Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари

«Халқ сўзи» газетаси мухбири Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Сарвар ОТАМУРАТОВ билан суҳбатлашди.

 

ЎзбекистонМиллий тикланишдемократик партияси сайловчилар ҳузурига қандай мақсад ва ғоялар билан чиқмоқда? Партиянинг сайловлардан кейин амалга оширадиган ҳаракат дастури қандай масалаларни ўз ичига қамраб олган?

 

– Сайловларга партиямиз пухта тайёргарлик кўрди. Ўтган даврда партия ташкилотлари ҳар томонлама мустаҳкамланди. Партия ғояси, дастурий мақсад-вазифаларини қўллаб-қувватловчи электорат шаклланди. Айниқса, яқинда бўлиб ўтган партиянинг III съездида тасдиқланган янги Сайловолди платформамиз ўз ичига бир қатор муҳим вазифаларни қамраб олганлиги билан алоҳида аҳамият касб этди.

 

Ушбу вазифалар ҳақида сўз юритишдан аввал, юртимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Бу ислоҳотлар замирида Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги ва Ўзбекистон манфаатлари мужассамдир. Ўзбекистон мустақил тараққиёт йилларида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий соҳаларда бутун дунё тан олган салмоқли ютуқларни қўлга киритди. Ватанимиз халқаро майдонда юксак обрў-эътиборга эришди. Юртимиз ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида салмоқли қадамлар ташлади. Мамлакатимизда демократик жараёнлар босқичма-босқич ва изчил ривожланиб бормоқда ҳамда одамлар онгида демократик қадриятлар янада кўпроқ қарор топмоқда. Жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ўрни ва роли кучайиб, мамлакатимизда содир бўлаётган демократик янгиланишлар жараёнида уларнинг таъсири ортиб бормоқда.

 

Мамлакатда амалга оширилаётган жамиятни янгилаш ва туб ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этаётган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий қадриятлар ва манфаатларни ҳимоя қилишни бош дастурий мақсад сифатида белгилади. Бунда миллий урф-одатлар ва анъаналарни, халқимизнинг бой тарихий меросини асраш ва уни замон руҳи билан бойитиш ҳамда миллий ғояни кенг тарғиб қилиб, уни аҳоли онгига сингдириш асосий вазифамиздир.

 

Бизнинг мақсадимиз – миллий ўзликни англаш ва миллий юксалиш орқали жонажон Ўзбекистонимизни дунёнинг тараққий топган давлатлар қаторига кўтаришдир. Бу улуғ мақсадга эришишда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси кимларга таянади? Биз, аввало, ижодкор зиёлилар, халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати намояндалари, маданият, санъат ва ахборот соҳаси ходимлари, Ватан туйғуси билан яшаётган ёшлар, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятларни, мамлакатимизнинг тарихий ва маданий бойлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва янада купайтириш ғояларини қўллаб-қувватловчи фуқароларга таянамиз.

 

Партиямизнинг Сайловолди платформасида белгиланган мақсадларини эълон қилар эканмиз, унда акс этган масалалар босқичма-босқич ҳал этилаётганлигини таъкидлаб, бу масала ва муаммоларнинг ечимини топишга жўшқин руҳ бағишлаш, Ватанимиз тараққиёти йўлида янги таклифларни илгари суриш ҳамда партиянинг ваколати ва имкониятлари даражасида барча ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигимизни билдирамиз.

 

Сайловолди платформамиз келгусида партия ташкилотлари ва партиядан сайланган барча даражадаги депутатлар корпуси учун амалга ошириш зарур бўлган вазифалар дастуриламали ҳисобланади. Бу вазифаларнинг партия ғояси, мафкураси, ижтимоий қатлами ва электорати манфаатларига жавоб бериши, партиянинг куч ва имкониятларига мос келиши, энг муҳими, Ватанимиз ва халқимиз манфаатларига уйғун бўлишига ҳаракат қилдик. Шу боис сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот ва халқаро йўналишларда ўз зиммамизга олаётган вазифаларга миллий қадрият ва анъаналар ҳамда Ватанимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб ёндашилди.

 

– Ҳар бир партия сайловга кириб борар экан, ўз олдига, аввало, ижтимоий-сиёсий соҳада муҳим вазифалар қўяди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бу борада қандай вазифаларни илгари сурмоқда?

 

– Мазкур соҳадаги дастурий мақсадларни бажариш учун сиёсий муносабатлар тизимида миллий ғоямиз тамойилининг устуворлигини таъминлаш, жамиятимизнинг ахлоқий ва маънавий асосларини, миллати, дини ва эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи ва барча фуқароларнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш вазифасини ҳаётга татбиқ этиш истиқболдаги энг муҳим саъй-ҳаракатларимиз асосини ташкил этади.

 

Партиямиз миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, миллий тикланиш ва ривожланишга кўмаклашадиган анъанавий демократик институтларни қўллаб-қувватлайди. Бу ўринда гап, биринчи навбатда, маҳалла ҳақида бормоқда. Тараққиёт, ривожланиш қаерда бўлади? Албатта, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувват, меҳр-оқибат бор жойда. Айнан маҳалла ана шу қадриятларимизни асрлар давомида улуғлаб, эъзозлаб келмоқда.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси маҳаллани юксак маънавият маскани, деб билади. Шу сабабли биз маҳалланинг маънавий, ташкилий ва иқтисодий асосларини янада ривожлантиришга қаратилган қонунлар ташаббускори бўламиз.

 

Халқнинг миллий тикланиши, маънавий юксалиши мамлакатни ривожлантиришнинг муҳим шартидир. Шундай экан, “Миллий тикланиш” демократик партияси ушбу йўналишда қандай мақсад-вазифаларни белгилаб олди?

 

– Бу борада партиямиз учун энг муҳим масалалар – маънавий-маърифий соҳада миллий ўзликни англаш ва миллий тикланиш жараёнларидан миллий юксалиш сари бораётган жамиятимиз олдида турган бугунги долзарб вазифалар акс эттирилди. Бунда “Юксак маънавият – енгилмас куч” ғоясини амалга ошириш партиямиз учун асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Зеро, ушбу ғоя ўзбек халқининг миллий ўзлигини англаши ва маънавий қайта тикланишининг ўсиши билан чамбарчас боғлиқ ҳолда жамиятни янгилаш, уни демократлаштиришга ундовчи асосий куч бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Биз глобаллашув шароитида яшамоқдамиз, шунинг учун ҳам партиямиз ёшларимизни “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилишда ташаббускор бўлади. Шу маънода айтганда, “Миллий тикланиш” демократик партияси – ҳар бир ота-онанинг манфаатларини ифода этади ва ҳимоя қилади. Шунинг учун ота-оналар овоз беришда ана шунга алоҳида эътибор беришларини сўраймиз. Биз маънавий-маърифий ҳаётимизни янада ривожлантириш тарафдоримиз!

 

Бундан ташқари, партия тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшлар қалбида тарихий мерос ва халқ анъаналарига нисбатан чуқур ҳурмат, эҳтиром уйғотишга кўмаклашади.

 

Иқтисодиёт ҳар бир мамлакатнинг тараққиётини белгиловчи муҳим омил ҳисобланади. Партия миллий иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшиш учун қандай вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўймоқда?

 

– Партиямиз иқтисодиёт соҳасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, бозорларимизни ўзимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўлдириш ва уни хорижнинг сифатсиз маҳсулотларидан ҳимоя қилиш, миллий брендлар яратиш ҳамда энг муҳими, соҳанинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш асосий вазифа сифатида белгиланмоқда.

 

Ўзбекистоннинг иқтисодий жиҳатдан юксак салоҳиятга эга қудратли давлат эканлиги барчага маълум. Кучли миллий иқтисодиётни шакллантиришда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остидаги маҳсулотларнинг жаҳон бозорларига кириб бориши йўлидаги саъй-ҳаракатларни партиямиз қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик каби миллий ишлаб чиқаришнинг анъанавий турларини ривожлантиришни ўз вазифамиз, деб ҳисоблаймиз.

 

Шу ўринда партиямиз туризмни ривожлантириш тарафдори эканлигини айтиш жоиз. Юртимиздаги бебаҳо меъморий обидалар – миллий-маънавий қадриятларимиздир. Бу маънавий бойликлар бутун дунёни ўзига мафтун этади. Биз ана шу бебаҳо меросни асраб-авайлаш ва бутун дунёга тарғиб қилиш бўйича кенг фаолият олиб борамиз. Сайёҳликнинг янги йўналишларини кўпайтириш, ички ва экологик туризмнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришни вазифа қилиб олдик. Айни пайтда туризм ривожланиши жойларда иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, қўшимча иш ўринларини яратиш, инфратузилмани яхшилашда муҳим ўрин тутади.

 

Икки йирик миллий ташувчилар – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг ички ва ташқи бозордаги мавқеини мустаҳкамлаш орқали партиямиз инсоният цивилизациясининг қадимги Шарқ ва ўарбни бирлаштирувчи ҳамда сиёсий, иқтисодий ва маданият соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришда муҳим ўрин тутадиган Буюк Ипак йўлини қайта тиклаш ғоясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

 

– Партия Сайловолди платформасида суд-ҳуқуқ соҳасини янада ислоҳ қилишда ҳам бир қатор вазифалар белгилаб олинган. Ушбу йўналишда қандай омилларга таянилмоқда?

 

– Суд-ҳуқуқ соҳасида партия инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш, қонунларимизнинг миллий қадриятлар руҳи билан суғорилишига эришиш ва Ўзбекистон халқининг миллий анъана ва урф-одатларини ўзида акс эттирган, унга хос бўлган кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар суд амалиётига жорий этилишини устувор вазифалардан, деб билади. Юртбошимиз ташаббуси билан жорий этилган ва ҳозир кўплаб демократик давлатлар томонидан эътироф этилаётган ва ўрганилаётган, одил судловни самарали амалга оширишнинг амалий шаклларидан бири ҳисобланган ярашув институти мамлакатимизда қонунийликни мустаҳкамлаш ва жиноий қонунчиликни либераллаштириш бўйича жиддий омиллардан бири бўлди. Партиямиз ушбу ижобий тажриба кўламини янада кенгайтириш ғоясини тўла қўллаб-қувватлайди.

 

Шунингдек, партиямиз маъмурий-ҳуқуқбузарлик соҳасида ҳам ярашув институти қўлланишини киритиш, жабрланувчининг аризаси мавжуд бўлгандагина жиноят ишини қўзғатиш мумкин бўлган жиноят турларини янада кенгайтириш, низоларни судгача ҳал этиш тартибини такомиллаштириш ғояларини илгари сурмоқда.

 

Мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ижтимоий соҳа муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бу борада ўз олдига қандай вазифаларни қўймоқда?

 

– Биз янги Сайловолди платформамизда ижтимоий соҳада ҳам бир қатор янги таклиф ва ташаббусларни илгари сурмоқдамиз. Бу борада аҳоли турмуш сифати ва қулайликларини ошириш – партиянинг ижтимоий соҳада олиб бораётган фаолиятининг бош мақсадидир. Шундан келиб чиқиб, партия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, уй-жой қурилиши ва инфратузилмани қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларга имтиёзли фоизларда узоқ муддатли ипотека кредитлари ажратиш бундан кейин ҳам тизимли равишда давом эттирилишига кўмаклашиш вазифаси белгиланмоқда. Аҳоли бандлиги, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида миллий ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш эвазига уларни иш билан таъминлашни кенгайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратамиз.

 

Тўлов-контракт асосида олий таълимга эга бўлиш имкониятларини кенгайтириш, таълим жараёнига замонавий истиқболли илм-фан ютуқларини жорий этиш, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, илмий фаолиятга истеъдодли, қобилиятли ёшларни жалб этиш орқали юқори билим-малакали жамиятни шакллантиришга кўмаклашишни ўз зиммамизга олмоқдамиз.

 

Партия замон талабига муносиб равишда мамлакатимиз ҳаёти ва равнақи учун муҳим бўлган яна қандай вазифаларни ўз зиммасига олмоқда?

 

– Партиямизнинг янги Сайловолди платформасида аввалгисидан фарқли равишда бир қатор янги мақсад-вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, партия ахборот соҳасига оид бир қатор масалалар бўйича ўз таклифларини илгари сурмоқда. ЎзМТДП келгусидаги фаолиятида миллий ахборот маконининг босқичма-босқич ривожлантирилиши ва шу орқали жойларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилиши, интернет тармоғининг миллий сегментини ривожлантириш, радиоэшиттиришлар тизимини модернизация қилишга кўмаклашади. Бундан ташқари, ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини яратиш, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказадиган ахборотлардан муҳофаза қилиш, миллий журналистикани ривожлантиришда давлат кафолатларини таъминлаш, ҳар томонлама истеъдодли журналистларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш партиямиз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

 

Дарҳақиқат, бугун сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳити тобора ривожланиб, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки кенгаяётган бир пайтда аниқ, ҳаётий ва аҳоли манфаатларига мос мақсад-вазифаларни ўз зиммамизга олиш муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, партиямизнинг Сайловолди платформасида белгиланган янги ғоя ва мақсадлар бугунги замон талабига мутаносиб, давр тақозо этаётган муҳим масалалар эканлиги билан аҳамиятлидир.

 

Бизнинг асосий ғоямиз – Ўзбекистоннинг буюк келажагига бор билим ва малакамиз, ижодий куч-қудратимизни бағишлаш орқали она-Ватанимизнинг миллий манфаатлари йўлида фидокорона хизмат қилишдир.

 

Азиз юртдошлар, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайловолди платформаси халқимизнинг қадриятлари, урф-одат ва анъаналари, орзу интилишлари билан чамбарчас боғлиқ. Партиямиздан сайланадиган депутатлар юқорида таъкидланган эзгу ниятларимизни ва ғояларимизни, мақсад-вазифаларимизни рўёбга чиқаришда бутун куч ҳамда имкониятларини ишга солади!

 

Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари биз билан бирга бўлинг!

 

21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этиб, “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодларига овоз беринг!

 

Қобил ХИДИРОВ

суҳбатлашди

9755

21Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар