Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

ЎзЛиДеП – аниқ ишлар партияси

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон ТУРДИЕВ “Халқ сўзи” газетаси мухбири саволларига жавоб берди.

 

– Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Ишбилармон юртдошларимиз ҳамда фермерлар манфаатини ҳимоя қилаётган O‘zLiDePнинг Сайловолди платформасида қандай асосий мақсад ва вазифалар белгилаб олинган? Аввало, шу хусусида маълумот берсангиз.

 

– Ҳақиқатан ҳам, шу кунларда бутун халқимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги жуда муҳим воқеа – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловига қизғин тайёргарлик кўраяпти.

 

Бу сайловлар янгича тарихий шароитда ўтмоқда. Бугун тараққиётнинг “Ўзбек модели” асосида юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини ошириш борасида эришган юксак марраларимизни бутун дунё эътироф этмоқда.

 

Президентимиз томонидан илгари сурилган, Ўзбекистоннинг истиқболдаги ривожланиш йўлини белгилаб берган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси кенг кўламли изчил ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлаб, тараққиётни янги босқичга кўтармоқда.

 

Энг муҳими, ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида юртдошларимиз, айниқса, ёшларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгариб, уларнинг ён-атрофдаги ислоҳотлар, воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси кучайиб бораяпти. O‘zLiDeP айни шундай кенг кўламли ўзгаришлар жараёнида ўзининг амалий ишлари билан Ўзбекистон шуҳратини дунёга тобора кенг ёяётган, шаҳар ва қишлоқларимизда минг-минглаб иш ўринларини яратишда қатнашаётган тадбиркор ҳамда фермерлар – мулкдорлар синфи манфаатларини ифода этиб, сайловларда фаол иштирок этаётир.

 

Ҳаммамизга маълумки, истиқлол йилларида айнан мулк эгалари моддий ва маънавий бойликлар яратадиган, фуқаролик жамиятининг таянчи ва суянчи, ислоҳот ғояларини илгари сурувчи, иқтисодий жиҳатдан мустақил одамлар эканига гувоҳ бўлдик.

 

Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва рақобатдошлигини ошириш борасидаги вазифалар замирида ҳам айнан ўрта синф учун янада кенг имкониятларни очишда иштирок этиш партиянинг асосий ғоясида мужассамдир.

 

Шунинг учун ҳам Сайловолди платформамизга соҳага оид қонунларни янада такомиллаштириш, мулк устуворлиги ва ҳимоясини кучайтиришга ҳисса қўшиш сингари долзарб вазифаларни киритдик. Чунки хилма-хил шакллардаги мулк – иқтисодиёт ривожини таъминлаб берувчи куч ва асосий ресурс ҳамда ҳар қандай иқтисодий эркинликнинг кафолати ҳисобланади. Яъни сиёсий, ижтимоий, маданий эркинликни иқтисодий эркинликсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

 

Маълумки, ҳар бир давлатнинг қудрати ва дунёдаги мавқеига холисона баҳо беришда авваламбор унинг иқтисодий қувватига ва салоҳиятига, инсонлар учун яратиб берилган имконият ҳамда турмуш даражасига катта эътибор қаратилади. Ана шуларни назарда тутиб, Сайловолди платформамизда республикамизда макроиқтисодий барқарорликни ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, давлат бюджети мувозанатлигини таъминлаш, хўжалик субъектлари ва аҳоли учун солиқ юкини янада камайтириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, молия бозори барқарорлигига эришиш, мўътадил қатъий пул-кредит сиёсатини амалга ошириш билан бирга, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатни тўла қўллаб-қувватлашимиз акс этди.

 

Иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлаш, унинг рақобатдошлигини ошириш учун сармоялар муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам юртимизда янада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш орқали иқтисодиётга хусусий инвестициялар ҳажмининг жадал ўсишини таъминлаш ҳам Сайловолди платформамиздан кенг ўрин олган.

 

Иқтисодиёт тармоқларининг экспортга йўналтирилишини кучайтириш, қулай молиявий-иқтисодий ва божхона шароитларини қўллаб-қувватлаш ҳамда яратиш, янги транспорт йўлакларини шакллантириш орқали кенгайтириш масаласига ҳам платформамизда алоҳида эътибор қаратилган.

 

– Мулк ҳимоясини янада кучайтириш, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни давом эттириш, хусусий сармоялар ҳажмини ошириш вазифалари – бу асосан хусусий секторни янада қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ, албатта. Айтинг-чи, партия бу соҳани ривожлантириш учун қандай аниқ таклифларни илгари сураяпти?

 

– Аввало, шуни алоҳида қайд этиш керакки, бугун халқаро жамоатчилик ҳалигача кўпгина давлатлар иқтисодиётига ўз таъсирини ўтказаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатларини юмшатиш ва бартараф этишнинг муҳим омили бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида Ўзбекистон тажрибасини эътироф этмоқда.

 

Мамлакатимизда ўрта синфни қўллаб-қувватлашга, хусусий секторни ривожлантиришга доир қонунлар, Президентимизнинг кўплаб фармон ва қарорлари, махсус давлат дастурлари асосида янги иш ўринларини ташкил этишга устуворлик берилмоқда, ҳар йили ўртача бир миллион атрофида яратилаётган иш ўринларининг асосий қисми айнан хусусий секторга, иқтисодиёт тармоқларида ишлаётган аҳолининг 75 фоиздан зиёди эса кичик бизнес улушига тўғри келади.

 

Бундан ташқари, мана, бир неча йилдирки, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши ҳар йили 8 фоиздан ортаётганида ҳам айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳиссаси салмоқлидир.

 

Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора катта роль ўйнамоқда. Шунинг учун ҳам ушбу секторни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларни амалга ошириш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш партиямизнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бунда биз давлат ва назорат идораларининг тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашуви билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз.

 

Маълумки, Ўзбекистоннинг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)да кичик бизнес улушини изчил ошириш борасидаги стратегик вазифа билан боғлиқ. Айни пайтда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида хусусий секторнинг улуши 55 фоиздан ошди. O‘zLiDeP ўз Сайловолди платформасида ушбу кўрсаткични изчил юксалтириб бориш бўйича ўзининг аниқ таклифларини илгари сурмоқда.

 

Шу билан бирга, саноат ва унинг етакчи тармоқларида хусусий мулкнинг етакчилигига эришиш асосий вазифаларимиздан саналади. Хусусан, саноат соҳасида юксак технологиялар билан жиҳозланган, фан-техника ютуқлари асосида рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган кичик корхоналар улушини оширишни назарда тутадиган сиёсатни давом эттириш тарафдоримиз. Шунингдек, йирик саноат корхоналари билан кичик бизнес субъектлари ўртасида кооперацияни изчил ривожлантириш, кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини мақбуллаштириш сиёсати давом эттирилиши лозим, деб биламиз.

 

Банклардан кредит олиш тизимини янада соддалаштириш лозим. Шу ўринда тадбиркорлик субъектларининг хом ашё ва моддий ресурслардан фойдаланиши учун янада қулай шароитлар яратиш ҳам муҳим вазифаларимиздан эканини таъкидлаш жоиз.

 

Сайловолди платформамизда мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр соҳани изчил ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасидаги вазифаларни ҳам аниқ белгилаб олдик. Хусусан, партия экин майдонлари таркибини юқори даромад келтирадиган озиқ-овқат экинлари ҳисобига кенгайтириш, қишлоқда реал мулкдорлар синфини шакллантириш, қишлоқ хўжалигини янада диверсификация қилишда фаол иштирок этишни кўзламоқда.

 

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, аҳолининг харид қобилияти юқори бўлган йирик ва ўртача шаҳарлар атрофида озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган майдонларни кўпайтириш керак.

 

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш соҳасида хизмат кўрсатадиган қишлоқ хўжалиги корхоналари, инфратузилма ташкилотлари ва фермерлар ўртасида кооперацияни рағбатлантириш масалалари ҳам устувор вазифаларимиз сирасига киради.

 

Маълумки, қишлоқ хўжалигининг бозор талабларидан келиб чиқиб ихтисослашувини чуқурлаштириш, қишлоқда саноатни янада ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни янада такомиллаштириш қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини кескин оширишга хизмат қилади. Шулардан келиб чиқиб, O‘zLiDeP аграр соҳага оид қонунларни янада мукаммаллаштиришга алоҳида эътибор қаратади.

 

– Қонунлар ижросини таъминлашда депутатлик назорати институти ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Бу борада партия қандай ишларни амалга оширмоқчи?

 

– Чиндан ҳам, Сайловолди платформамизда кўрсатилганидек, парламентаризмни янада ривожлантириш, мамлакатни модернизация қилишнинг энг муҳим масалаларини ҳал этишда ҳокимият вакиллик органлари ролини кучайтириш, энг муҳими, парламентни демократик ва либерал ислоҳотларнинг етакчи кучига айлантириш масаласи партиямиз учун энг устувор масаладир. Ҳаётимизда ўзининг яққол ифодасини топаётган бугунги ислоҳотларни янада жадаллаштириш масаласи қонунчилик фаолияти билан боғлиқ. Бунда биз асосий эътиборни ўрта мулкдорлар синфи, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун янада қулай шароитлар яратиб берадиган қонунлар яратишга қаратамиз. Уларнинг ижросини таъминлашда эса жамоатчилик ва депутатлик назорати алоҳида роль ўйнайди. Ҳукумат ва жойлардаги ижро ҳокимиятларининг масъулиятини янада ошириш, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларда уларнинг ҳисоботини мунтазам эшитиб боришни таъминлаш, бунда партиямиздан сайланган депутатларнинг фаоллигини ошириш муҳим вазифамиздир.

 

Шунинг учун ҳам партия Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига фидойи, ташаббускор, жамият олдидаги фуқаролик масъулиятини тўла ҳис этаётган юртдошларимиз номзодини  кўрсатди. Биз шуни ишонч билан айта оламизки, партия томонидан илгари сурилган номзодлар халқимиз фаровонлигини, Ватанимиз тараққиётини янада юксалтириш, миллий иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга бор саъй-ҳаракати ва имкониятларини сафарбар этадилар.

 

– O‘zLiDeP ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати сифатида иқтисодий ислоҳотларга асосий эътиборини қаратади. Айтинг-чи, партия бошқа соҳаларда қандай вазифаларни амалга оширмоқчи?

 

– Дарҳақиқат, партиямиз ўзининг асосий электорати бўлмиш ишбилармонлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермерлар қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий эркинлигини кенгайтириш учун курашиш билан бирга, давлат ва жамиятимиз ривожининг бошқа соҳалари бўйича ҳам аниқ платформавий таклифлари ва қарашларига эга.

 

Жумладан, фуқаролик институтларининг турли қарорлар қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этишини, ижро ҳокимиятининг фуқаролар олдида ҳисоб бериб боришини кучайтириш ва умуман, “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” принципини амалга ошириш масалалари ҳам биз учун энг устувор вазифалардандир. Фуқаролик жамияти институтларининг муҳим бўғини бўлган оммавий ахборот воситаларига, унинг иқтисодий асосларини янада такомиллаштириш, соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз.

 

Биз суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, тадбиркорлар, фермер ва мулкдорлар ҳуқуқ ва манфаатларини судлар орқали ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, жазоларни либераллаштириш, ҳуқуқий низоларни ҳал қилишнинг суддан ташқари шаклларини кенг жорий қилиш тарафдоримиз. Хусусан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг энг муҳим шарти бўлган судлар мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, жамият учун хавфи катта бўлмаган ва жиддий оқибатларга олиб келмайдиган айрим иқтисодий жиноятлар бўйича жавобгарликни либераллаштириш масалалари партиянинг диққат-эътиборида турибди.

 

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ролини ошириш, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга қаратилган интилишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш партиянинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

 

Шунингдек, хусусий капитални жалб этган ҳолда, соғлиқни сақлаш соҳасига замонавий тиббиётнинг энг сўнгги ютуқларини татбиқ этиш, барча қулайликларга эга бўлган ижтимоий иншоотларни, айниқса, қишлоқ жойларда барпо этиш, мактабгача таълим ва олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантириш масалалари ҳам устувор вазифаларимиздандир.

 

Ташқи сиёсат соҳасида давлатимизнинг тинчлик ва барқарорликни сақлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро меъёр ва қоидаларга содиқлик, турли ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик принципларига асосланган қатъий сиёсатини тўла қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, давлатимизнинг тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, чегаралари дахлсизлигини ҳурмат қилиш ва уларнинг ички ишларига аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид солмаслик сиёсати халқаро миқёсда муносиб баҳоланаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

 

Бизнинг давлатимиз тарихан қисқа бир даврда асрларга татигулик ютуқларга эришди. Бугун дунё миқёсида Ўзбекистон деган ном баралла янграмоқда. Олдимизда турган сайловлар эса эртанги кунимизни янада фаровон этишга хизмат қилиши билан бирга, фарзандларимизнинг тақдири ва келажагини белгилашга ҳам бевосита боғлиқдир.

 

Шунинг учун ҳам мавжуд имкониятдан фойдаланиб, сайловчиларимизни бўлажак сайловларда барча партиядошларимиз, жамиятни янгилаш ва эркинлаштириш ғоясини қўллаб-қувватлаётган миллионлаб хайрихоҳларимиз номидан O‘zLiDeP номзодларини қўллаб-қувватлашга чақираман.

 

Қобил ХИДИРОВ

суҳбатлашди.

5973

20Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар