Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Экоҳаракатнинг ҳудудий конференциялари якунланди

Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳудудий бўлинмаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича республика конференциясига делегатлар сайлаш конференциялари якунланди.

 

Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимизда ўтказилган конференцияларда Экоҳаракат фаоллари, эколог-олимлар, табиатни муҳофаза қилиш муассасалари мутахассислари, соғлиқни сақлаш, экологик таълим-тарбия тизими вакиллари, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ходимлари қатнашди.

 

Таъкидланганидек, Экоҳаракат фаолияти аҳолининг барча қатламлари манфаатларига дахлдор бўлган атроф-муҳит ва саломатлик муҳофазасига оид аниқ масалаларга ечим топишга йўналтирилгандир. Бинобарин, дунё тажрибасида биринчи бор мамлакатимиз парламентида Ўзбекистон экологик ҳаракатига депутатлик ўринлари учун 15 та квота берилди. Бу эса экологияга оид ташкилий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, қонунлар ижросини изчил таъминлашда парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғи ҳимоясига доир муаммоларни ҳал этишда депутатлар фаоллигини ошириш, янги қонунлар ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда жамоатчилик ташаббускорлиги институтидан янада самарали фойдаланишда муҳим омилга айланди.

 

Экоҳаракатдан Олий Мажлис қуйи палатасига сайланган депутатлар томонидан соҳа бўйича қатор қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси илгари сурилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

 

Самарқанд вилоятида ўтказилган конференцияда қарийб 400 нафар фаол қатнашди. Улар томонидан 25 делегат сайланди. Шулар қаторида ҳудуддаги атроф-муҳит муҳофазаси бўйича долзарб масалалар муҳокама этилди.

 

– Делегатлар зиммасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлашдек катта масъулият турибди, – деди Самарқанд давлат университети профессори Мўмин Қодиров. – Экоҳаракатдан сайланадиган депутат эса юртимизда экологик таълимни ривожлантириш, юқори малакали экологлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўналишларига алоҳида аҳамият беришлари зарур.

 

Экоҳаракатнинг Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси конференциясида қарийб беш юз нафар фаол иштирок этди. Улар Экоҳаракатнинг парламентдаги депутатлар гуруҳи томонидан атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазасига қаратилган қонунчиликни ривожлантириш бўйича олиб борилган фаолиятини атрофлича таҳлил қилдилар. Бу, ўз навбатида, республика конференциясида сайланадиган депутатлардан қонунчилик ва назорат-таҳлил йўналишида бошланган ана шу ишларни янада фаоллаштиришни талаб этади.

 

– Маълумки, истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб фуқаролар манфаатларини ҳимоя қиладиган нодавлат нотижорат ташкилотларини равнақ топтириш давлатимиз сиёсатининг диққат-эътиборида бўлиб келмоқда, – деди Экоҳаракатнинг халқаро экологик жамоат ташкилотлари ва ҳаракатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича гуруҳи раҳбари Анастасия Саидмаҳмудова. – Пировардида республикамизда экология соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари тармоғи яратилиб, уларнинг барқарор тараққиёт масалаларига ечим топиш бўйича роли ортиб бормоқда. Бугун Ўзбекистонда атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш жабҳасида 250 дан зиёд ННТ фаолият юритмоқда. Айни чоғда йигирмадан ортиқ халқаро экологик ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

 

Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси конференциясида қарийб беш юз нафар фаол ҳозир бўлди. Қонунчиликка мувофиқ, демократик тамойиллар асосида 25 делегат республика конференциясига сайланди.

 

– Юртимизда атроф-муҳит муҳофазасига оид мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган, – деди Экоҳаракат Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Саидрасул Сангинов. – Конституциямизда ўз ифодасини топган соҳага оид нормалардан келиб чиқиб, миллий қонунчилик ривожлантирилмоқда. Бу экологик хавфсизликни таъминлашга замин бўлаяпти. Бўлажак депутатлар олдига бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштириш, соғлом авлодни вояга етказишга хизмат қилувчи шарт-шароитлар яратишдек катта вазифа қўйилади.

 

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича республика конференцияси шу йилнинг 21 декабрида бўлиб ўтади.

 

 

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

4088

19Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар