувлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади. Шуни қайд этиб ўтиш керакки, сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартишларга биноан сиёсий партиялар сайловчилар билан учрашувларини мустақил равишда ўтказади.

 

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, сайловолди ташвиқотининг адолатли, очиқ ва ошкора олиб борилиши учун барча сиёсий партиялар, депутатликка номзодларга тенг имкониятлар яратилиши сиёсий плюрализм, яъни фикрлар хилма-хиллиги асосидаги соғлом рақобатни таъминлайди.

 

Дарҳақиқат, сайлов кампанияси тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Юртимизда бўлажак парламент сайловига халқаро жамоатчилик катта қизиқиш билан қарамоқда. Ҳозирги кунда халқаро ташкилотлар ва қатор хорижий мамлакатларнинг кўплаб вакиллари Ўзбекистондаги сайловда кузатувчи сифатида иштирок этишини маълум қилишди. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси томонидан 300 дан ортиқ хорижий ва миллий оммавий ахборот воситалари ходимлари аккредитациядан ўтказилди.

 

Салим ДОНИЁРОВ,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

10982

18Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар