Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Мамлакатимиз иқтисодий қудратини юксалтириш – асосий мақсадимиз

Ўзбекистон иқтисодиёти мустақиллик йилларида бутунлай янгича мазмун, янгича кўриниш касб этди. Хусусан, сўнгги йилларда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарамай, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши ҳар йили 8 фоиздан ортиқни ташкил қилаётгани нуфузли халқаро молия ташкилотлари, таниқли экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилаётир.

 

Бу жараён Ўзбекистоннинг дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан муносиб ўрин олишини таъминлаш борасидаги жиддий қадам саналади.

 

Иқтисодиётнинг бундай юқори ўсиш суръатларини сақлашда, халқимиз фаровонлигини оширишда, мамлакатимизнинг моддий ва маънавий бойликларини яратиш ҳамда кўпайтиришда, айниқса, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг асосий таянчи – ишбилармонлар, фермерлар, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимларининг ҳиссаси салмоқлидир.

 

O‘zLiDeP 2014 йилдаги сайлов кампаниясига киришар экан, мамлакатимиз иқтисодиётидаги макроиқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватлаш ва барқарор юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришни муҳим, деб ҳисоблайди. Бунинг учун Давлат бюджети мувозанатлилигини таъминлаш, иқтисодиёт ва хўжалик юритувчи субъектлар учун солиқ юкини янада камайтириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, молия бозори барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатъий пул-кредит сиёсатини амалга ошириш лозим бўлади.

 

Статистика маълумотларига кўра, мамлакатимизда 1996 – 2014 йиллар давомида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун солиқ ставкалари 38 фоиздан 5 фоизгача, яъни етти баравар пасайтирилган. Бунинг самараси ўлароқ, айни пайтда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида хусусий секторнинг улуши 55 фоиздан ошди.

 

Шу билан биргаликда, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлаш, бутун солиқ тизимини соддалаштириш ва унинг аниқ-равшан, тушунарли бўлишини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади. Жаҳондаги ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, саноат соҳасида иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни давом эттириш, уни диверсификация қилиш, юксак технологиялар билан жиҳозланган, фан-техника ютуқлари асосида рақобатбардош, юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхоналар улушини оширишни назарда тутадиган сиёсатни олиб бориш керак бўлади. Бундан ташқари, партиямиз Сайловолди платформасида янада қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш орқали иқтисодиётга киритиладиган хусусий инвестициялар ҳажмининг жадал ўсишини таъминлашга эришиш бўйича ғоявий вазифалар белгилаб қўйилган. Бинобарин, мустақиллик йилларида мамлакат иқтисодиётига 120 миллиард доллардан зиёд инвестициялар жалб этилган бўлиб, уларнинг 60 миллиард доллардан кўпроғи хорижий инвесторларнинг ҳиссасига тўғри келади. Бу сармояларсиз иқтисодиётимизнинг бугунги ривожини тасаввур қилиб бўлмас эди. Шунинг учун ҳам иқтисодий ўсиш суръатларининг изчиллигини таъминлаш, таркибий ўзгаришлар жараёнини чуқурлаштириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, жаҳон бозорларида унинг рақобатдошлигини оширишнинг энг муҳим ва зарур шарти сифатида Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияларни жалб қилиш алоҳида аҳамият касб этади.

 

Партия реал иқтисодиёт соҳасида, биринчи навбатда, саноатда ва унинг муҳим тармоқларида хусусий мулкнинг етакчи ўрин эгаллаши мақсадида иқтисодиётнинг барча тармоқларига хусусий инвестицияларни жалб этишга ҳаракат қилади. Биз, шунингдек, янги инвестициявий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, материаллар ва бутловчи қисмлар импортини солиқ ва божхона тизимида яратилган имтиёзлар асосида қўллаб-қувватлаш ҳисобига саноатда ишлаб чиқариш суръати жадал ўсишини таъминлашни бу соҳадаги энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда партия амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни таклиф этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси билан инвестиция шартномасини имзолаган чет давлат инвестицияси иштирокидаги корхоналар учун солиқ қонунчилигининг ишончли ва барқарор бўлишини таъминлаш лозим. Шунингдек, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини, айниқса, саноатнинг юқори технологияларга асосланган қайта ишлайдиган тармоқларига жалб этишни рағбатлантириш, хорижий инвестициялар иштирокидаги компанияларнинг ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятини енгиллаштириш, корхоналарнинг хорижлик таъсисчилари, раҳбар ва муҳандислар таркиби учун виза олиш шартларини янада соддалаштириш керак, деб ҳисоблаймиз. Иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини банклар томонидан кредитлашни кенгайтириш таклиф қилинмоқда.

 

Партиямиз иқтисодиёт тармоқларининг экспортга йўналтирилишини кучайтириш, экспортни рағбатлантириш, унинг номенклатураси ва географик майдонини қулай молиявий-иқтисодий ва божхона шароитларини қўллаб-қувватлаш ва яратиш, янги транспорт йўлакларини шакллантириш орқали кенгайтириш, мамлакатимиз барча минтақаларининг ягона транспорт тизимига уланиши, ташқи транспорт йўналишларига қулай чиқишини таъминлайдиган автомобиль йўллари ва темир йўл тармоқларини қуриш, уларни реконструкция қилиш бўйича тизимли ва комплекс ишларни давом эттириш учун ҳаракат қилади. Бу йўналишда партиямиз Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатлари орқали ўтадиган транспорт йўлагини ташкил этиш бўйича кўрилаётган амалий саъй-ҳаракатлар ҳамда “Хитой – Марказий Осиё – Европа” халқаро темир йўл транзит йўлагини яратиш, Ўзбекистонда ягона темир йўл тизимини шакллантириш, Шарқ ва ўарбни боғловчи ҳамда Фарғона водийсини янада ривожлантиришга хизмат қилувчи “Ангрен – Поп” темир йўли қурилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

 

Партия иқтисодиётнинг рақобатдошлигини оширишга, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларнинг очиқлигини таъминлашга, хуфиёна иқтисодиётга пул маблағларининг банкдан ташқари айланишининг олдини олишга қаратилган солиқ-бюджет сиёсатини амалга ошириш учун ҳаракат қилади. Биз, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусларни амалга ошириш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Партиямизнинг фикрича, мулк – бу эркинликнинг энг муҳим кафолати, инсоннинг бошқа барча ҳуқуқларининг манбаи, фуқаролар ҳимояланганлигининг асоси. Сиёсий, ижтимоий, маданий эркинликни иқтисодий эркинликсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис партия ўзининг кундалик ва парламентдаги фаолиятида хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳақидаги конституциявий тамойилни ҳимоя қилади ва ҳаётга изчил татбиқ этади ҳамда иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш, хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, уни ишончли ҳимоя қилиш тизимини яратиш учун ҳаракат қилади.

 

Партия хусусий мулкнинг ривожланиши йўлидаги барча ғовларни бартараф этиш, ортиқча бюрократик тўсиқларга барҳам бериш, иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва улушини оширишни муҳим, деб ҳисоблайди ҳамда юртимизда бизнес юритиш билан боғлиқ барча тартиб-таомилларни янада либераллаштириш, соддалаштириш, арзонлаштириш ва уларнинг очиқлигини таъминлаш учун ҳаракат қилади. Партия давлат ва назорат идораларининг тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашуви билан боғлиқ фактларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратади.

 

Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес улушини изчил ошириш борасидаги стратегик вазифа билан бевосита боғлиқ. Сайловолди платформамизда Ўзбекистоннинг етакчи ва нуфузли халқаро молия институтлари томонидан белгиланадиган рейтинг кўрсаткичларини сезиларли даражада яхшилашга қаратилган мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилашнинг комплекс дастурини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб қўйилган. Иқтисодиётни либераллаштириш ва ислоҳ этишда қўлга киритилган ютуқлар Жаҳон банкининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш шароитлари бўйича навбатдаги “Бизнесни юритиш – 2015” йиллик маърузаси томонидан тан олинишига сабаб бўлди. Умуман олганда, кейинги икки йилда Ўзбекистон Республикасининг бизнесни юритиш имкониятлари бўйича 189 та давлат орасидаги йирик рейтингдаги ўрни 13 поғона кўтарилди. Сўнгги икки йилда “Кредитлар олиш” кўрсаткичи бўйича ўсиш 50 поғона бўлган бўлса, фақатгина 2014 йилнинг ўзида Ўзбекистонда солиқ солиш ҳолати 61 поғона яхшиланган.

 

Партия ушбу йўналишда истиқболда аниқ чора-тадбирларни, жумладан, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, тадбиркорлик эркинлиги, хусусий мулк устуворлиги ва ҳимоясини таъминлаш, бозор инструментлари ва бошқарув механизмларини ривожлантириш, эркин рақобат муҳитини яратишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш таклифини илгари суради. Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка имтиёз ва преференциялар бериш, тижорат банклари, лизинг компаниялари ва бошқа молия ташкилотлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиялаштиришни кенгайтириш, гаров таъминотини расмийлаштириш билан боғлиқ банк кредитлари бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш, гаров айланмасига кўчар мулкни жалб этиш ҳисобидан молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш сиёсатини давом эттириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шу ўринда, мулк шаклидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектларига, хом ашё манбалари ва моддий ресурслардан фойдаланиш учун тенг шароитлар яратиш, улар бўйича бозор нархларини шакллантириш механизмини такомиллаштириш лозим. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қурилиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишга рухсат олиш муддатлари ва харажатларини янада қисқартириш, ушбу жараёнларни соддалаштириш чораларини кўриб чиқиш зарур. Яна бир таклифимиз ривожланган ва замонавий транспорт-коммуникация ва логистика тармоқларини ташкил этиш, ташқи савдо юкларини ташишни мақбуллаштириш, янги транспорт йўналишларини синовдан ўтказиш, транспорт харажатларини қисқартириш, шунга мос равишда экспорт-импорт тартиб-таомилларини янада соддалаштириш билан боғлиқдир. Шу ўринда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бўйича давлат харидларини кенгайтириш, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган товарлар ва тақдим этилаётган хизматлар экспортини рағбатлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

Партия кичик бизнеснинг саноат ишлаб чиқаришидаги улушини ошириш учун қулай шароитлар яратиш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Бунинг учун партия кооперация, давлат мулкини ва хусусийлаштириш жараёнларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, хўжалик жамиятлари устав фондидаги давлат улушини ҳамда давлат корхоналарининг кўчмас мулк объектларини биржа ва биржадан ташқари савдоларда сотиш механизмини соддалаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни таклиф этади.

 

Партия кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини пасайтириш сиёсатини давом эттириш зарур, деб ҳисоблайди. Чунки бу хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида айланма маблағларни тўлдириш ва инвестицияларни амалга ошириш учун қўшимча маблағлар қолдириш имконини беради ҳамда ўз даромадларининг ҳақиқий даражасини камайтириб кўрсатадиган корхоналар сонининг қисқаришини таъминлайди.

 

Партия рақобатни ҳар томонлама рағбатлантириш ва ривожлантириш, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида монополия вужудга келишига йўл қўймаслик ва улар сонини максимал даражада қисқартириш учун ҳаракат қилади. Биз қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва бу соҳадаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилган қонунларнинг сўзсиз ижроси устидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришни мўлжаллаяпмиз.

 

O‘zLiDePнинг 2014 йилдаги Сайловолди платформасидаги биринчи бўлим “Партиянинг бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва рақобатдошлигини ошириш борасидаги устувор вазифалари” деб бежиз номланмаган. Агар бошқа сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари билан солиштирсангиз, ушбу бўлим ўзининг кенг қамровлилиги, пишиқ ва пухталиги билан ажралиб туради. “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастуридаги тўртинчи бўлим “Иқтисодиётнинг барқарор суръатларда ривожланиши – аҳоли турмуш фаровонлиги ўсишининг кафолати” деб номланади. “Адолат” СДП иқтисодиётга замонавий иннновацион ва юқори технологиялар, шу жумладан, энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш таклифини илгари суради. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди дастуридаги тўртинчи бўлим “Иқтисодий соҳадаги вазифалар” деб белгиланган. Партия аъзолари унда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш ва туризмни ривожлантиришга қаратилган беш-олтита таклиф билан чегараланишган холос.

 

Мухтасар айтганда, фақат бизнинг партиямиз мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш таклифи билан чиқмоқда. Шундай экан, мамлакатимиз иқтисодиёти юксалиб, фаровон турмуш кечирамиз, деган юртдошларимизни “Иқтисодиёт тараққиёти – халқ фаровонлигининг асоси!” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловда кураш олиб бораётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодларига овоз бериб, юқоридаги дастурий мақсадларимизни амалга оширишга ўз ҳиссангизни қўшишга чақирамиз.

 

Исмоилжон НАЗИРОВ,

Собир ҲАСАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар.

8742

25Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар