Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Мақсад – ижтимоий адолатни ўрнатиш

Маълумки, социал-демократия – ижтимоий адолат ва ижтимоий шерикликка асосланувчи сиёсий йўналиш ҳисобланади. Социал-демократия мафкурасининг бош негизини ижтимоий ҳимоя ташкил этар экан, демак, унда инсоний меҳр-оқибат ва мурувват, бағрикенглик марказий ўринда туриши билан аҳамиятлидир.

 

Ушбу мафкура дунёнинг турли мамлакатлари тажрибасида синовдан муваффақиятли ўтган бўлиб, ҳозирги вақтда ўзининг ҳар томонлама самарали эканлигини кўрсатмоқда.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди платформасида социал-демократиянинг асосий тамойиллари ўз аксини топган. Шуниси диққатга сазоворки, бунда партиянинг мафкураси хорижий мамлакатлар амалиётида тўпланган илғор замонавий тажрибаларни буюк аждодларимиз яратган фозил жамият барпо этишга доир миллий мерос билан уйғунлаштириш асосида ишлаб чиқилган.

 

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга катта аҳамият берилиб, бу борада бир қатор қонунлар, фармон ва қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди ҳамда уларда кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш бўйича изчил чора-тадбирлар белгиланди.

 

Республикамизда “Ижтимоий ҳимоя йили”, “Обод турмуш йили”, “Соғлом бола йили” каби давлат дастурлари қабул қилиниши ҳамда рўёбга чиқарилиши муносабати билан кенг кўламли ижтимоий ҳимоя чора-тадбирлари амалга оширилиши бугун ўз самарасини бераяпти. Пировардида аҳолининг фаровонлик даражаси барқарор суръатларда юксалиб, оилаларнинг даромади ортмоқда. Ўз навбатида, халқимизнинг онг-шуури, фикрлаши, дунёқараши ҳам ўзгарди.

 

“Адолат” СДП одил фуқаролик жамияти қурилишида бундан кейин ҳам давлатнинг яратувчанлик роли кучайиши тарафдори. Биз айни пайтда жамиятда янада катта ўзгаришларга олиб келиши ҳамда фуқароларга кўмак кўрсатиши учун ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг оқилона ва самарали сарфланишини ёқлаб чиқамиз.

 

Партия кучли ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаш, давлат ижтимоий дастурларини бажаришда фаол иштирок этади. Шу билан бирга, жамиятимизда одамларнинг кескин ижтимоий табақаланиб кетишига йўл қўймаслик, аҳоли турмуш сифати кўрсаткичларини янада яхшилашга қаратилган аниқ саъй-ҳаракатларни амалга ошириш ҳам партиянинг бирламчи вазифаси бўлиб қолади. Биз ўзимизни анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат ғоясини қўллаб-қувватлашга қодир куч, деб биламиз.

 

Айни пайтда ижтимоий-иқтисодий масалаларни фақат давлат ҳокимияти органларининг самарали саъй-ҳаракатлари билан ҳал этиб бўлмайди. Тан олиш керак, ҳали-ҳануз айрим кишиларда боқимандалик кайфияти учраб турибди. Аниқроғи, бахт-саодатнинг асоси меҳнатда эканлигини англамай, ўз дангасаликларини хаспўшлаш мақсадида ҳаётларидаги муваффақиятсизликлар учун жамиятни айблайдиганлар, ҳар қандай вазиятда давлатдан моддий манфаат кўришни истайдиганлар ҳам йўқ эмас. Аслида, ҳар бир инсоннинг муваффақияти, тўкин ҳаёти замирида унинг, аввало, маънавий-ахлоқий дунёқараши бойлиги ва меҳнатсеварлиги, изланувчанлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис партиямиз адолатли, эркин фуқаролик жамиятида фуқароларнинг оила, давлат ва жамият олдидаги ижтимоий жавобгарлигини давлат зиммасига юклашларига йўл қўйиб бўлмаслигини қайд этади.

 

Шу сабабли партия ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, корхоналарда ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, бизнес тузилмаларнинг ижтимоий масъулиятини янада ошириш ва бу борада қонунчилик базасини такомиллаштиришни муҳим вазифа, деб ҳисоблайди.

 

“Адолат” СДП инсоннинг меҳнат манфаатини ҳимоя қилади ва уларнинг ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш талабини илгари суради. Албатта, ҳар бир ташкилот қошида ишчи-ходимларнинг манфаатини ҳимоя қилувчи касаба уюшмалари мавжуд. Бироқ тан олиш керак, ўтган давр мобайнида партия томонидан касаба уюшмалари аъзоларининг ваколатига оид қонунчиликни такомиллаштириш, мавжудларининг ижроси устидан назоратни кучайтиришда сусткашликка йўл қўйилди.

 

Шу боис партиямиз ҳар кимнинг меҳнат ҳуқуқи, эркин иш танлаш, адолатли шароитларда ишлаш, малакали тиббий хизматни кафолатлайдиган ва шулар орқали қулай турмуш шароитларини яратишга йўналтирилган қонунчилик устидан парламент ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришни мўлжалламоқда. Шунингдек, мазкур соҳада янги лойиҳа ва дастурларни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.

 

Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти юксалишида нафақат мулкдорлар, яъни иш берувчилар, балки уларнинг ходимлари хизмати катта эканлигини унутмаслигимиз даркор. Айнан шу туфайли партия ҳар бир ходим меҳнатига яраша муносиб ҳақ билан таъминланиши, унинг ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазаси ҳимоя қилиниши ҳамда тадбиркорлар учун қўлланилаётган солиқ имтиёзларидан мақсад ҳам айнан ходимларнинг моддий-маънавий манфаати назарда тутилиши эканлигини, уларнинг замонавий моддий-техника базаси билан таъминланишига шароит яратишдан иборат бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Биз айнан ушбу омиллар самарали ишласагина, жамиятда ижтимоий тенглик таъминланишига ишончимиз комил.

 

Бозор иқтисодиётининг энг муҳим шарти талаб билан таклифнинг мувофиқ келиши эканлигини инобатга оладиган бўлсак, меҳнат бозорида ҳам кеча талаб бўлган кадрларга бугун эҳтиёж сезилмаётган ёки аксинча бўлиши мумкинлиги сабабли касбий тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтларини янада ривожлантириш давр талабидир. Зеро, инсоннинг оиласида қачон фаровонлик, ободлик бўлади? Қачонки, одам шахс сифатида тўлиқ шаклланиб, ўзи ҳамда оиласига, юртига нафи тегса, ҳаётидан, ишидан кўнгли тўлса.

 

Партиянинг бош вазифаси мамлакатимиз таълим тизимининг фуқароларнинг комил шахс бўлиб шаклланишига йўналтирилган, мамлакатни янгилашни таъминлашда инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборатдир.

 

Юртимиз келажаги, кўп жиҳатдан, соғлом ва ҳар томонлама баркамол ёшларга боғлиқдир. Шу сабабли “Адолат” СДП эртанги куннинг қандай бўлишида ўсиб келаётган авлоднинг илмий салоҳияти билан бир қаторда уларнинг саломатлик кўрсаткичи ҳам муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Мамлакатимизда касалликларнинг профилактикасига, чекка қишлоқлардаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини яхшилашга хизмат қилувчи давлат дастурлари амалга оширилмоқда, Давлат бюджетининг учдан бир қисми соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётир. Партиямиз мазкур чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Зотан, сўнгги йилларда ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда аҳоли умри давомийлиги бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди, оналар ва болалар ўлими уч баробардан кўпроқ қисқарди. Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътирофини топмоқда.

 

Айни пайтда жаҳон айвонида янгидан-янги, ўта юқумли, ижтимоий хавфли касалликларнинг пайдо бўлаётгани “Адолат” социал-демократик партияси аъзоларини бефарқ қолдирмаяпти. Шу боис партия аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатига, профилактик тиббиётга бўлган эътиборни янада кучайтиришни илгари суради.

 

Шу ўринда бошқа сиёсий партияларнинг позициялари бўйича партиямизнинг фикрини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдик. Шундай қилиб, ЎзЛиДеПнинг ижтимоий соҳага дахлдор аксарият таклифлари соғлиқни сақлаш соҳасини хусусийлаштириш билан боғлиқлигини инобатга олсак, уларнинг мақсади аҳоли саломатлигини яхшилашдан кўра, маълум доирадаги кишиларнинг фойда орттиришига кўмаклашишдан иборат бўлиб қолганини таъкидлаш ўринлидир. Ёки бўлмаса, “Миллий тикланиш” демократик партияси мақсадларига эътибор қаратсак: ҳозирги фаолияти ҳамда янги Сайловолди платформасида ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайдиган ушбу соҳага етарлича эътибор берилмай, мавжуд ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш билан кифояланиб қолинаётгани, ечимини кутаётган масалаларнинг ҳал этилиши бўйича муқобил таклифларни назарда тутувчи аниқ механизм илгари сурилмаётгани ҳам ажабланарлидир.

 

Биз ўз саъй-ҳаракатларимизни соғлиқни сақлашнинг давлат секторини мустаҳкамлаш, айниқса, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларни сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш тизимини кучайтиришга йўналтирамиз.

 

“Адолат” СДП аҳолининг кенг қатламига кўрсатиладиган тиббий хизматнинг сифатини янада ошириш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситаларининг сотилишини олдини олиш тарафдоридир.

 

Шунингдек, маҳаллий дори-дармон ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш йўли билан дори воситаларининг таннархини пасайтиришга эришиш ҳамда тиббий муассасаларнинг сифат кўрсаткичи бўйича рейтингини тузиш ёрдамида аҳолига самарали фаолият юритаётган тиббиёт ходими ва муассасани танлаш имкониятини кенгайтириш талаб этилади. Фуқаролар ўзлари мурожаат қилаётган тиббий муассаса (хоҳ давлат, хоҳ нодавлат)да йўлга қўйилган даволаш амалиёти, хизматнинг самарали, сифатли эканлигига ишонч ҳосил қилишларига шароит яратиш зарур. Бунинг учун тиббий хизматлар сифати устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш талаб қилинади.

 

Партиямиз аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича давлат дастурларини қўллаб-қувватлайди. Жамиятда хотин-қизларнинг нуфузи, мақомини ошириш асосий мақсадларимиздан биридир. Галдаги асосий вазифа – хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳамда тиббий саводхонлигини ошириш, олий таълим ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирувчи қизларимизнинг назарий билимларини самарали амалиёт билан мустаҳкамлаш механизмини такомиллаштиришдан иборатдир.

 

Шу билан бирга, “Адолат” СДП оилани режалаштириш масаласида ахборот бериш ва амалий кўмак кўрсатиш, болалар тарбияси учун имтиёзлар бериш, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳамда сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирокини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат органлари барча бўғинларида қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кафолатлашга интилади.

 

Партиямиз ҳомийлик фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Биз ижтимоий шериклик имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида ҳомийлик фаолиятини янада ривожлантириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Хусусан, тизимли равишда хайрия, ҳомийлик ёрдамини берадиган ташкилот ва муассасалар учун солиқ имиёзларини қўллаш механизмини такомиллаштиришга ҳаракат қиламиз.

 

Дарҳақиқат, ёрдамга муҳтож инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан саналади. Ўз навбатида, ушбу қадрият айнан мустақиллик йилларида давлат сиёсати даражасига кўтарилди, бу борада зарур ҳуқуқий пойдевор яратилди. Чунончи, аҳоли фаровонлигини оширишда, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқлаш ва давлат томонидан ажратилаётган маблағларни тўғри тақсимлашда, мухтасар айтганда, ижтимоий адолат ўрнатилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари кенгайтирилди.

 

Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси маҳалла фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада такомиллашувида, унинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ўзаро яқин муносабатлари таъминланишида янги даврни бошлаб берди. Маҳалланинг аниқ йўналтирилган асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига, шунингдек, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш майдонига айланишини “Адолат” социал-демократик партияси ижтимоий адолатнинг тантанаси, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида адолат мезонларининг қадрият даражасига кўтарилгани сифатида қабул қилади.

 

“Адолат” социал-демократик партияси аҳолини аниқ манзилли ижтимоий муҳофаза этиш, дaвлaт ҳoкимияти вa бoшқaруви oргaнлaри билaн яқин мунoсaбaт ўрнатиш, жамиятда аҳиллик ва тотувликни таъминлашда маҳалланинг ўрнини ошириш лозимлигини ўз Сайловолди платформасида устувор вазифа сифатида илгари сурмоқда. Шу сабабли партия жойларда маҳаллалар билан ҳамкорликда аҳолининг ижтимоий-сиёсий маданиятини юксалтиришга қаратилган қатор тадбирларни амалга оширмоқда. Зеро, партиямизнинг асосий дастурий ҳужжатида мамлакатимиз келажаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан бевосита боғлиқ экани белгилаб қўйилган.

 

“Адолат” СДП сиёсий майдондаги бошқа рақобатчи партиялардан фарқли ўлароқ, халқаро миқёсда ноёб ижтимоий тузилма сифатида тан олинган маҳалла институтининг бундан кейин ҳам такомиллашуви, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш марказига айланиши учун унга қўшимча ваколатлар бериш тарафдоридир. Ҳар бир маҳалла ҳудудий дастурлар билан изчил боғланган ўзининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурига эга бўлиши керак. Бу эса “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили амалда намоён бўлишининг тасдиғидир. Партия ижтимоий-иқтисодий ҳаётда, аҳолининг ижтимоий муҳофазасида маҳалланинг аҳамияти ва таъсири янада кучайишига ҳаракат қилади.

Фикримиз сўнгида сайловчиларимизга қарата биз ўз олдимизга, бошқа рақобатчиларимиз сингари аҳолининг муайян бир табақа вакилларининг манфаатини ҳимоя қилишни эмас, балки жамиятда ижтимоий тенглик, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш орқали юртимизни янада тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини сақлаб қолиш мақсадини қўйганимизни алоҳида таъкидлаймиз.

 

Мухаррам ДАДАХОДЖАЕВА,

Кифоят ЭРМУХАММЕДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари.

7124

27Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар