Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон УМАРОВ билан суҳбат.

 

– Мамлакатимизда кўпфикрлилик, партиялараро рақобат ҳамда очиқлик тамойиллари асосида шу йилнинг 21 декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Шундай шароитда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий майдондаги ўз ўрнини қандай белгилайди?

 

– Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш мақсадида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар давлатимизнинг жаҳон миқёсидаги юқори даражадаги нуфузини мустаҳкамлади.

 

Бугун мамлакатимиздаги барча сиёсий жараёнлар демократик тамойиллар асосида ва кучли рақобат шароитида ўтаётганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бу жараёнда сиёсий партиялар катта ғоявий ва амалий тажриба орттириш билан бирга, ички ва ташқи сиёсат масалалари бўйича ўз қатъий позицияларини белгилаб олдилар, уларнинг дастурлари бир-биридан сезиларли даражада фарқ қилади ҳамда сиёсий партиялар орасида соғлом муносабат кузатилмоқда.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Юртбошимизнинг “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган ғояларига асосланган ҳолда мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларида фаол иштирок этиб, эл-юртимиз ўртасида муносиб обрў-эътиборга эга бўлиб бораётган партиядир.

 

1995 йилда ташкил топган партия ўтган давр ичида ғоявий жиҳатдан жипслашди, ташкилий тарафдан мустаҳкамланди, жойларда партиянинг аҳоли ўртасида мавқеи ўсди. Партия ўз сиёсий фаолиятида катта тажриба тўплаб, жорий йил давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда тўртинчи марта иштирок этмоқда. Партия аъзолари сонининг ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик корпуси таркиби изчил ўсиб бораётгани ҳам партия салоҳияти юксалганидан далолатдир.

 

Адолатли фуқаролик жамияти ҳамда ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда инновацион тараққиётни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги ва жамиятга ҳисобдорлигини оширишни партия ўзининг асосий вазифаси, деб ҳисоблайди.

 

Партия ўз фаолиятида юқори малакали мутахассислар, муҳандис-техник ходимлар, педагог ва шифокорлар, илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари фидойиларига таянади.

 

– “Адолат” партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга қандай ғоялар билан кириб келмоқда?

 

– Партиямиз сайлов кампаниясида иштирок этар экан, ўз номига хос равишда адолат ғоясини, кимлиги, қайси ижтимоий муҳитга мансублигидан қатъи назар, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ғоясини рўёбга чиқариш асосий вазифамиз, деб ҳисоблаймиз. Партиянинг энг муҳим вазифаси – “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” деган тамойилни кенг жорий қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлашдир.

 

Партия жамият шаклланиши ва демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, суд ҳокимияти фаолияти мустақиллигини мустаҳкамлашга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлади ва уларни қўллаб-қувватлайди.

 

“Адолат” СДП асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонун йўли билан тартибга солишга, шунингдек, қонуности ҳужжатларининг доирасини қисқартиришга интилади. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва қонунийлик ғоялари партия депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолади.

 

Шунинг баробарида, биз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни давом эттириш, судлар фаолиятида очиқликни, суд жараёни иштирокчиларининг тенглигини таъминлаш борасидаги ишларнинг самарасини ошириш бугунги куннинг ўткир талаби, деб ҳисоблаймиз. Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш бугунги ислоҳотларимизнинг мантиқий давоми бўлиши зарур. Биз бу борада фаол иш олиб боришга тайёрмиз.

 

“Адолат” партияси “Давлат инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати бўлиши керак”, деган ўз ғоясидан келиб чиқиб, бундай ҳуқуқларни амалга ошириш механизмини такомиллаштиришни ўзининг бош вазифаси сифатида кўради. Шундан келиб чиқиб, ижтимоий адолатни таъминлаш, ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ҳамда малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини ва бошқаларни таъминлаш билан қулай турмуш шарт-шароитларини яратиш партия фаолиятининг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

 

Шу ўринда партия ўз депутатлик корпусларининг марказ ва жойларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан назоратини кучайтиради.

 

Ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари, биринчи навбатда, маҳаллий ҳокимликлар фаолияти борасида маълумотлар билан кенг таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш партиянинг диққат-эътиборида бўлади. Шу билан бирга, партия бюрократиянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этиш тарафдори бўлиб қолади.

 

Хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётдаги мақомини янада ошириш, иқтидорли ҳамда юқори малакали хотин-қизларни давлат бошқаруви ва сиёсий ҳаётга фаол жалб этиш бизнинг устувор вазифаларимиз сифатида сақланиб қолмоқда.

 

– Адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш мақсади йўлида давлатнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ижтимоий шериклиги бўйича партиянинг қарашлари қандай?

 

– Партиямиз ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда, гуманитар вазифаларни ҳал этишда, аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамиятлари институтларининг давлат тузилмалари билан ҳамкорлигини изчил ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.

 

Биз, ўз депутатлик корпусимизга таянган ҳолда, нодавлат нотижорат ташкилотларининг (ННТ) соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги долзарб муаммоларни ечишга қаратилган дастурлардаги иштирокини кенгайтириш масалаларига ҳам эътиборимизни кучайтирамиз.

 

Партия ўзининг ҳамкорлари – касаба уюшмалари ва бошқа жамоат бирлашмалари билан биргаликда ННТнинг фаолияти учун янада қулай шарт-шароит яратиш, ҳомийликни кенгайтириш, фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларини рўёбга чиқаришни режалаштирмоқда.

 

Шу билан бирга, партия мамлакатимиз келажаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бевосита боғлиқ эканини қайд этади. Биз ноёб ижтимоий тузилма бўлган маҳалла институтининг бундан кейин ҳам такомиллашуви, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш марказига айланиши учун унга айрим давлат ваколатларини бериш тарафдоримиз. Партия мамалакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида маҳалланинг аҳамияти ва таъсирини янада оширишга ҳаракат қилади.

 

Оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги ва эркинлигини янада мустаҳкамлаш “Адолат” партиясининг устувор вазифаси, деб белгиланган. Уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлашда фаоллигини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлаш учун ОАВнинг ҳуқуқий, моддий-техник базасини янгилаш, уни технологик модернизация қилиш, журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш жуда муҳим омил ҳисобланади.

 

– Маълумки, “Адолат” СДП ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори ҳисобланади. Партиянинг сайловолди платформасида ушбу масалалар қандай ифодаланган?

 

– Ҳақиқатан ҳам, партиямиз юртимизда бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналтирилиши тарафдоридир. Иқтисодий соҳадаги ўсиш ва бошқа ислоҳотлар аҳолининг турмуш даражасини оширишга хизмат қилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

Бизнинг назаримизда, бизнес жамият учун зарур бўлган ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишнинг муҳим шаклидир. Шу боисдан ҳам биз давлат ва хусусий ҳамкорликни мустаҳкамлаш таклифи билан чиқамиз.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимизнинг келажаги – инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди. Янги технологияларга асосланган иқтисодиёт мамлакатимиз қудратини мустаҳкамлайди ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга хизмат қилади.

 

“Адолат” партияси иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш учун курашади.

 

Биз иқтисодиётнинг экологик жиҳатдан тоза технологиялар асосида жадал ривожланишини таъминлашга йўналтирилган сиёсат олиб бориш зарур, деб ҳисоблаймиз.

 

Қишлоқ меҳнаткашларини самарали қўллаб-қувватлашга, қишлоқда ижтимоий инфратузилмани ташкил этишга қаратилган сиёсатга кўмаклашиш ҳам партиянинг кейинги фаолиятидаги муҳим қирраси ҳисобланади.

 

– Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадлари ҳар доим кучли ижтимоий йўналиши билан ажралиб турган. Бу борада партиянинг нуқтаи назари ҳақида нима дейсиз?

 

– Дарҳақиқат, партия бундан буён ҳам кучли ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаш орқали давлат ижтимоий дастурларини бажаришда фаол иштирок этади. Ижтимоий адолат, аҳоли турмуш сифати кўрсаткичларини янада яхшилашга қаратилган аниқ саъй-ҳаракатларни амалга ошириш бундан кейин ҳам бизнинг асосий вазифамиз бўлиб қолади.

 

Айни пайтда биз ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақат давлат ҳокимияти органларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналарда ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, бизнес тузилмаларининг ижтимоий масъулиятини янада ошириш ва бу борада ҳуқуқий асосини такомиллаштиришга эътибор қаратамиз.

 

Таълим, соғлиқни сақлаш тизимлари учун давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлардан оқилона ва самарали фойдаланишни қўллаб-қувватлаш орқали ижтимоий соҳани ривожлантириш ҳам партиямизнинг бош мақсадларига киради.

 

Партиямизнинг таълим-тарбия соҳасидаги устувор вазифаси – меҳнат бозоридаги талабларга жавоб берадиган етук мутахассисларни етиштириб берадиган таълим йўналишларини янада ривожлантиришдан иборат.

 

Шунингдек, олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, уларнинг илм-фан, ишлаб чиқариш ва иқтисодиёт билан алоқасини кучайтириш тарафдоримиз.

 

Партиямиз соғлиқни сақлаш соҳасида давлат секторини мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб қолади. Мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтиришни бундан буён ҳам қатъий эътиборга оламиз. Соғлиқни сақлаш тизимининг муҳим қисми фармацевтика соҳасидир, шунинг учун олдимиздаги даврда бу соҳанинг самарали фаолият юритишига, дорихона муассасаларини аҳоли эҳтиёжини қоплайдиган ҳажмда дори воситалари билан таъминлашга ҳамда дори-дармонлар нархларини шакллантириш устидан назорат масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз.

 

– “Адолат” партияси депутатликка номзодларни саралашда нимага эътибор қаратди?

 

– Табиийки, сайловчилар ишончига эришиш ва муваффақият қозониш кўп жиҳатдан депутатликка кўрсатилган номзодларнинг салоҳияти, уларнинг билими, зеҳни, тажрибаси, қолаверса, халқпарварлиги, ўз сайловолди дастурида жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларга аниқ ечимлар таклиф эта олиши каби омиллар билан белгиланади.

 

Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, бизнинг партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўзининг аниқ ва қатъий позициясига, халқимиз орасида юксак обрў-эътиборга эга бўлган, қонун ва жамият олдида юксак масъулиятни чуқур ҳис этадиган, сайловда “Адолат” СДП учун овоз берган фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қодир энг муносиб номзодлар кўрсатилган.

 

Биз сайловда барча даражадаги ҳокимият вакиллик органларида ўз дастурий мақсад ва вазифаларимизни самарали тарзда татбиқ эта олишга имконият яратадиган ўринларни эгаллашни бош мақсад қилиб белгилаганмиз.

 

Шу нуқтаи назардан, “Адолат” партияси сайловчиларни ҳокимиятнинг қонунчилик ва вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларда ўз сиёсий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишга ва сайловларда ўз овозларини бизнинг партиямиз вакилларига беришга, шу билан давлат органларининг демократик шаклланишида фаол иштирок этишга чақиради.

 

Фақат сайловчиларнинг фаол иштироки орқали биз кучли депутатлик корпусларини шакллантира оламиз. Бу эса бизга айнан сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингизни ҳимоя қилиш, қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирок этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари таркибини шакллантиришига таъсир кўрсатиш имконини беради.

 

Шу боис фуқароларимизни бўлажак сайловларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси номзодлари учун овоз беришга чақирамиз.

 

Фирюза КУБАРЕВА

суҳбатлашди.

9057

20Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар