Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Манзилли ижтимоий сиёсат – муваффақиятли келажак гарови

Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча соҳаларини либераллаштириш амалга оширилмоқда ва юз бераётган ўзгариш ҳамда янгиланишларда “Ислоҳотлар ислоҳот учун эмас, балки инсон учун” тамойили алоҳида аҳамият касб этаяпти.

 

Бу борада ижтимоий барқарорлик ва давлатни изчил ривожлантиришни таъминлаш масалалари фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг энг муҳим омиллари бўлмоқда.

 

Шу боис Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг устувор вазифаларидан бири иқтисодиёт, тадбиркорликни барқарор ривожлантириш, инсон омилига сармоя киритиш ҳисобига ижтимоий соҳани мустаҳкамлашдан иборатдир. Булар эса, ўз навбатида, мамлакат аҳолисининг фаровонлиги ўсишига хизмат қилади.

 

Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ўтиш учун танланган йўл аҳоли фаровонлиги юксалиши, сиёсий барқарорлик ва жамиятнинг жадал ривожланишига ишончли кафолат бўлиб хизмат қилиши, кучли ижтимоий сиёсат эса республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишини намоён этмоқда. Бугун ижтимоий соҳани мустаҳкамлаш – Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Давлат бюджети маблағларининг 60 фоизидан зиёди ушбу соҳага йўналтирилаётганлиги мазкур масала нечоғли муҳимлигини кўрсатмоқда.

 

Ижтимоий соҳада юз бераётган ўзгаришлар ҳақида сўз борганда, бугунги кунда ушбу йўналишда самарали сиёсат юритиш имконини яратаётган мустаҳкам қонунчилик базасига эътибор қаратиш зарур. Сўнгги йилларда бевосита аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир 30 дан ортиқ қонунлар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатишни кучайтириш, баркамол авлодни тарбиялаш, шунингдек, бошқа масалаларни ҳал этишга қаратилган фармон ва қарорлари қабул қилинди. Пировардида бугунги кунда республикада фуқароларни муҳофаза этишнинг ноёб модели ишлаб чиқилган. Бунда маҳаллага алоҳида ўрин ажратилган, чунки фуқаролар ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб органи орқали, ҳақиқатан ҳам, муҳтож одамларга мақсадли ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Мазкур механизм қонунчилик асосида мустаҳкамланган.

 

Ижтимоий сиёсатда қишлоқ аҳолисининг тураржойлари қиёфасини тубдан ўзгартириш, намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойларни қуриш, қишлоқда янги инфратузилмани шакллантириш орқали улар турмуш шароитини янада яхшилашга катта аҳамият берилмоқда. Мазкур соҳадаги ўзгаришларнинг муҳим воситаси қишлоқ туманларида тураржой ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш ҳамда барпо этиш бўйича Давлат дастуридир. Фақат 2014 йилнинг ўзида 388 қишлоқ тураржой массивларида умумий майдони 1,5 миллион квадрат метрга тенг 11 мингта намунавий уй-жой қурилиши амалга оширилмоқда.

 

Бу борада зарур инфратузилма билан таъминланган замонавий тураржой массивларини, айниқса, қишлоқ жойларда барпо этиш, аҳоли сув таъминотини яхшилаш бўйича лойиҳаларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилишини таъминлаш, йўл бўйлаб инфратузилмани ривожлантириш партиянинг устувор вазифалари қаторидан жой олган.

 

Партия фикрича, уй-жой-коммунал хўжалиги ва инфратузилмани хусусий капитал учун жозибадор рақобат бозорига айлантириш, коммунал хўжалик тармоғида инновация ҳамда технологиялар маҳаллий кластерини – асбоб-ускуналар ишлаб чиқувчилари, ишлаб чиқарувчилари, бошқарувчи компанияларни шакллантириш зарур.

 

Шубҳасиз, аҳоли фаровонлиги ҳақида сўз борганда, одамлар даромадлари ўсиши, уларнинг бандлигини таъминлаш тўғрисида гапирмаслик мумкин эмас. Масалан, 2013 йилда аҳолининг реал даромадлари 16 фоиз ўсди, бюджет ташкилотлари ходимлари ўртача иш ҳақи, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва стипендиялар миқдори 20,8 фоиз ошди. Жумладан, иш ўринларини ташкил қилиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳудудий дастурлари самарали ижроси туфайли 2013 йилда қарийб 970 минг киши ишга жойлаштирилди, уларнинг 60,3 фоизидан ортиғи қишлоқ жойларида яратилди. Мазкур саъй-ҳаракатларда ЎзЛиДеП электорати – кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари, фермерлар, ишбилармонлар бевосита иштирок этди. Яратилган иш ўринларининг 76,5 фоиздан ортиғи уларнинг улушига тўғри келади. Шу боис партия кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни янада ривожлантириш, марказда ҳамда ҳудудларда қулай бизнес муҳитини шакллантиришни аҳолини ишга жойлаштириш вазифаларини ҳал этишнинг энг муҳим шарти, деб ҳисоблайди.

 

Алоҳида таъкидлаш зарурки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, фармацевтика, замонавий озиқ-овқат ҳамда текстиль саноати, хизмат кўрсатиш соҳаси каби муҳим тармоқларида ва бошқа қатор жабҳаларда жадал ривожланмоқда. Бунда мустақиллик йилларида хизмат кўрсатиш соҳаси мамлакат иқтисодиётининг энг истиқболли ва фаол ривожланаётган тармоқларига айланди. Агар 2000 йилда хизматлар улуши ЯИМда 37 фоизни ташкил этган бўлса, мазкур кўрсаткич 2013 йил якунлари бўйича 53 фоизга етди. Ушбу йиллар давомида мобиль алоқа ва ахборотлаштириш, компьютер дастурлаш, консалтинг, юридик ҳамда аудиторлик хизматлари, риэлторлик ва брокерлик хизматлари, автосуғурта, технологик ускуналарни таъмирлаш ҳамда сервис хизматлари кўрсатиш каби замонавий хизматлар тури ва молиявий хизматларнинг янги турлари, шу жумладан, лизинг, электрон банкинг пайдо бўлди. Бугунги кунда уларнинг хизматлар умумий ҳажмидаги улуши 20 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.

 

ЎзЛиДеП тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам фаол иш олиб бормоқда. Ўтган йили мамлакатда касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчилари ишга жойлаштирилди. Ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган йигит-қизларга эса 140 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилди. Улар сонини кўпайтириш учун партия касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчилари ўртасида тадбиркорлик фаолияти асосларини фаол оммалаштирмоқда. Бу каби ёшларнинг аксарияти ЎзЛиДеП ҳудудий бўлимларига ёрдам ҳамда маслаҳат сўраб мурожаат этган, либерал-демократлар томонидан ташкил қилинган турли танловлар ва семинарларда қатнашган. Бундай саъй-ҳаракатлардан бири “Ишбилармон талаба” лойиҳасидир. Тўрт йил давомида ушбу лойиҳада

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 70 мингдан зиёд ўқувчилари қатнашди, улардан 163 нафари ЎзЛиДеПнинг махсус йиллик стипендияларига сазовор бўлди. Лойиҳанинг турли йиллардаги 10 мингдан ортиқ иштирокчилари бугунги кунда ўз бизнесини муваффақиятли юритмоқда.

 

Ижтимоий соҳадаги либерал ислоҳотлар ҳақида сўз кетганда, амалга оширилаётган “Соғлом бола йили” Давлат дастурини алоҳида таъкидлаш зарур. У жисмонан соғлом, руҳан етук ва баркамол авлодни шакллантириш борасида кенг чора-тадбирлар комплексини амалга оширишга қаратилган.

 

Бу борада ёш навқирон авлод ўртасида спортни оммалаштириш муҳим аҳамият касб этиб, уни ривожлантириш масалалари ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар тизимида муҳим ўрин тутади. Сўнгги беш йил давомида давлатимиз раҳбарининг болалар спорти объектларини барпо этишнинг манзилли дастурларини тасдиқлашга бағишланган қатор қарорлари қабул қилинди. Республикада ниҳоятда кенг қамровли, бошқа ерда, эҳтимол, кузатилмайдиган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Булар, авваламбор, уч босқичли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақаларидир. Буларнинг барчаси болаларни спортга тўлиқ жалб этишга хизмат қилади. Жумладан, фақат сўнгги икки йил мобайнида спорт билан шуғулланаётган болалар сони 5,3 фоиз ўсди. Бу борада партия давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ёш авлодни спортга жалб қилиш борасидаги сиёсатни қўллаб-қувватлайди, спорт заллари ва мажмуалари моддий-техника базаси мустаҳкамланиши тарафдоридир. Бундан ташқари, либерал-демократлар доимий равишда ҳудудларда турли спорт тадбирлари ҳамда фестивалларини ўтказмоқда, янги спорт майдончалари яратилишининг ташаббускори бўлмоқда. Бунга тадбиркорлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари жалб этилмоқда.

 

Соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш масалалари ҳам ЎзЛиДеП учун устувор аҳамиятга эга. 1998 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган соҳани ислоҳ этиш бўйича Давлат дастури тиббий хизмат кўрсатиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатишнинг жамоат моделини яратишга кўмаклашди. Бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мустаҳкам негизи бўлган “Соғлом она – соғлом бола” миллий модели ҳаётга муваффақиятли татбиқ этилмоқда. Бундан ташқари, республикада сифат жиҳатдан янги, барча юксак талабларга жавоб берадиган, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича марказларни қамраб олган тиббий муассасалар тармоғи яратилган. Шунингдек, вилоятларда кўп тармоқли клиникалар иш юритмоқда, барча туманларда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари шакллантирилди. Буларнинг барчаси инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш ва турмуш сифатини яхшилашга қаратилган. Натижада мустақиллик йилларида одамларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги 67 ёшдан 73 ёшгача, жумладан, аёлларнинг ўртача умри 75 ёшгача етди. Оналар ва болалар ўлими даражаси 3 баробардан кўпроқ пасайди. Партиямиз соғлиқни сақлашнинг ўзини ижобий жиҳатдан намоён этган хусусий шаклларини амалиётга янада кенг жорий этиш тарафдори. ЎзЛиДеП хизматлар сифатини ошириш, хусусий тиббий муассасалар томонидан аҳолига малакали ёрдам кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратади. Бунда замонавий тиббиётнинг энг сўнгги ютуқларини жорий этиш ҳисобига хусусий капитални жалб қилган ҳолда, аҳолига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш асосий ўрин тутади.

 

Давлатимизнинг ижтимоий сиёсати диққат-эътиборида аёллар масаласи ҳам бор. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатда аёлларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча зарур шарт-шароит яратилмоқда. Мамлакатимиз раҳбарияти оналик ва болаликни ҳуқуқий, иқтисодий ҳамда ижтимоий муҳофаза қилиш муаммосини жамиятнинг устувор вазифаларидан бири сифатида давлат сиёсати даражасига олиб чиқди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон биринчилар қаторида БМТнинг Хотин-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш конвенциясини ратификация қилди.

 

Бугунги кунда Ўзбекистон хотин-қизлари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари саналади. Жумладан, иқтисодиёт соҳасида жами банд бўлганларнинг 46,7 фоизини аёллар ташкил этади, таълим, маданият, фан, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда эса ушбу кўрсаткич 70,6 фоиздан зиёддир. Ўзбекистонда 20 мингдан ортиқ тадбиркор аёллар фаолият юритмоқда, уларнинг асосий қисми партиямиз аъзолари саналади. Бу борада Ўзбекистон эришилган натижаларда тўхтаб қолмай, аёллар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттирмоқда. Масалан, ҳозирги кунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш доирасида уларнинг бандлиги учун имкониятлар яратилмоқда, аёллар тадбиркорлиги, айниқса, қишлоқ жойларида қўллаб-қувватланмоқда, опа-сингилларимиз касаначиликка жалб этилмоқда.

 

Партия қошида “Аёллар қаноти” фаолият юритмоқда, у бевосита аёлларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги иштирокини ошириш масалалари билан шуғулланади. Тўрт йил давомида партиянинг мазкур тузилмаси томонидан 11 мингта тадбир ўтказилди, уларнинг ҳар бири аниқ мақсадга эришишга қаратилди. Улар доирасида қарийб бир миллион аёл қамраб олинди. ЎзЛиДеП туфайли уларнинг аксарияти маслаҳат ва кўмак олди, ўз ишини йўлга қўйди, малака оширди, кредитга эга бўлди. Партия доимий асосда қизлар ва ташаббускор аёлларни ўз сафига жалб қилиш борасида мақсадли ишларни амалга оширмоқда. Шу ўринда бир маълумот: агар беш йил аввал аёллар партия сафига тарғибот-ташвиқот ишлари туфайли аъзо бўлган бўлса, ҳозирги кунда улар бу борада ўзлари фаоллик кўрсатмоқда. Ва бу, шубҳасиз, партиямизда нафақат аёлларнинг сони ошишидан, балки уларнинг умуман мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллиги суръати ўсганидан далолат беради. Мустақиллик йилларида республикамизда аёлларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатларини муҳофаза этишга қаратилган 80 дан зиёд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Яна шуни эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда қонунчилик асосида Олий Мажлисга ҳар бир сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг умумий сонида аёллар учун 30 фоизлик квота жорий этилган.

 

ЎзЛиДеП 2014 йилги Сайловолди платформасида ўз устуворликлари ўзгармаслиги ва аёлларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига жалб қилиш бўйича белгиланган йўналишни давом эттириши ҳақида аниқ баён қилган. Партия аёллар учун тадбиркорлик, интеллектуал меҳнат, жамият ва давлат қурилиши ҳамда бошқа соҳаларда ўзини намоён этиши учун зарур шароитларни яратишга интилмоқда.

 

Умуман олганда, ЎзЛиДеП ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларга кўмаклашишни устувор вазифалардан бири сифатида кўрмоқда. Партиянинг барча ташаббуслари негизида энг муҳим ғоялардан бири – давлат ва жамият ҳаётини либераллаштириш мужассам. Биз учун энг асосийси мамлакатимиз ва халқимиз келажаги ҳақида қайғуриш бўлиб, либерал-демократлар Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой эгаллаши учун барча куч ва салоҳиятини сафарбар этади.

 

Сизларни ЎзЛиДеП номзодларига овоз беришга чақирамиз.

 

Дилобар МИРРАҲИМОВА,

Рустам ҚОБИЛОВ,

ЎзЛиДеП аъзолари.

7963

27Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар