Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов ва хотин-қизлар фаоллиги

2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича республика матбуот марказида “Сайлов жараёнида хотин-қизлар фаоллигини ошириш – давр талаби” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари С.Ортиқова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда сайлов ҳуқуқи ва эркинликларини таъминлаш, сайлов қонунчилигини ривожлантириш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Соҳага оид кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилингани натижасида сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро принцип ва нормаларига жавоб берадиган самарали меъёрий-ҳуқуқий базаси, демократик миллий сайлов тизими яратилди.

 

Мамлакатимиз сайлов тизими, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни кўппартиявийлик асосида ўтказишнинг принципиал қоидалари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунларда мустаҳкамланган.

 

Бу ҳуқуқлардан барча фуқаролар, хусусан, хотин-қизлар самарали фойдаланиб, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фаол иштирок этмоқда. Юртимиз тараққиёти йўлида бор салоҳият ва имкониятларини ишга солиб меҳнат қилиши учун хотин-қизларга барча зарур шарт-шароит яратилгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Мамлакатимиз БМТ томонидан қабул қилинган аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид 70 дан ортиқ халқаро ҳужжат ва халқаро шартномаларга қўшилган. БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси (CEDAW), Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Меҳнат ва бандлик соҳасида камситишлар тўғрисидаги конвенциялар шулар жумласидандир.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунга кўра, хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида 30 фоизини ташкил этиши лозим. 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ўтказилган сайлов якунлари бўйича хотин-қизлар жами сайланган депутатларнинг 7 фоизини ташкил этган бўлса, 2005 йилда бу кўрсаткич 16 фоизга етди. 2009 йилда икки палатали парламентга ўтказилган сайловдан сўнг хотин-қизлар қуйи палата умумий таркибининг 22 фоизини ташкил этди. Сенат аъзоларининг 15 фоизи хотин-қизлардан иборат.

 

2009 йилда ўтказилган сайлов жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг 517 нафари, яъни 32 фоизини аёллар ташкил этган. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг 31,8 фоизи хотин-қизлардан иборатдир.

 

2013 йил ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловида 1310 нафар аёл ушбу масъулиятли лавозимга сайланганди. 2011 йилда бу кўрсаткич – 1264, 2008 йилда – 1160 нафарни ташкил этган эди.

 

Сайлов комиссиялари фаолиятида ҳам хотин-қизлар фаол иштирок этаётир. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси таркибида аёллар қарийб 17 фоизни ташкил этади. 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатларни сайлашга оид 135 округ сайлов комиссиялари таркибида хотин-қизлар 20,1 фоизни, участка сайлов комиссиялари таркибида эса 43,8 фоизни ташкил этмоқда.

 

Тадбирда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик – 2014 йилги сайлов кампаниясининг асосий принциплари каби мавзуларда маърузалар тингланди. 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайлов жараёнида хотин-қизларнинг фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароит яратиш, бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар хусусида фикр юритилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА

13601

21Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар