Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш тарафдоримиз

Ўзбекистон мустақил ривожланишининг дастлабки йилларида танлаб олинган тараққиётнинг миллий модели бугун ўзини тўлиқ оқлади.

 

Унинг асосини ташкил этувчи беш тамойилдан бири –  кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишга, ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг фаровон турмуш кечиришига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Юртимизда сўнгги йилларда ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатларининг юқори даражаси таъминлаб келинмоқда. Унинг таркибида саноат, кичик бизнес ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши ортиб, аҳоли даромадлари муттасил кўпаймоқда. Республиканинг барча нуқталарида, айниқса, қишлоқ жойларда шаҳардагидан кам бўлмаган инфратузилма шакллантирилиб, аҳолининг турмуш шароити тубдан яхшиланмоқда.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимиздаги иқтисодий барқарорликни юқори баҳолаб, келгусида ҳам тараққиётнинг изчил давом этишига, фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилувчи чора-тадбирларнинг амалга оширилишини ҳамда бунинг учун мукаммал меъёрий-ҳуқуқий асослар яратилишини қўллаб-қувватлайди. Шу мақсадда партия ўзининг барча ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий вакиллик органларидаги партия гуруҳлари саъй-ҳаракатларини ушбу йўналишдаги амалий ишларда иштирок этишга қаратади.

 

Партиянинг танлаган йўлига мувофиқ, бозор иқтисодиёти ижтимоий йўналтирилган ва, энг аввало, жамият манфаатларига қаратилган бўлиши лозим. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП учун иқтисодий сиёсатда асосий устувор вазифа –  кўпчилик аҳоли, айниқса, давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлар манфаатларига йўналтирилган ижтимоий сиёсат юритиш орқали иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш ҳисобланади.

 

Партия ўз Сайловолди платформасида белгилаб олганидек, кучли ижтимоий сиёсат, меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш биз учун устувор ҳисобланади. Бунда асосий эътибор фуқароларда боқимандалик кайфиятидан холи, ташаббус ва имкониятларига муносиб бўлган иш билан таъминланиши орқали ўз фаровон ҳаётини яратиш бўйича интилишларини рағбатлантиришга қаратилган.

 

Хўш, партия бу борада қандай ечимларни илгари сурмоқда? Кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини олиб бориш учун унинг асосий манбаси ҳисобланган иқтисодий барқарорликни таъминлаш ҳамда иқтисодий ўсишнинг янада юқори суръатларига эришиш муҳимдир. Бунинг учун давлатнинг солиқ сиёсати самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор бериш мақсадга мувофиқ. Маълумки, солиқ сиёсати бюджет даромадини оширишга қаратилиши билан бир қаторда, солиққа тортиладиган базани кенгайтириш орқали янги хўжалик юритувчи субъектларнинг ва, ўз навбатида, янги иш ўринларининг яратилишига ҳам туртки бериши лозим. Бунда тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахсларга нафақат юридик мақомини расмийлаштиришда енгилликлар яратиш, балки ўз фаолиятини самарали ташкил этиш учун турли молия муассасалари манбаларидан, кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини соддалаштириш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Тадбиркорлик субъектларининг кўпайиши иқтисодиётнинг ривожланишига ва бюджетга солиқ тушумларининг ортишига, шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада юқори даражага олиб чиқишга имкон беради.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси самарали солиқ сиёсатини юритиш ҳамда янги хўжалик юритувчи субъектларнинг очилиши ва уларнинг ривожланишига замин яратиш орқали янги иш ўринларининг ташкил этилишига, ишчи ва хизматчиларнинг маошлари ортишига, пировард натижада аҳолининг реал даромадлари ошишига эришиш мумкин, деб ҳисоблайди.

 

Партия келгуси даврда ҳам меҳнатга ҳақ тўлашни изчил ошириб бориш, шу билан бирга, солиқ базасини кенгайтириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш ва солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ҳисобига жисмоний шахсларнинг, авваламбор, аҳолининг кам таъминланган қатламлари даромадларига солинадиган солиқ ставкаларини босқичма-босқич пасайтириш сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Бу эса иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва иқтисодиётнинг реал сектори ўсиш суръатларини изчил ошириб боришнинг мустаҳкам асоси ҳисобланади. Мазкур чоралар, айниқса, меҳнатга паст ҳақ тўланадиган жойларда иш берувчилар ва ходимлар ўртасида очиқ меҳнат муносабатларини ўрнатишга, меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ва бошқа кафолатларга амал қилинишини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

Албатта, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётда давлатнинг бошқарув функциялари самарали бўлиши лозим. Чунки бу юзага келиши мумкин бўлган турли инқирозларнинг олдини олиб, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини ҳамда кучли ижтимоий сиёсатни олиб боришни таъминлайди. Шунинг учун Ўзбекистон ХДП бу масалада мустақил тараққиёт йилларида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар нархларининг шаклланиши устидан давлат назорати самарадорлигини янада оширишни ёқлайди. Бундан кўзланган мақсад уларга бўлган нарх ва тарифлар ўсиши тегишли давлат қарорлари билан белгиланадиган ойлик маош, пенсия, стипендиялар ва ижтимоий нафақаларни ошириш кўрсаткичларидан ошмаслигини таъминлашдан иборат.

 

Партия ушбу йўналишда ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар бозорида устун мавқега эга бўлган субъектларнинг монополистик фаолиятини чеклашга йўналтирилган монополияга қарши сиёсат самарадорлигини ошириш, монопол корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга нарх ва тарифларни ўрнатишда уларнинг эҳтиёжманд аҳоли қатламлари учун мақбуллигини таъминлашдаги давлат бошқарувини кучайтириш бўйича қатъий вазифаларни ўз Сайловолди платформасида кўрсатиб ўтган. Зеро, юртимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларда кучли рақобат муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пировардида рақобат муҳити хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини оширишга, таннархни пасайтиришга, замонавий техника ва технологиялардан фойдаланишга ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтиришга туртки беради, аҳолининг харид қобилиятини оширишга хизмат қилади.

 

Маълумки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини самарали ташкил этишда молия-банк тизимининг ўрни катта. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш борасида кўплаб аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу жараёнда банк тизими босқичма-босқич ислоҳ этилиб, уларнинг ресурс базаси мустаҳкамланди. Пировардида улар томонидан кўрсатилаётган замонавий банк хизматлари сифати тубдан яхшиланди. Айниқса, кредитлаш ва фоиз сиёсати барча йўналишларда кенг кўлам ва миқёс касб этди.

 

Ўзбекистон ХДП мана шу жиҳатларни алоҳида эътироф этган ҳолда, республика молия-банк тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва барқарорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилаётган меъёрий-хуқуқий ҳужжатларда тижорат банклари инвестициявий фаоллигини кучайтириш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда уларнинг иштирокини янада кенгайтириш, хўжалик субъектларига кредитлар бериш тизимини соддалаштириш, фоиз ставкаларини макроиқтисодий ҳолатдан келиб чиқиб минимал даражада белгилаш, муаммоли қарзларнинг ҳосил бўлишига йўл қўймаслик ҳамда хизматлар сифатининг яхшиланишини таъминловчи масалаларнинг ёритилишига алоҳида эътибор қаратади.

 

Ушбу тизимдаги аҳамиятга молик масалалардан яна бири, бу омонатчилар учун кафолатларни кучайтириш ва банк тизимига аҳоли ҳамда хорижий инвесторларнинг ишончини янада мустаҳкамлаш саналади. Хусусан, янги жозибадор омонатлар ва депозитларни татбиқ этиш, кўрсатилаётган банк хизматларининг тури ва кўламини кенгайтириш йўли билан аҳоли ҳамда хўжалик субъектларининг бўш маблағларини банк айланмасига кенг жалб этиш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни партия ўзи учун устувор вазифа сифатида белгилаб олган.

 

Шунингдек, Сайловолди платформамизда белгиланган яна бир муҳим вазифамиз бу банк пластик карточкалари масаласидир. Бу борада биз терминал тармоғи ва онлайн тўловлар тизимини янада кенгайтириш орқали аҳолининг нақд пулсиз тўлов воситаларига ишончини ошириш ва бундан уларнинг манфаатдорлигини кучайтириш бўйича қўшимча чоралар кўришни мақсад қилганмиз. Яна бир жиҳат шундан иборатки, аҳолига тўланадиган нақд пул ва пластик карталар асосидаги нақдсиз тўловлар ўртасидаги энг мақбул нисбатни таъминлаш лозим, деб биламиз.

 

Қолаверса, пластик карточкалар ҳисоб рақамидаги маблағлар доирасида банкомат ёки банк кассалари орқали нақд пул маблағларининг бемалол берилиши учун мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, тегишли идоралар ва савдо тармоғи, шу жумладан, деҳқон бозорларида терминалларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш масаласига ҳам устувор эътибор қаратмоқдамиз.

 

Шуни эътироф этиш лозимки, охирги йилларда мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланиб бориши натижасида республикада қулай инвестициявий муҳит шаклланиб, сармоявий жозибадорлик янада ошди. Ўзбекистон хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг миқёсли чора-тадбирларни кўрмоқда. Хусусан, қонун йўли билан қатор имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар яратилмоқда ҳамда бу жараён изчил такомиллаштирилмоқда. Шундай экан, Халқ демократик партияси тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш орқали замонавий техника ва технологияларга асосланган ишлаб чиқаришлар ташкил этилиши ва малакали мутахассислар учун иш ўринлари яратилишига қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини маъқуллайди.

 

Халқ демократик партияси мамлакатимизда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш, тармоқ дастурларини изчил амалга ошириб бориш, корхоналарни модернизациялаш ва технологик янгилаш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш орқали яратилаётган янги иш ўринлари аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили эканлигини эътироф этади.

 

Замонавий техника ва технологияларга асосланган ишлаб чиқариш маҳсулотлари билангина иқтисодиётни модернизация қилиш ва унинг салоҳиятини ошириш мумкин. Янги техника ва технологияларнинг аграр соҳага ҳам фаол жорий этилиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлашда меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади ва бу, ўз навбатида, қишлоқ жойларининг иқтисодий ривожланишини таъминлайди.

 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг иқтисодиёт соҳасидаги таклифлари электоратимиз истак-хоҳишлари, талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, етакчи иқтисодчи олимлар, экспертлар ва амалиётчилар иштирокида ишлаб чиқилди ҳамда маромига етказилди.

 

Ўз навбатида, бошқа сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларини ўрганиб чиқар эканмиз, уларнинг фикрларини ҳурмат қилган ҳолда шуни айтиш керакки, ушбу ҳужжатларда бизнес ва тадбиркорлик субъектларига ҳаддан ташқари кўп ҳуқуқ ва эркинликлар бериш кўзда тутилаётганига, протекционизм сиёсатини қўллашга мойиллик борлигига гувоҳ бўламиз.

 

Жумладан, ЎзЛиДеП ўз Сайловолди платформасида саноат ва унинг етакчи тармоқларида хусусий мулкнинг етакчилигига эришиш асосий вазифаларидан бири эканлигини қайд этди. Ваҳолонки, дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳали-ҳануз оқибатларини бартараф эта олмаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шуни кўрсатдики, бизнеснинг жамият тараққиётидаги, хусусан, минглаб иш жойларини сақлаб қолишдаги ижтимоий масъулиятини ошириш, бунда давлатнинг тартибга солиб туриш борасидаги роли тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси эса асосий эътиборни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга ёки ички бозорни ҳимоя қилишга қаратаётгани бугунги глобаллашув шароитида, айниқса, юртимиз дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой олиш, очиқ ва демократик жамият қуриш, жаҳон ҳамжамиятига иқтисодий интеграциялашувни кучайтираётган бир шароитда бу вазифалар бир ёқлама ҳисобланади.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди платформасида белгиланган иқтисодий вазифалар эса, асосан, тор доирада бўлиб, уларнинг бир қанчаси ўтган галги сайловолди ваъдаларидан бўлса-да, беш йиллик фаолияти давомида бажарилмаган. Бизнингча, ҳар қандай партия сайлов кампаниясига аниқ ва амалга ошира оладиган, амалда эҳтиёж бўлган вазифа ва мақсадлар билан кириши лозим.

 

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси илгари сураётган иқтисодий таклифлар юртимизда кечаётган янгиланишлар жараёни билан узвий боғланган бўлиб, пировард натижада электоратимизнинг манфаатларига, аҳолининг катта қисми эҳтиёжларини таъминлашга қаратилгандир. Шу боис юртдошларимизни мана шу мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда муҳим аҳамиятга эга бўлган парламент сайловида партиямиз номзодларини қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

 

Ҳожиакбар АҲМЕДОВ,

Омилхон ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзолари.

7582

26Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар