Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Мақсадимиз – кучли миллий иқтисодиётни шакллантиришдир

Истиқлол биз учун янги тараққиёт уфқларини очиб берди. Тарихан қисқа даврда Ватанимиз асрларга татигулик муваффақиятларга эришди.

 

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси юртимизни модернизация қилиш ва демократик янгилаш бўйича амалга оширилаётган ишларимизни янги босқичга кўтарди.

 

Жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнлар ва салбий тенденцияларга қaрaмaй, мaмлaкaтимиз иқтисoдиётининг бaрқaрoр ўсиши вa мaкрoиқтисoдий мувoзaнaт тaъминлaнмоқда. Натижада халқимиз фаровонлиги ва турмуш даражаси ошиб, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалмоқдаки, бу, шак-шубҳасиз, барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

 

Юртимизда фaoл инвeстиция сиёсaти олиб борилмоқда. Барча соҳалaрни мoдeрнизaция қилиш, тexник вa тexнoлoгик янгилaш, трaнспoрт вa кoммуникaция инфрaтузилмaлaрини ривoжлaнтириш бўйичa устувoр лoйиҳaлaр aмaлгa oширилаяпти. Бу иқтисодиётда таркибий ва сифат ўзгаришларни таъминламоқда.

 

Миллий ривожланиш, мамлакатимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суришни мақсад қилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларини қўллаб-қувватлайди.

 

Партиянинг иқтисодий соҳадаги асосий мақсади –  халқаро бозорда сифатли маҳсулот ва хизматлари билан бемалол рақобатга кириша оладиган кучли миллий иқтисодиётни шакллантириш, Ўзбекистоннинг жаҳондаги иқтисодий ва индустриал жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишига қаратилган давлат сиёсатига кўмаклашишдир.

 

Биз мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатга кўмакдош бўлиб, Ўзбекистонда миллий манфаатлардан келиб чиқиб олиб борилаётган фаол ташқи иқтисодий стратегияни қўллаб-қувватлаймиз.

 

Партия фаолиятининг устувор йўналишларидан бири хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган товарларни ишлаб чиқаришга аҳд қилган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни улар учун солиқ, божхона имтиёз ва преференцияларини жорий қилиш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг имтиёзли субсидиялар ва бошқа шакллардаги чораларини тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Бунда маҳсулотларни жаҳон бозорида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси остида тарғиб қилиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Партия мамлакатимиздаги мавжуд имкониятлардан янада унумли фойдаланиш, иқтисодий ўсишнинг янги омилларини излаб топиш, янги ташқи бозорларни ўзлаштириш, ҳудудларнинг ресурс салоҳияти ҳамда ички резервларидан оқилона фойдаланиш ва уларни тўла ишга солиш зарур, деб ҳисоблайди. Зеро, бугунги глобаллашув жараёнларида, жаҳон иқтисодиётида давом этаётган мураккаб ҳолатлар ва салбий тенденциялар шароитида барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш долзарб саналади.

 

Шу нуқтаи назардан, аввало, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, илғор техника ва технологиялар билан жиҳозлаш, замонавий менежмент ва маркетинг тизимларини жорий этиш, ишлаб чиқаришга йўналтирилмаган харажатларни қисқартириш лозим. Ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда сифатли, арзон ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш зарур. Шунингдек, “Миллий тикланиш” демократик партияси республикамиз минтақаларидаги истиқболли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган корхоналарга солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар бериш, шу орқали маҳаллий саноат самарадорлигини янада оширишни қўллаб-қувватлайди.

 

Замонавий илғор технологияларни жорий этган корхоналар айни кунда бозорларимизни ўзимизда ишлаб чиқарилган, замонавий, бежирим кийим-кечаклар билан таъминламоқдалар. Шундан келиб чиққан ҳолда, ЎзМТДП бозор шароитига тез мослашувчан ва ихчам бўлган енгил саноат корхоналари сонини янада кўпайтириш тарафдоридир.

 

Партия маҳаллий инвесторларга яратилаётган қулай инвестиция муҳитини такомиллаштириш ва шу орқали бозор талабларига тез мослашадиган ихчам енгил саноат корхоналари сонини кўпайтиришни қўллаб-қувватлайди. Бу, ўз навбатида, аҳолининг ўзимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий ва сифатли кийим-кечакка бўлган эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади.

 

Биз республикамиз маркази ва ҳудудларини, шаҳар ва қишлоқларини ўзаро уйғун ривожлантиришга, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда ҳудудлар бўйича айрим номутаносибликларга барҳам беришга, мамлакатимиз турли минтақаларида истиқомат қилаётган одамларнинг турмуш шароити ва сифатини тенглаштиришга қаратилган солиқ-бюджет сиёсатини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратамиз.

 

Миллий бозорни сифати паст, халқаро андозаларга мос келмайдиган маҳсулотлар, ишлар, хизматлардан муҳофаза этиш ҳам партиянинг дастурий вазифаларидан ҳисобланади. Шу билан бирга, Ўзбекистон халқининг бой тарихий мероси ва нодир маънавий бойликларини тарғиб қилувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш ҳам партиянинг устувор вазифаларидан саналади.

 

Яқин истиқболда партиямиз ўз олдига қўяётган юқоридаги ва бошқа вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилишида муҳим ўрин эгалловчи икки йирик миллий ташувчилар –  “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг ички ва ташқи бозордаги мавқеини мустаҳкамлашни ва янада кучайтиришни қўллаб-қувватлайди.

 

“Миллий тикланиш” демократик партияси иқтисодиёт соҳасида устувор вазифаларини белгилаб олар экан, туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Ўзбекистоннинг бой тарихи, нодир маданий-тарихий мероси, ўз навбатида, юртимизда улкан салоҳияти ҳозирча тўлиқ ишга солинмаган туризм индустриясини ривожлантириш ва давлатимизни жаҳон туризм марказларидан бирига айлантириш имконини беради. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг жорий йил Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия қўмитасининг 99-сессиясида қилган маърузаларида мазкур соҳанинг муҳимлиги алоҳида қайд этилган.

 

Соҳадаги ишларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистонда бошқа соҳалар билан бир қаторда туризм жадал тараққий этмоқда. Туризм соҳасини тартибга солувчи зарур ҳуқуқий-меъёрий асос яратилди, унинг инфратузилмасини ривожлантириш, миллий қадриятларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, маданий мерос объектларини тиклаш ва таъмирлаш, уларнинг атрофини ободонлаштириш бўйича тизимли ва кенг миқёсли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, гўзал табиат ҳамда бағрикенг ва самимий одамлар ҳам туризмни ривожлантириш омили бўлмоқда.

 

Бутун дунёдан ташриф буюраётган туристлар узоқ ўтмишдан ҳикоя қилувчи қадимий ёдгорликларга, халқимизнинг бетакрор табиати ва миллий қадриятларига катта қизиқиш билдиришмоқда.

 

Партиямизнинг фикрича, туризм Ўзбекистон халқининг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш, бу бойликнинг жаҳон демократик ҳамжамияти томонидан умумбашарият тарихий меросининг ажралмас бир қисми сифатида тан олиниши мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини шакллантиришда, шунингдек, фуқароларни миллий ғурур ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашда самарали восита бўлиб хизмат қилади.

 

Аммо туризм бизни фақатгина маънавий-маърифий жиҳати билан жалб қилмайди. Туризм иқтисодиётнинг янада ривожланиш жараёнини тезлаштирувчи омил сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади. Хусусан, қўшимча иш ўринлари яратилишига, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини оширишга ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган қатор тармоқлари, инфратузилмаси ривожланишига туртки бўлиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашади.

 

Шундан келиб чиққан ҳолда, ЎзМТДП ўз Сайловолди платформасида туризмни ривожлантириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб олди.

 

Хусусан, сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланишини, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлишини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари ва умуман, сайёҳлик логистикаси билан боғлиқ барча хизматларнинг қулайлигини, туризм индустрияси хизматининг турли соҳаларига замонавий ахборот технологияларини жорий этишни таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар қабул қилишни таклиф этмоқда.

 

Хорижий меҳмонлар учун мамлакатимизнинг халқаро нуфузини, мафтункорлигини оширишда асосий омил бўладиган туристик фаолият объектларида, халқаро аэропортларда, вокзалларда кўрсатилаётган сервис ва хизматлар сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Шубҳасиз, туризм саноатига йўналтириладиган инвестициялар оқимини янада рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш, жумладан, хусусий капитал ва бизнесга имтиёз ва преференциялар бериш, туристик фаолият билан шуғулланадиган субъектлар томонидан тўланадиган солиқ ва мажбурий тўловлар ҳисобидан шаклланадиган Моддий маданият меросини қайта тиклаш ва капитал таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар кўрилади.

 

Туризм соҳасида кадрлар масаласи муҳим ҳисобланади. Замонавий менежмент, шунингдек, ватандошларимизга ва хорижий туристларга Ўзбекистоннинг ўтмиши ва ҳозирги куни тўғрисида ишончли ахборотни етказиш кўникмаларига эга бўлган кадрлар –  гид-экскурсовод, туристик ва меҳмонхона муассасалари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг миллий тизими самарадорлигини ошириш лозим. Экскурсоводлар ва туристик ташкилотлар Ўзбекистон халқининг нодир маънавий бойлиги ва тарихий мероси кўзгуси бўлган сайёҳлик объектлари хусусида зарур ахборотларни тақдим қилиш учун тайёр бўлиши лозим.

 

Республикамизда сайёҳлик йўналишлари дастурларининг ғоявий мазмунига оид қисмини янада бойитиш, маданий мерос ёдгорликларининг тарихи ва аҳамиятини очиб берадиган ҳар томонлама маромига етказилган материалларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни юқори босқичга кўтариш талаб қилинади.

 

Шунингдек, партия виза бериш тартибини, биринчи навбатда, биз билан узоқ муддатли стратегик шериклик алоқаларини ўрнатган ва барқарор туристик бозорга эга бўлган давлатлардан келаётган фуқаролар учун соддалаштириш, ўзаро визалар алмашиш соҳасида интерактив давлат хизматларини жорий этиш, мавжуд бюрократик тўсиқларни, хорижий ва маҳаллий туристлар учун расмиятчиликни бартараф этиш бўйича муайян ташкилий чора-тадбирларни кўриш керак, деб ҳисоблайди.

 

“Миллий тикланиш” демократик партияси Ўзбекистонда экотуризмни кенг ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё этилганлигини эътироф этади. Шу билан бирга, юртимизда туризмнинг ушбу йўналишини ривожлантириш, алоҳида қўриқланадиган ноёб табиий ҳудудларни келиб кўриш тартибини такомиллаштириш талаб этилади. Туризмнинг таълим, илмий ва спорт-соғломлаштириш сингари турларини ривожлантириш учун ҳам шарт-шароит яратиш зарур.

 

Туризмни ривожлантириш бўйича умумий саъй-ҳаракатларнинг узвий қисми, дарҳақиқат, миллий таомларни, тижорат маҳсулотларини янада кенг тақдим этиш ҳисобланади. Ўзбекистон миллий таомлари ўзининг ноёблиги, турфалиги, ўзига хос ошпазлик анъаналари билан ажралиб туради, чуқур тарихий илдизларга эга, дунёнинг жуда кўплаб мамлакатларида кенг ном қозонган ҳамда республикага ташриф буюрган меҳмонлар орасида шарқона меҳмоннавозликнинг рамзига айланган.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз фаолиятида иқтисодиёт соҳасидаги масалаларга алоҳида аҳамият қаратади. Шу ўринда қайд этишни истардикки, ЎзЛиДеП, одатда, ўзини республика иқтисодиётини ривожлантириш бўйича асосли таклифларни илгари сурадиган нуфузли партия, деб ҳисоблайди. Партиянинг Сайловолди платформасини синчиклаб ўрганганимизда, партия ўзига хос усулда ўз ғояларини амалга оширишни режалаштираётган иқтисодиётнинг деярли барча йўналишларини санаётгани аён бўлади. Бизнингча, мазкур ғоялар муайян даражада аниқликдан холи бўлиб, иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича умумий йўналишларни санаш билан чекланилган, холос. Мақбуллаштириш, такомиллаштириш, мустаҳкамлаш, кенгайтириш ва ривожлантириш сингари таърифларнинг ишлатилиши партияга ўз ғояларини амалда рўёбга чиқаришни, холис кўрсаткичлар ва йўналишлар асосида уларнинг натижаси ҳамда самарадорлигини эҳтимолий баҳолашдан узоқлашишга шароит яратади.

 

Умуман, партиямизнинг янги Сайловолди платформасида белгиланган долзарб мақсад ва вазифалар мамлакатимиз ривожи ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилади. Партиямиздан сайланадиган барча даражадаги депутатлар ушбу мақсад-вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлашга кўмаклашади. Шу сабабли сиз, азиз юртдошларни ЎзМТДП номзодларини қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

 

Азиз сайловчилар! Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда кучли миллий иқтисодиётни шакллантиришни мақсад қилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодларига овоз беринг!

 

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,

Ғайрат ҚОДИРОВ,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзолари.

7514

26Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар