Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланиши – аҳоли турмуш фаровонлиги ўсишининг кафолати

Мустақиллик йилларида дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни тараққиёт йўлидан дадил бораётган мамлакат сифатида тан олди. Бундан барчамизнинг қалбимиз ғурур ва ифтихор туйғуларига тўлади.

 

Зеро, ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда эришаётган ютуқларимиз кўлами йил сайин кенгайиб, кўпчиликнинг ҳавасу ҳайратини оширмоқда. Бугун юртимизнинг қайси гўшасига борманг, янгиланиш ва улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқ ва маҳалла тобора чирой очмоқда.

 

Мамлакатимиз мустақиллик йилларида иқтисодиёти бир ёқлама шаклланган, асосан, хом ашё етказиб беришга мослашган қолоқ республикадан барча соҳалар тез суръатлар билан ўсиб бораётган, жадал тараққий этаётган давлатга айланди. Буни халқимиз ўз турмушида кўриб-билиб турибди. Зотан, мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти тахминан 5 карра, аҳоли жон бошига даромадлар эса 8,7 баробар кўпайди.

 

Бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишга асосланган тараққиёт стратегияси ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузмангшиори асосида мамлакатимиз иқтисодиёти тубдан ислоҳ этилди, ишлаб чиқариш ва ташқи савдо диверсификация қилинди. Бунинг учун барча зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди.

 

Ҳар йили юз минглаб янги иш ўринлари ташкил этилаётгани, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори муттасил ошириб борилаётгани ҳам халқимизга муносиб турмуш шароитини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Аҳоли даромадлари муттасил ошиб бориши эвазига ҳамюртларимизнинг харид ва истеъмол қобилияти ортмоқда, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми кўпаймоқда. Буни яқинда Жаҳон банки томонидан эълон қилинган иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича мамлакатларнинг янги рейтинги ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий валюта харид қобилияти паритетига асосан ҳисоблаб чиқилган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича бир неча поғона юқорилаб, дунёнинг 200 га яқин давлати орасида 66-ўринни эгаллади. Ваҳолонки, 2010 йилда Ўзбекистон ушбу кўрсаткич бўйича 72-ўринда қайд этилган эди. Энг муҳими, мазкур ижобий тенденция яқин йилларда сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

 

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик органларига сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида сайловолди ташвиқотига қизғин киришган сиёсий партиялар ўз сайловолди платформаларида иқтисодий соҳага алоҳида урғу қаратаётгани ҳам бежиз эмас. Жумладан, “АдолатСДП ҳам иқтисодий йўналишда бир қатор таклифларни илгари сурмоқда.

 

Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдоримиз

Ўз электоратининг манфаатлари, хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, дастурий вазифаларини белгилаган Ўзбекистон Адолатсоциал-демократик партияси Сайловолди платформасида партия бозор иқтисодиётининг ижтимоий йўналтирилиши тарафдори эканлиги алоҳида қайд этилган. Партиямиз иқтисодий ўсиш натижалари аҳолининг турли ижтимоий гуруҳ ва қатламлари турмуш сифати ҳамда даражасини оширишга хизмат қилиши лозимлигини белгилаб олган. Бу миллий иқтисодиётимизни янада тараққий топтириш бўйича стратегик мақсадларга мосдир. Партиямиз ижтимоий йўналтирилган иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган умумдавлат иқтисодий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш тарафдори сифатида сиёсий майдонда ўзини намоён этмоқда.

 

Партия ушбу вазифаларни амалга оширишда ҳар бир минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг аниқ ва самарали бажарилишини ҳамда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар жараёнининг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолиш каби муҳим вазифаларни илгари сурмоқда.

 

Ўзбекистон иқтисодиётининг келажаги – инновацион тараққиётда

Ўзининг сиёсий рақобатчиларидан фарқли равишда “Адолат” социал-демократик партияси Ўзбекистоннинг келажаги – инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди. Модернизацияга асосланган янги иқтисодиёт ва замонавий технологиялар инсонга ҳамда ижтимоий соҳага инвестиция киритиш вазифасини қўймоқда. Буларнинг барчаси фуқароларга иш ўринларини топиш, янги касб-ҳунарларни ўрганиш, янги корхоналарни очиш ва кенгайтириш имкониятини беради.

 

Дарҳақиқат, мамлакатимизда юқори ўсиш суръатларини, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини оширишда инновацион фаолиятнинг ўзига хос ўрни бор. Мутахассисларнинг халқаро миқёсдаги таҳлилларга таянган ҳолда таъкидлашларича, мамлакатлар иқтисодий ривожланишининг динамик барқарорлигини таъминлашда инновациялар ва инновацион фаолият асосий роль ўйнайди. Чунки инновацион фаолиятгина ишлаб чиқариш базасини техник ва технологик жиҳатдан тўхтовсиз янгилаш, замонавий технологияларга асосланган корхоналарни ташкил этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, жаҳон товар ва хизматлар бозорига самарали кириб бориш, умуман, иқтисодиётни юксалтиришнинг муҳим омили ҳисобланади.

 

Шу ўринда инновацияларни реал иқтисодиётга жалб қилиш борасида республикамизда аниқ саъй-ҳаракатлар олиб борилаётганлигини қайд этиш лозим. Жумладан, биргина 2013 йилда мамлакатимиз корхоналарида умумий қиймати 300 млрд. сўм маблағ инновацияларни жорий қилишга йўналтирилиб, уларнинг асосий қисми, яъни 68 фоизи корхоналарнинг хусусий маблағлари эвазига амалга оширилган. Миллий иқтисодиётимизга жалб этилаётган хорижий инвестицияларнинг ҳам катта қисми ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этишга йўналтирилмоқда. Бироқ бугунги кунда инновацияларни катта маблағлар эвазига хориждан олиш эмас, балки ўзимиздаги мавжуд илмий салоҳиятдан фойдаланиш, ихтирочилар ва олимларни керакли даражада рағбатлантириш, илмий ишланмалар ҳамда рационализаторлик таклифларини амалиётга кенг татбиқ этиш каби масалалар ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.

 

Шу сабабдан ҳам “Адолат” социал-демократик партияси ўрта ва узоқ муддатли истиқболда илғор инновацион ҳамда юқори технологияларни жорий қилишни инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш орқали кенгайтиришни ўз олдига мақсад қилиб белгиламоқда.

 

Ушбу масала партиямизнинг 2009 йилдаги Сайловолди платформасида ҳам устувор вазифа сифатида қайд этилган эди. Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ўтган беш йилликдаги фаолиятида “Инновациялар ва инновация фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол қатнашган бўлишига қарамай, мазкур қонун қабул қилинишига эриша олмаганлиги фаолиятимиздаги камчиликларимиздан бири эканлигини ҳам яхши англаймиз, албатта.

 

Шундан келиб чиқиб, партиямиз бу борада белгиланган вазифаларни собитқадамлик билан давом эттирган ҳолда ўз саъй-ҳаракатларини янада кучайтиришни мақсад қилмоқда. Ушбу йўналишда инновация ва инновацион фаолиятни мувофиқлаштириб бориш ҳамда янада кенгайтириш мақсадида институционал тузилмаларни ташкил этиш, жумладан, нафақат Давлат бюджети, балки корхона ва ташкилотларнинг молиявий қўйилмалари, ҳомийлик ҳамда хайрия маблағлари ҳисобидан Инновация жамғармасини тузиш каби вазифалар партиямиз томонидан навбатдаги беш йилликда бажарилиши зарур бўлган вазифалар сифатида белгиланаяпти.

 

 

Давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги фаровонликка хизмат қилади

Маълумки, давлат ва хусусий бизнеснинг ўзаро ҳамкорлиги ҳар бир замонавий демократик давлатнинг доимий диққат-эътиборида бўлиб келмоқда. Кейинги йилларда бутун дунёда ўзаро фойдали шартларда қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг ҳал қилинишига кўмаклашадиган ҳукумат ва бизнес ҳамкорлигининг кучайиши тенденцияси кузатилмоқда.

 

Шулардан келиб чиқиб, “Адолат” социал-демократик партияси бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари социал демократиянинг асосий ғояларини амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

 

Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши, шубҳасиз, тадбиркорлик субъектларининг ташаббускорлигини рағбатлантириш, уларнинг моддий ва меҳнат имкониятларидан самарали фойдаланиш, давлатнинг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар ечимини топиши ва иқтисодиётнинг ривожланишига, шубҳасиз, кенг имкониятлар яратади.

 

Масаланинг долзарблигини яхши англаган ҳолда, партиямиз давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлиги мақомини қонуний мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этмоқда. Шу билан бирга, биз мамлакат иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, бундай ҳамкорликнинг энг самарали шаклларини қўллаш юзасидан махсус дастурни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Соғлиқни сақлаш ҳамда таълим тизими, йўл қурилиши, илмий тадқиқот институтлари, лабораториялар, конструкторлик бюролари тузилиши давлат ва хусусий бизнес ҳамкорлигини ташкил этиш ва мустаҳкамлашнинг энг истиқболли йўналишлари бўлиши зарур.

 

Биз энергия тежайдиган технологияларни жорий қилишни таклиф этамиз

“Адолат” СДП иқтисодиётга янги, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш тарафдори сифатида бу борадаги саъй-ҳаракатларини янада кучайтиришни мақсад қилган. Партия ўтган даврда тўплаган тажрибаларидан фойдаланган ҳолда, энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, аҳоли ўртасида энергия ресурсларига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб боришда фаоллик кўрсатади.

 

Шу билан бирга, уй-жой-коммунал соҳаси ва кундалик турмушда қуёш энергиясидан ҳамда қайта тикланувчи бошқа энергия манбаларидан кенг фойдаланиш масалалари партиянинг доимий диққат-эътиборида бўлади. Шу мақсадда “Адолат” СДП муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш, соҳадаги зарур стандарт ва меъёрларни тасдиқлаш, муқобил энергетикани жорий этиш ҳамда рағбатлантириш юзасидан махсус дастурни қабул қилишни таклиф этмоқда.

 

Шу ўринда сайловчиларда “Адолат” социал-демократик партияси беш йил аввал ҳам ушбу ғояни илгари сурган эди-ку?” деган савол туғилиши мумкин. Дарҳақиқат, партиямизнинг 2009 йилги Сайловолди платформасида ҳам мазкур масала алоҳида ўрин эгаллаган эди. Бироқ бу соҳада зиммамиздаги барча вазифани бажардик, деб айта олмаймиз. Шу сабабдан ушбу долзарб масалани охирига етказиш, сайловчиларга берилган ваъданинг устидан чиқиш масъулияти партияни яна бир бор мазкур мақсад сари ундади. 2013 йил 20-23 ноябрь кунлари Тошкентда Осиё тараққиёт банкининг Осиё минтақасида қуёш энергиясини ривожлантириш ташаббуслари доирасида Осиё қуёш энергияси форумининг олтинчи йиғилиши ўтказилгани ҳамда унинг очилиш маросимида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикасининг мазкур соҳада юксак салоҳияти ва уни ривожлантириш имкониятлари ҳақида маъруза қилгани ҳам ушбу масаланинг нечоғли долзарб эканлигидан далолатдир.

 

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, партиямиз иқтисодий ислоҳотларда босқичма-босқичлик принципи тарафдори сифатида ўз олдига аниқ вазифаларни қўйиб, уларни амалга ошириш учун аниқ механизмларни таклиф этмоқда.

 

Аммо бошқа сиёсий партиялар иқтисодий йўналишдаги вазифаларини белгилашда, асосан, кучли ижтимоий сиёсат, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулкнинг алоҳида аҳамиятини таъкидлаш билан чекланиб қолаётганлиги ажабланарлидир.

 

Масалан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сайловолди платформасида хусусий мулкнинг алоҳида аҳамияти ғояси сингдирилган бўлиб, уни энг муҳим инсон қадрияти даражасига олиб чиқиб, хусусий мулк эркинликнинг энг муҳим кафолати ва фуқаролар ҳимояланганлигининг асоси сифатида бир томонлама талқин қилинмоқда. Албатта, хусусий мулк инсоннинг иқтисодий эркинлиги воситаси саналади, лекин, бизнингча, хусусий мулк инсоннинг фундаментал ҳамда табиий ҳуқуқ ва эркинликларидан устун қўйилиши билан келишиб бўлмайди.

 

“Миллий тикланиш” демократик партиясининг иқтисодий йўналишда танлаган мақсадлари ҳам бир ёқлама ҳисобланади. Хусусан, партиянинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун таклиф этаётган имтиёз ва преференциялар бериш борасидаги позицияси Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиётига фаол равишда интеграциялашув жараёнларига тўсқинлик қилиши мумкин. Зеро, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хориж инвестицияси асосида фаолият кўрсатаётган корхоналар ўзаро тенг рақобат муносабатлари шароитида ишлаши керак. Бу, ўз навбатида, уларнинг фаолиятида самарадорликни оширишга рағбатлантирувчи омил бўлади. Демак, партиянинг иқтисодий сиёсат бўйича танлаган позициясини кенг кўламли ва умумдавлат аҳамиятига эга, деб бўлмайди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси кучли ижтимоий сиёсат ғояларига содиқлигини эътироф этган ҳолда, иқтисодий соҳадаги аниқ таклифлари билан ушбу соҳадаги вазифаларнинг ўзаро боғлиқлигини тўлақонли очиб бера олмаган. Хусусан, партия иқтисодиётда комплекс макроиқтисодий ва таркибий ўзгартириш ўтказиш заруратига етарли даражада эътибор бермасдан, ЯИМнинг ўсиши, ички истеъмол бозорини тўлдириш, экспорт рақобатдошлигини кучайтириш сингари омилларни аҳоли бандлигини ошириш зарурати билан боғламоқда. Партия, шунингдек, бандлик муаммоси юқори бўлган ҳудудларда саноат корхоналари ривожланишини рағбатлантириш учун махсус фондларни тузиш таклифини илгари сурмоқда. Аммо мазкур фондларнинг қай асосда ва қандай принципларга кўра фаолият олиб бориши аниқ очиб берилмаган.

 

Албатта, бизнинг Сайловолди платформамиз ҳам муайян камчиликлардан холи бўлмаслиги мумкин. Бироқ у бугун сайловчиларимизни ўйлантираётган қатор масалаларга муносиб ечим таклиф қилаётгани билан аҳамиятлидир.

 

Хулоса ўрнида айтганда, ўз сафларида юз мингдан ортиқ аъзони бирлаштирган “Адолат” социал-демократик партияси нафақат қонун устуворлигини, адолатни изчил тарғиб қилувчи, социал-демократияни мустаҳкамловчи сиёсий куч, балки иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланиши, демакки, аҳоли турмуш фаровонлиги ўсишини кафолатловчи партия сифатида ҳам самарали фаолият юритаверади.

 

Қодир ДЖУРАЕВ,

«Адолат» СДП аъзоси,

Абдулла РАҲМОНОВ,

Шоҳруҳ ШОАҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар.

7966

25Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар